13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронга қарши мисли кўрилмаган операцияни бошлаб, ядровий объектлар, ҳарбий базалар ва қўмондонлик таркибига зарба берди. “Шерлар миллати” деб номланган бу ҳужум, Исроил расмийларига кўра, Теҳроннинг кучайиб бораётган ядровий таҳдидига жавоб бўлди.
Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида ўнлаб одамлар, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори раҳбарияти ҳалок бўлди, Эрон эса шафқатсиз қасос олишни ваъда қилиб, ядровий дастур бўйича музокаралардан чиқди. 13 июнь куни кечқурун Эрон Исроилга қарши “Ҳақиқий ваъда 3” номли жавоб операциясини бошлади. Эрон Исроилнинг Димона шаҳридаги ядровий объектини нишонга олганини маълум қилинди.
Исроил ва Эрон ўртасида нима учун можаро келиб чиқди, у қандай ривожланди ва ядро уруши дунёга таҳдид солмоқдами?

Исроил нима учун Эронга зарба берди?
Исроил ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик 1979 йилдан Эронда шоҳ режими ағдарилиб, Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний бошчилигидаги шиа руҳонийлари ҳокимиятга келганидан буён давом этмоқда. У Эрон Исроил давлатининг мавжудлигини тан олмаслигини айтиб, уни тарихан араб ерларини босиб олишда айблайди. Сионизм эса ирқчилик мафкураси деб эълон қилинди.
Орадан 10 йил ўтиб, Руҳуллоҳ Ҳумайний ўрнига Оятуллоҳ Али Ҳоманаий келди. У Исроилни минтақанинг саратон ўсмаси деб атади ва Тель-Авивга қарши муқаддас уруш бошлашга чақирди. Қайд этиш лозим, ислом инқилобига қадар мамлакатлар иттифоқчи ҳисобланган.
Оятуллоҳлар режими ҳокимиятга келгач, Эрон Исроил билан алоқаларни узди ва ислом инқилобини экспорт қилиш ғоясини ривожлантира бошлади. 1980 йиллардан бошлаб Теҳрон Исроил атрофида ўз манфаатларига хизмат қиладиган гуруҳлар ва иттифоқчилар тизимини яратди. Исроил ва Ғарбга қарши норасмий коалиция “қаршилик ўқи” деб ном олди.

Шундай қилиб, Эрон 1982-2000 йилларда Ливанда Исроилга қарши курашган радикал шиа ташкилоти “Ҳизбуллоҳ”ни, Ямандаги ҳусийларга (“Ансор Аллоҳ” ҳаракати), Ғазо секторидаги ҲАМАС ва Сурияда Башар Асад ҳокимиятини фаол қўллаб-қувватлади.
2006 йилдаги Иккинчи Ливан урушида моҳиятан Исроил ва Эрон қарама-қарши томонлар эди. Худди шу нарсани Исроилнинг 2007 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан кейин Ғазо секторида ҳокимиятни эгаллаб олган ҲАМАС сунний ҳаракати билан уруши ҳақида ҳам айтиш мумкин.

Ядровий дастур – минтақага таҳдид
Бундан ташқари, 1950 йиллардан бошлаган ядровий дастур 80 йилларга келиб янада ривожлана бошланди. Мамлакат тинчлик мақсадларини ниқоб қилиб олган Теҳрон аслида ўз ядро қуролини ишлаб чиқараётганликда бир неча бор айбланган. Ушбу дастурнинг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, Исроил Эронни минтақадаги хавфсизликка асосий таҳдид деб ҳисоблай бошлади.
Бу вақт давомида мамлакатлар бир-бирига қарши фаол қўпорувчилик ҳаракатларини олиб бордилар. Шундай қилиб, 2015 йилда Исроил Суриядаги ҳарбий конвойга ҳужум қилиб, “Ҳизбуллоҳ”нинг бир неча аъзоларини ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (Эрон қуролли кучларининг элита тузилмаси) генерали Муҳаммад Али Аллоҳ-Додини йўқ қилди. Бунга жавобан “Ҳизбуллоҳ” Ливан билан чегарада Исроилнинг бир нечта автомобилини отиб ташлади. 2020 йилда Исроил ядро физиги, Эрон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Тадқиқотлар ва инновациялар маркази раҳбари Муҳсин Фахризодани йўқ қилди. 2021 йилда Эроннинг Натанз шаҳридаги ядровий иншоотда авария содир бўлди, 2023 йилда эса Исфаҳондаги ҳарбий заводга учувчисиз самолётлар ҳужуми уюштирилди. Иккала ҳужум ҳам Исроилга тегишли деб топилди. 2022-, 2023- ва 2024 йилларда Тель-Авив яна бир нечта юқори мартабали ИIQК ҳарбийларини йўқ қилди.

Исроил ва Эрон можаросининг асосий сабаблари
Эрон:
- Исроилнинг қонунийлигини тан олмайди.
- Исроилни араб ҳудудларини босиб олишда ва муқаддас жойларни, жумладан, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидини таҳқирлашда айблайди.Исроил:
- Эронни исломий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва ядровий дастурни ривожлантириш туфайли мавжудлигига таҳдид деб ҳисоблайди.
- Эрондаги антисемитизмни қоралайди.
2024 йилда давлатлар тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга яқинлашди. Жумладан, апрель ойида Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллигига ҳужум қилиб, ИIQКнинг икки генералини ўлдирди. Бунга жавобан Теҳрон Исроилга 300 дан ортиқ ракета ва дронлар учирди. Шундан сўнг Тель-Авив Исфаҳонга зарба берди. Июль ойида Исроил ҲАМАС етакчиси Исмоил Хонияни, сентябрда “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳни йўқ қилди.
13 июнь куни Исроилнинг Эронга ҳужумлари
2025 йил июнь ойида эса Исроил “Шерлар миллати” махсус операциясини бошлади. 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ҳудудига 40 йиллик можаро тарихидаги энг йирик зарбани берди. Мақсад Эроннинг асосий ядровий объектлари, жумладан, Натанздаги марказ, шунингдек, ядровий дастур учун масъул бўлган ҳарбий раҳбарият ва олимлар эди.
Исроилда операцияни профилактик зарба деб аташди. Исроил мудофаа армияси (САХАЛ) маълумотларига кўра, Теҳрон аллақачон ядровий қурол яратишга анча яқинлашган. Reuters агентлиги эса Исроил ҳарбий амалдорига таяниб хабар беришича, Эрон 15 та ядровий бомба яратиш учун етарли ресурсларга эга. Исроилнинг фикрича, Эрон бу қуроллардан душманга ҳужум қилиш учун фойдаланишга тайёр эди.
“Исроил давлатининг бошқа танлов имкони йўқ эди. Исроил мудофаа армияси Исроил давлати фуқароларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилиши шарт ва шундай давом этади”, деди Исроил мудофаа армияси матбуот хизмати.

Исроилнинг 13 июндаги зарбалари натижалари:
- Исроилнинг 200 дан ортиқ ҳарбий самолёти Эрон ҳудудидаги 100 дан зиёд нишонларга ҳужум қилди:
- ядровий объектлар, жумладан кейинчалик радиоактив ифлосланиш аниқланган Натанздаги ер ости маркази (бошқа ядровий объектлар асосан зарар кўрмади);
- баллистик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводлар;
- ҳарбий базалар ва қўмондонлик пунктлари;
- ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракета қурилмалари.
Эрон ОАВ маълумотларига кўра, камида 78 киши ҳалок бўлган, яна 329 киши жароҳат олган.
Теҳронда юқори мартабали ҳарбийлар учун қурилган турар-жой мажмуалари вайрон қилинди.
Исроил Эроннинг асосий ҳарбий раҳбарларини йўқ қилди: ИРГC қўмондони Ҳусайн Саламий, Бош штаб бошлиғи Муҳаммад Бақерий, ИРГC элита бўлинмаси қўмондони Ғулом Али Рашид, ИРГC ҳаво кучлари қўмондони Али Ҳажизода, шунингдек, олти нафар ядро физиги.
Бунга жавобан Эрон Исроил томон 800 та дрон учирди, уларнинг аксарияти, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Иордания кучлари томонидан йўқ қилинди. Мамлакат раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Тель-Авивга шафқатсиз жавоб беришни ваъда қилди.
13 июнь куни кечқурун Эрон Исроилга қарши “Ҳақиқий ваъда 3” номли жавоб операциясини бошлади. Эрон Исроилнинг Димона шаҳридаги ядровий объектини нишонга олганини маълум қилинди.
Эроннинг Исроилга қарши амалга оширган тўрт босқичли ракета ҳужуми оқибатида 3 киши ҳалок бўлди ва камида 70 киши жароҳат олди.

Можаронинг эҳтимолий оқибатлари: Кенг кўламли уруш хавфи
Исроил ва Эрон бир-бирининг ҳудудига жиддий зарбалар бераётганига қарамай, кенг кўламли тўқнашув ҳақида ҳозирча гап йўқ. Аммо мамлакатлар ўртасида уруш бошланиши хавфи жуда юқори.
Бундан ташқари, The Wall Street Journalъга маълум бўлишича, Исроил икки ҳафта давомида Эронга ҳужум қилишни режалаштирмоқда.
Эроннинг ядровий келишувдан чиқиши
15 июнь, якшанба куни Уммонда АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий келишув бўйича музокараларнинг олтинчи раунди бўлиб ўтиши керак эди. Шундан сўнг Исроил Эронга ҳужум қилиши кутилган эди, фақат у келишувни имзоламаган тақдирда.
13 июндаги ҳужумдан кейин Эрон миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича комиссияси аъзоси Алаэддин Боружерди музокаралар ўтказилиши мумкинлигига шубҳа билдирди. Эроннинг жавобидан сўнг, мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи “сионистик режим”нинг тажовузкорлиги келишувдан чиқишга сабаб бўлганини билдирди.
“Биз дипломатик йўлда эдик, уммонлик ҳамкасбларимиз билан АҚШ вакиллари билан музокараларнинг янги босқичида иштирок этиш бўйича маслаҳатлашдик, аммо "сионистик режим"нинг тажовузкорлиги бизни дипломатик йўлдан четга чиқишга мажбур қилди”, деди Аббос Аракчи
Изоҳ (0)