Оддий америкалик оиланинг сенбернар кучукчасини асраб олиши ҳақидаги “Бетҳовен” комедияси 30 йил олдин экранларга чиққан бўлса-да, ҳанузгача болалар билан бирга томоша қилиш мумкин бўлган севимли фильмлар қаторида туради.
Сара Роуз Карр
Ньютонлар уйига яширинча кириб келган кучукчани биринчи бўлиб оиланинг энг кичик фарзанди — 8 ёшли Сара Роуз Карр ижро этган Эмили исмли қизча топиб олади. Ёш бўлишига қарамай, у анча тажрибали актриса эди. Бунгача у учта кичик рол ўйнаганди, уларнинг энг кўзга кўрингани Арнольд Шварценеггер бош ролни ижро этган “Болалар боғчаси полициячиси” фильмидаги Эмма роли эди.
“Бетҳовен ” фильми муваффақиятидан сўнг Сара Роуз Карр яна учта лойиҳада суратга тушди, уларнинг энг йириги “Бетҳовен 2” эди. 2003 йилда у Флоридадаги хусусий санъат коллежига ўқишга кирди ва шундан сўнг актёрлик касбига қайтмади.
Кристофер Кастил
Ньютонларнинг ўртанча фарзанди Тед ролини Кристофер Кастил ижро этган. Унинг қаҳрамони — ўқувчилар томонидан хўрланадиган тортинчоқ, нимжон йигитча. Бетҳовен туфайли у бу муаммони енгиб ўтади ва фильмнинг ҳал қилувчи лаҳзасида жасурлик ва қатъиятлиликни намоён этади.
“Бетҳовен” фильмида суратга тушишдан олдин Кастил бир нечта сериалларда қатнашган. Уларнинг энг аҳамиятлиси — турмуш қурган ёлғиз ота-оналар Фрэнк ва Керол (Патрик Даффи ва Сюзанн Сомерс) ҳамда уларнинг аввалги никоҳларидан бўлган олти фарзанди ҳақидаги “Қадам-бақадам” ситкомидир. Сериал 1991 йилдан 1998 йилгача эфирга узатилган ва Кристофер Кастилнинг деярли бутун ижодий фаолиятини қамраб олган. “Қадам-бақадам” сериалидаги Марк Фостер роли учун у тўрт марта ёш актёр мукофотига номзод бўлган. Яна иккита номзодликни “Бетҳовен” ва “Бетҳовен 2” учун қўлга киритган. Кейинчалик Кастил актёрлик фаолиятини якунлаб, иқтисодиёт ўқитувчиси бўлиб ишлаган.
Никол Том
Ньютонларнинг катта қизи Райс (уни Никол Том ўйнайди) мактабдаги Марк исмли чиройли йигитни севиб қолади, аммо у билан гаплашишга ботина олмайди. Ақлли Бетҳовен уятчан эгасига орзу қилган танишувини амалга оширишда ёрдам беради.
“Бетҳовен” Никол Томнинг илк йирик роли бўлди. У бундан олдин икки сериалда эпизодик ролларда суратга тушганди. Фильм муваффақият қозонганидан сўнг, ёш актриса продюсерларнинг эътиборини тортди. У машҳур “Беверли-Хиллз 90210” сериалининг бир неча қисмларида иштирок этди, “Ваҳима” триллерида рол ижро этди, суперқаҳрамонлар мультсериалларида Суперқизга овоз берди. Унинг энг асосий иши “Энага” сериали бўлди. Бунда Том олти мавсумнинг барчасида асосий қаҳрамонлардан бири — Мегги Шеффилд ролини ижро этди.
Чарльз Гродин
Оила бошлиғи Жорж Ньютон ролини актёр Чарльз Гродин ижро этган. Унинг қаҳрамони ит ёқмайдиган ягона одамдир. Жорж жуда саранжом-саришта, тартибни ёқтирувчи одам, аммо айнан унга Бетҳовен нинг кўплаб шўхликларининг оқибатларини бартараф этиш тўғри келади. Жаноб Ньютоннинг итни ухлатишга осонликча рози бўлиши таажжубланарли эмас, фақат оиласига бўлган муҳаббати уни итни олиб келиш учун ҳайвонлар уйига қайтишга мажбур қилади.
Суратга олиш пайтида Чарльз Гродин 56 ёшда бўлиб, у 30 йиллик актёрлик тажрибасига эга эди. Шундай бўлса-да, “Бетҳовен” ва “Бетҳовен 2” фильмлари уни янада машҳур қилди. Кейинчалик у Рон Андервуднинг “Қалб ва руҳлар” номли мелодрамасида рол ижро этди ва “Сатурн” мукофотига номзод бўлди.
90 йилларнинг иккинчи ярмида актёр ўз карьерасида танаффус қилди ва фақат 2006 йилда “Собиқ ошиқ” романтик комедиясида бош қаҳрамон Софи (Amanda Пит)нинг отаси ролида экранларга қайтди. Фаолиятининг сўнгги йилларида Чарльз Гродин ток-шоуда бошловчилик қилган ва мемуар асар ёзган. Актёр 2021 йилда 86 ёшида суяк илиги саратонидан вафот этди.
Бонни Хант
“Бетҳовен” фильмидаги энг катта гонорарни Ньютонларнинг онаси ролини ижро этган актриса Бонни Хант олган. Унинг қаҳрамони Элис катталар орасида биринчи бўлиб болаларнинг итни қолдириш илтимосларига кўнади, сўнгра фильмнинг кўп қисмида итни ҳайдаб юборишга тайёр турган эрини тийиб туради.
Хант актриса бўлиш қарорига бирдан келмаган. У бир муддат ҳамшира бўлиб ишлаган, стендапда ўзини синаб кўрган ва 30 ёшга яқинлашгандагина катта кинода ўзини синашга қарор қилган. Унинг кенг экрандаги илк пайдо бўлиши Дастин Хоффман ва Том Круз билан “Ёмғир одами” фильмидаги официант роли эди. Кейингиси эса “Бетҳовен” бўлди.
1995 йилда у “Жуманжи” фильмида асосий роллардан бирини ижро этди. У “Оскар” мукофотига сазовор бўлган “Жерри Магуайр” драмасида, машҳур “Яшил мил” фильмида қатнашди, шунингдек, Шон Левининг “Катта оила” комедиясида оила онаси Кейт Бейкер ролини ўйнади. Бундан ташқари, Бонни Хант ўзининг “Бонни билан” номли шоусини яратди, бу шоу кўплаб нуфузли мукофотларга номзод бўлди.
Изоҳ (0)