15 июнь куни АҚШда футбол тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири — Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бошланди. Унда илк бор 32 та клуб иштирок этмоқда. Турнир “Интер Майами” ҳамда Мисрнинг “Ал-Аҳли” клублари ўртасидаги баҳс билан бошланди. Шу сабабли, қуйида мусобақага оид асосий фактлар билан таништиришни мақсад қилдик. Қатнашувчи жамоалар рўйхати, ўйинлар ўтказиладиган стадионлар, регламент ҳамда пул мукофотлари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этамиз.

Турнир формати қандай?
Янги форматдаги мусобақа 15 июндан 13 июлгача давом этади. Ҳар бир клуб гуруҳ босқичида учта ўйин ўтказади. Гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар кейинги босқич — 1/8 финалга йўл олади. 3- ва 4-ўринда қолган клублар эса турнирни тарк этади.

Гуруҳ босқичи 27 июнь куни якунланади. 1/8 финал учрашувлари 28 июндан 2 июлгача давом этади. Чорак финал беллашувлари 4 ва 5 июль кунларига режалаштирилган. Ярим финал баҳслари эса 8 ва 9 июль кунлари бўлиб ўтади. Турнирнинг финал учрашуви 13 июль куни ўтказилади. Учинчи ўрин учун ўйин белгиланмаган.
Қатнашувчилар рўйхати
Европа қитъаси (УЕФА) — 12 клуб:
Европа қитъаси иштирокчилар сони бўйича етакчилик қилмоқда — турнирда ушбу минтақадан 12 та клуб қатнашади. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини автоматик тарзда 2020/21 йилдан 2023/24 йилгача бўлган мавсумларда УЕФА Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган жамоалар қўлга киритган.

Бироқ “Реал Мадрид” мазкур даврда икки марта Чемпионлар Лигасида зафар қучганлиги боис, автоматик йўлланмани Европадан атиги уч клуб олди. Қолган клублар эса УЕФА коэффициэнтлар рейтинги (сўнгги тўрт йил натижалари асосида) орқали танлаб олинди.
Муҳим қоидага кўра, бир мамлакатдан турнирда икки клубгача иштирок этиши мумкин. Фақат истисно ҳолатда — агар бир давлатдан уч ёки тўрт клуб Чемпионлар Лигасини ютган бўлса — бу чеклов бекор қилинади.
- “Челси” (Англия) — 2020/21 йилги Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби
- “Реал Мадрид” (Испания) — 2021/22 ва 2023/24 йилги мавсум ғолиби
- “Манчестер Сити” (Англия) — 2022/23 йилги мавсум ғолиби
- “Бавария” (Германия) — рейтинг орқали
- “Пари Сен-Жермен” (Франция) — рейтинг орқали
- “Интер” (Италия) — рейтинг орқали
- “Порту” (Португалия) — рейтинг орқали
- “Бенфика” (Португалия) — рейтинг орқали
- “Боруссия Дортмунд” (Германия) — рейтинг орқали
- “Ювентус” (Италия) — рейтинг орқали
- “Атлетико Мадрид” (Испания) — рейтинг орқали
- “Зальцбург” (Австрия) — рейтинг орқали
Жанубий Америка (KONMEBOL) — 6 клуб:
- “Палмейрас” (Бразилия) — 2021 йилги Либертадорес Кубоги ғолиби
- “Фламенго” (Бразилия) — 2022 йилги ғолиб
- “Флуминенсе” (Бразилия) — 2023 йилги ғолиб
- “Ботафого” (Бразилия) — 2024 йилги ғолиб
- “Ривер Плейт” (Аргентина) — рейтинг орқали
- “Бока Хуниорс” (Аргентина) — рейтинг орқали
Шимолий ва Марказий Америка (КОНКАКАФ) — 5 клуб:
- “Монтеррей” (Мексика) — 2021 йилги Чемпионлар Лигаси ғолиби
- “Сиэтл Саундерс” (АҚШ) — 2022 йилги ғолиб
- “Пачука” (Мексика) — 2024 йилги ғолиб
- “Лос-Анжелес” (АҚШ) — саралаш ўйини ғолиби
- “Интер Майами” (АҚШ) — мезбон сифатида
Африка (КАФ) — 4 клуб:
Африка қитъасидан 4 клуб иштирок этади. Уларнинг иккитаси Африка Чемпионлар Лигаси ғолиб сифатида иштирок этса, иккитаси рейтинг асосида турнирда қатнашади.
- “Ал-Аҳли” (Миср) — 2020/21, 2022/23 ва 2023/24 йилги Чемпионлар Лигаси ғолиби
- “Видад” (Марокаш) — 2021/22 йилги ғолиб
- “Эсперанс” (Тунис) — рейтинг орқали
- “Мамелоди Сандаунс” (Жанубий Африка) — рейтинг орқали
Осиё (ОФК) — 4 клуб:
Осиё қитъасидан ҳам 4 та жамоа мусобақада иштирок этади. 3 та жамоа Осиё Чемпионлар Лигаси ғолиби сифатида қатнашса, бир жамоа рейтинг асосида йўлланмага эга чиққан.

- “Ал-Ҳилол” (Саудия Арабистони) — 2021 йилги Осиё Чемпионлар Лигаси ғолиби
- “Урава Ред Даймондс” (Япония) — 2022 йилги ғолиб
- “Ал-Айн” (БАА) — 2023/24 йилги ғолиб
- “Улсан” (Жанубий Корея) — рейтинг орқали
Океания (ОФК) — 1 клуб:
Океания минтақаси мусобақада битта клуб билан иштирок этади:
- “Окленд Сити” (Янги Зеландия) — минтақавий чемпион
Нега “Ливерпуль”, “Барселона” ёки “Ан-Насср” турнирда иштирок этмайди?
FIFA регламентига кўра, бир давлатдан фақат икки клуб Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиши мумкин. Шу сабабли, Англиядан “Челси” ва “Манчестер Сити” турнир йўлланмасини қўлга киритган. “Ливерпуль” эса фақат Европа Чемпионлар Лигасини ютган тақдирда турнирда қатнаша оларди. Худди шундай ҳолат “Арсенал” клубига ҳам тегишли.

“Барселона”га оид вазият эса бир оз бошқача. “Реал Мадрид” Чемпионлар Лигаси ғалабаси орқали турнирда иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлаган. Испаниядан иккинчи йўлланмани эса “Атлетико” ва “Барселона” клублари ўртасидаги рейтинг баллари ҳал қилган. Натижада, сўнгги тўрт йиллик коэффициэнт рейтингида юқори натижа қайд этган “Атлетико” турнирга йўл олди. “Барселона” учун эса икки марта Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан чиқа олмаслик қимматга тушди.
А Сериянинг “Наполи” ва “Милан” клублари ҳам турнирда қатнашмайди. Сабаби — “Интер” ва “Ювентус”нинг УЕФА рейтинги анча юқори бўлган.
Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” клуби ҳам турнирга йўлланма ола олмади. Сабаби — клуб сўнгги тўрт йил ичида Осиё Чемпионлар Лигасини ютмаган ва минтақавий рейтингда етакчилик қилмаган. Худди шу сабабга кўра, “Ал-Иттиҳод” ҳам турнирдан четда қолди.
Стадионлар ва шаҳарлар
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати АҚШнинг 11 шаҳрида жойлашган 12 та стадионда ўтказилади (Орландо шаҳри икки стадион билан иштирок этади). FIFA томонидан одатда йирик турнирлар вақтида стадионларнинг ҳомийлик номлари ўзгартирилади, бироқ бу сафар барча стадионлар ўзининг асл номини сақлаб қолади.

Мусобақанинг очилиш ўйини Майамидаги “Hard Rock Stadium”да бўлиб ўтди. Турнир финали эса Нью-Ёрк шаҳри яқинидаги “MetLife Stadium”да 13 июль куни ўтказилиши режалаштирилган.
- Энг катта арена: “Roze Bowl” (Лос-Анжелес, 88 500 томошабин)
- Энг кичик стадион: “Audi Field” (Вашингтон, 20 000 томошабин)
- 2026 йилги ЖЧ мезбон стадионларидан 5 таси КЎЖЧда ҳам ишлатилади: Майами, Сиэтл, Филаделфия, Атланта ва Ист-Ратерфорд
Молиявий мукофотлар
Турнир мукофот жамғармаси — 1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Ҳар бир ғалаба учун — 2 млн доллар, дуранг учун — 1 млн доллар мукофот берилади.
Плей-оффдаги мукофот пуллари қуйидагича:
- 1/8 финал — 7,5 млн доллар
- Чорак финал — 13,125 млн доллар
- Ярим финал — 21 млн доллар
- Финал — 30 млн доллар
- Ғолиб жамоага бериладиган мукофот — 40 млн доллар
Клубларга минимал даромад кафолатланган:
Яъни ҳар бир жамоа турнирда иштирок этгани учун маълум миқдорда мукофот олади.
- Европа: 12,81–38,19 млн доллар
- Жанубий Америка: 15,21 млн доллар
- КОНКАКАФ, Африка ва Осиё: 9,55 млн доллар
- Океания: 3,58 млн доллар.
Изоҳ (0)