Челябинск вилоят суди жума куни Россия олтин ишлаб чиқарувчилари бозорининг учинчи энг йирик иштирокчиси ҳисобланган “Южуралзолото”ни миллийлаштиришга қарор қилди. Бу ҳукумат томонидан хусусий активларни уруш шароитида мусодара қилиш бўйича навбатдаги кейс бўлди.

Россия Бош прокуратураси миллиардлаб доллар даромадга эга “Южуралзолото” компанияси ва у билан боғлиқ яна 10 та ширкатни давлат тасарруфига ўтказиш учун судга даъво аризаси киритган эди. Тергов доирасида компания офисларида кенг кўламли тинтувлар ўтказилган.
Прокуратура маълумотига кўра, компаниянинг собиқ раҳбари, шу билан бир вақтда сиёсатчи ҳисобланган Константин Струков давлат мулозими эканидан фойдаланиб, компанияни ноқонуний равишда ўзлаштирган. Даъвода айтилишича, у ширкатни очиқ акциядорлик жамиятига айлантириб, назоратини яқин одамлари ва Швейцария фуқароси бўлган қизи Александра Струковага топширган.
Константин Струков ўзининг хусусий самолётида Туркияга учиб кетмоқчи бўлган вақти Челябинск аэропортида тўхтатилган. Россия ФСБ ходимлари ундан хорижга чиқиш паспортини олиб қўйган.

Суд атиги икки кун давом этган ёпиқ эшиклар ортидаги жараёндан сўнг, компаниянинг барча активларини дарҳол давлатга қайтариш ҳақида ҳукм чиқарди. Компания вакиллари тўлиқ суд қарори эълон қилингач, апелляция бериш масаласини кўриб чиқишларини маълум қилишди.
Константин Струков ўзининг 1,9 миллиард доллар бойлиги билан Россиянинг 78-энг бой кишиси ҳисобланади. У Челябинск вилояти қонунчилик мажлисида раис ўринбосари ва ҳукмрон “Ягона Россия” партияси аъзоси ҳисобланади. Структов, шунингдек, расмий равишда “энг бой давлат мулозими” сифатида машҳур.
Унга тегишли “Южуралзолото” 2023 йилда 10,6 тонна олтин ишлаб чиқариб, 25 миллиард рубль (320 миллион доллар) даромад олган бўлса-да, компаниянинг соф зарари 7,2 миллиард рублни (90 миллион доллар) ташкил қилган.
Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланган 2022 йил февралидан буён Россияда 50 миллиард доллар қийматдаги хусусий мулк давлат томонидан мусодара қилинган. Бу маблағ мамлакатнинг йиллик бюджет тақчиллигига ёки ҳарбий харажатларининг учдан бирига тенгдир.
Изоҳ (0)