Лука Модрич ушбу мавсум якунида “Реал Мадрид”ни тарк этишини расман эълон қилди. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати унинг “Реал” либосида ҳаракат қилган сўнгги турнири бўлади.
Модрич 13 йил давомида Мадрид клубида фаолият юритди. У 26 ёшида клубга келиб, 39 ёшигача жаҳоннинг энг кучли ва юлдуз футболчилар жамоасида ўйнади. Унинг “Реал”даги фаолияти — чексиз буюклик ва ҳайратланарли фидойилик намунасидир. Деярли 600 ўйин ўйин ўтказган Лука жамоанинг энг кўп соврин қўлга киритган (28 та) футболчиси сифатида тарихда қолди.
Келинг, унинг энг муҳим ва унутилмас лаҳзаларини ёдга оламиз.
Буюклик сари йўл 2012 йил августда бошланди.
2012 йил ёз фаслининг сўнгги кунларида узоқ давом этган музокаралардан сўнг Модрич “Тоттенхем”дан 22,5 миллион евро эвазига “Реал”га ўтди. Трансфердан икки кун ўтиб, у Испания Суперкубоги доирасида “Барселона”га қарши ўйин ўтказди ва жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасида иштирок этди. Бу унинг “Реал”даги биринчи соврини бўлди — 36 соат ичидаёқ янги жамоадаги илк титул қўлга киритилди.

Бироқ, унинг Мадриддаги фаолияти осон кечмади. Модрич Моуриньонинг тизимига мослашишда қийналди ва кўп ўйинларда захирада ўтиришига тўри келди. 2012 йил охирида Marca нашри уни мавсумнинг энг ёмон трансфери сифатида баҳолади — ҳозир эса бунга ишониш қийин.

Лекин Модрич биринчи мавсумида ҳам ёрқин лаҳзаларни намойиш этди. 2013 йил март ойида у “Эл Класико”да биринчи голли узатмасини амалга оширди: Лука бурчак зарбасини ижро этди, Серхио Рамос гол киритди — “Реал” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейинчалик бу муваффақиятлар такрорланаверди.

Бир оз ўтиб, хорватиялик футболчи УЕФА Чемпионлар лигасида ҳам ўзини кўрсата бошлади. У “Манчестер Юнайтед”га қарши кечган 1/8 финал жавоб ўйинида узоқ масофадан чиройли гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. “Реал” охир-оқибат кейинги босқичга чиқди, аммо ярим финалда “Боруссия Дортмунд”га мағлуб бўлди. Модрич эса мутахассисларда яхши таассурот қолдира бошлади.

Кейинги мавсумда эса у янада кучлироқ эканини кўрсатди. 2013/14 йилги мавсумда клуб бош мураббийи Карло Анчелотти бўлди ва Модрич дарҳол асосий футболчилардан бирига айланди. Унинг буюклигини кўрсатган биринчи воқеа — ўша йилги Чемпионлар лигасининг финали эди.
“Реал” 12 йил ичида биринчи бор Европанинг энг асосий мусобақасида финалга йўл олган эди ва “Атлетико”га қарши баҳснинг сўнгги дақиқаларига қадар 0:1 ҳисобида ортда қолаётган эди. Модрич бурчак зарбасидан тўп узатди, Рамос 93-дақиқада ғалаба голини урди. “Реал” ўйинга қайтди ва қўшимча бўлимларда “Атлетико”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу “Реал” учун ўнинчи Чемпионлар лигасидаги ғалаба, Модрич учун эса биринчиси эди.

Лекин Анчелотти кейинги мавсумда ишдан олинди, чунки клуб совринсиз мавсум ўтказди ва барча кубокларни “Барселона” қўлга киритди. Ўша мавсумда Модрич жиддий жароҳатлар туфайли жами 6 ой майдондан ташқарида бўлди, бу эса Мадрид жамоаси ойинига жиддий таъсир ўтказди.

Кейинги йилларда Лука кўпроқ ўйинларда майдонга тушди ва “Реал” яна совринларни қўлга киритишни бошлади. 2015/16 йилги мавсумида Зинедин Зидан мураббий этиб тайинланди ва у Чемпионлар лигасидаги ғалабаларни узлуксиз давом эттирди. “Реал” Зидан бошчилигида биринчи Чемпионлар лигаси кубогини яна Мадрид дербисида (1:1, пенальтилар сериясида 5:3) қўлга киритди. Бу Модрич учун иккинчи ЧЛ соврини бўлди.

Кейинги йилда эса уларнинг сони учтага етди. 2016/17 йилги мавсумда “Реал” Испания Ла лигаси ва Европа Чемпионалр лигасида зафар қучди — Модрич илк бор Испания чемпиони бўлди. Финалда эса жамоа “Ювентус”га имкон қолдирмади. Ўша мавсумда Европанинг энг кучли ҳимояси 4 та гол ўтказиб юборди, Модрич эса Роналдунинг иккинчи голига ассист амалга оширди.

Бунга қадар ҳеч қайси жамоа янги форматдаги Чемпионлар лигасида кетма-кет икки бор ғолиб бўлмаган эди. Аммо “Реал” буни ортиғи билан амалга оширди ва 2017/18 йилги мавсумда учинчи бор мусобақа бош совринини қўлга киритди. Модрич ўша мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилди, Россияда ўтган Жаҳон чемпионатида Хорватия билан финалга қадар етиб бориб, турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида “Олтин тўп”ни қўлга киритди.

Модрич 11 ичида илк бор Месси ва Роналдуни ортда қолдириб, дунёнинг энг яхши ўйинчисига аталган “Олтин тўп” соҳиби бўлди. Айнан Лука уларнинг йиллар давомида ўрнатган ҳукмронлигини тўхтата олди?
Бироқ, Роналду “Реал”ни тарк этгач, жамоа қийинчиликларга дуч келди. Унинг кетганидан кейинги илк мавсумда жамоа, шу жумладан Модрич ҳам муваффақиятсиз мавсум ўтказди. Кейин секин-аста жамоа тиклана бошлади ва 2019/20 йилги мавсумда Ла Лига забт этилди.

2021 йилда Зидан иккинчи бор клубни тарк этди ва Модрич 36 ёшга тўлди. Бунга қўшимча равишда, Анчелотти жамога бош мураббий этиб тайинланди, у кўпчилик фикрича эскирган дунёқарашга эга мураббий эди. “Қироллик клуби” деярли ўн йил олдинги муваффақиятларни қайта тиклашга уринаётгандек таассурот қолдирди.
Бироқ, 2021/22 йилги мавсумда “Реал” яна Чемпионлар лигасида зафар қучди — бу клуб тарихидаги ўн тўртинчи, Модрич учун эса бешинчи ЕЧЛ кубоги эди. Лука чорак финал доирасида “Челси”га қарши ўйинда жамоани қутқарди — лондонликлар учрашувда устунлик қилаётган, ҳисоб эса 0:3 бўлган вақтда Модрич Родригонинг голига “тривела” услубида узатма берди, ҳисоб қисқарди – 1:3. Натижада “Реал” ўзига келди ва экстра-таймлардаги гол эвазига 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраса-да, дастлабки учрашувдаги ғалаба (3:1) сабаб ярим финалга йўл олди.

Шундан кейин “Реал” ҳар қандай шароитда Чемпионлар лигасини ютиши мумкинлигини кўрсатди. 2023/24 йилги мавсумда жамоа 15 марта ЕЧЛ кубогини қўлга киритди. Ўша мавсумда Лука майдонда катта рол ўйнамаган бўлса-да, финалда майдонга тушди. У ва Дани Карвахаль айнан шу даврда “Реал”нинг барча Чемпионлар лигасидаги финал ўйинларида асосий таркибда майдонга тушган футболчилари сифатида тарихга киришди.

Бундан ташқари, “Реал” Анчелоттининг иккинчи даврида яна икки марта Ла лигани ютди. Модрич ҳам бу йўлда жамоага беминнат ёрдам берди.

Луканинг жамоа либосида қўлга киритган жами 28 та титули мавжуд бўлиб, бу клуб рекорди ҳисобланади.

Модрич дунёнинг энг машҳур клуби тарихида абадий қолади. Қўшимчасига, у “Реал” тарихидаги гол урган энг кекса футболчи саналади. 2025 йилнинг январь ойида “Валенсия” дарвозасига гол киритганида хорватиялик футболчи 39 ёш 115 кунлик эди.

Бу — мураккаб трансфердан бошланиб, “Олтин тўп”, 6 та ЕЧЛ бош соврини ҳамда “Реал” тарихидаги энг кўп соврин ютган футболчиси мақомига эришгунча бўлган буюк йўл эди. Фақат Лука Модрич бунга қодир эди.
Изоҳ (0)