1979-йилда Россиянинг Брянск шаҳрида суд 58 ёшли аёлни ўлим жазосига ҳукм қилади. Аёл Иккинчи жаҳон уруши пайтида немисларга сотилган ва кўплаб совет фуқароларини ўлдирганди. КГБ томонидан узоқ йиллар қидирилган аёл тасодифан қўлга тушади. Сўнг гувоҳлар унинг ҳақиқатдан сотқин бўлганини тасдиқлашади. Хўш, аёл узоқ йиллар давомида қандай яшириниб юрганди?
Бугун Иккинчи жаҳон уруши давридаги сотқинлик ҳақида гап кетганда, Сталин ва Берия томонидан сотқинликда айбланиб, ўз юртидан қувилган халқлар эсланади.
Жумладан:
Қорачой АССРда (автоном республика) яшовчи қорачойлар 1943 йил 12 октябрда;
Қалмиқия АССРда яшовчи қалмиқлар 1943 йил 27 декабрда;
Чечен-ингуш АССРда яшовчи чеченлар ва ингушлар 1944 йил 29 январда;
Болқор АССРда яшовчи болқорлар 1944 йил 24 февралда;
Қрим АССРда яшовчи қрим-татарлар 1944 йил 10 майда;
Гуржистонда яшовчи месхети турклар 1944 йил 14 ноябрда қувғин қилинади.
Қувғин қилинганларни ватанга хиёнатда айблашган. Қрим-татар, чечен, ингуш, қалмиқ, болқорлар немисларга жосуслик қилишда айбланган бўлса, месхети турклар Туркия фойдасига жосусликда айбланган.
Бироқ кейинчалик СССР парчаланиб кетгандан сўнг маълум бўлдики, Иккинчи жаҳон уруши пайтида энг кўп рус миллатига мансуб кишилар сотқин бўлган ва немисларга хизмат қилган.
Шу сабабли агар қайсидир миллатни “немисларга сотилгани” учун айблаш керак бўлса, биринчи навбатда русларнинг ўзини айблаш тўғрироқ бўларди.

Шу ўринда генерал Власовни эслаш кифоя. Уруш айни авжига чиққан ва ҳар бир аскарнинг ўрни муҳим бўлган пайтда миллати рус бўлган бу генерал қўл остидаги катта армия билан немисларга жангсиз асир тушади.
Ўшанда Власовнинг бу иш совет армиясининг кучсизланишига ва урушнинг янада узоқ давом этишига сабаб бўлади.
Ана шундай вазиятда Сталин ва Бериянинг ҳақиқий сотқинлар қолиб, айби бўлмаган бошқа миллатларни сотқинликда айблаши ва уларни ўз ватанидан бадарға қилиши “грузин ҳамда рус бўлмаганлар”дан ўч олишдан бошқа нарса эмасди.
Адолатсиз совет тузуми уруш тугагандан сўнг узоқ йиллар давомида генерал Власов ҳақида гапиришни ва ёзишни тақиқлаб қўяди. Ноҳақ айбланиб, сургун қилинган миллатлар урушдан кейин ҳам ҳар қадамда камситилиб турилганда генерал номини эслашга тақиқ қўйилишига сабаб бор эди.
Яъни СССРда ҳукмрон миллат бўлган руслар энг кўп сотқин ўзларидан чиққанини эслашни хоҳлашмас, шу сабабли рус сотқинлари ҳақидаги маълумотлар оммадан яшириларди.
Бу жараён қисман бугун ҳам давом этмоқда. Кейинги йилларда Гитлер Германияси устидан қозонилган ғалабани фақат “ўзиники” қилиб олган Россиянинг “псевдо” тарихчилари, шовинист сиёсатчилари генерал Власовнинг сотқинлигини оқлаб, “Бошқалар панд бергани учун у ўшанда мажбур бўлган эди” деб хаспўшлашга ҳам уринишмоқда.
Аслида эса ўшанда немислар қуршовига тушиб қолган генерал ўз армияси билан ҳалқани ёриб чиқиши мумкин эди. Бироқ у жонини хатарга қўйишдан кўра немисларга хизмат қилишни афзал билганди.
Немисларга хизмат қилган асирлар орасида яна бир машҳур шахс бор. Тўғри, у генерал рутбасига эга бўлмаган ва йирик армияни бошқармаган. Бироқ у минглаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган. Бу уруш пайтида “Tonka-пулемётчи” лақаби билан танилган Антонина Макарова эди.
Власовдан фарқли равишда у урушдан сўнг яширинишга муваффақ бўлади. Аёл нафақат тирик қолади, балки жазоланмайди ҳам. Бироқ 1970 йилларнинг иккинчи ярмида Брянскда уни бир пайтлар ўзи қийнаган совет фуқароси таниб қолади. Бу сафар Антонина гарчи кексайиб қолган бўлса ҳам жазодан қутулиб қололмайди.
Немисларга сотилган “Tonka-пулемётчи”
1941 йил 22 июнь куни немислар СССРга бостириб кирганда 21 ёшли Антонина дарҳол кўнгилли бўлиб фронтга отланади. Бироқ аёл жанговар ҳаракатларда иштирок этмайди. Полкларнинг бирида турли юмушларни бажариб юради.
1941 йил кузда немислар Антонина хизмат қилаётган полкни тор-мор қилишади ва аёл асирга тушиб қолади. Кўп ўтмай у ҳарбий лагердан қочади ва немислар бошқараётган қишлоққа бориб қолади. Немисларга сотилганлар қишлоқни мустақил деб эълон қилишган ва у “Локот республикаси” деб номланиб, алоҳида маъмурий бирлик деб эълон қилинганди.
Шу ерда аёл немисларга хизмат қилаётганлар яхши ҳаёт кечираётганини кўради ва ўз ихтиёри билан немислар томонга ўтади. Шундан сўнг унга пулемёт беришади ва немисларга хизмат қилаётган Локот республикаси армиясига қабул қилишади.
Шундан сўнг Антонина совет партизанларига қарши жанг қилади ва жуда кўп одамни ўлдиради. Аёл бу билан чекланиб қолмайди, партизанларнинг оила аъзоларини қатлиом қилишда ҳам қатнашади.
Маълумотларга кўра, советлар Антонина яшаб келган жойларни немислардан озод қилгунча жами 1 500 кишини отиб ўлдиради. Шу билан бирга аёл фоҳишалик қилиб, пул эвазига немисларнинг кўнглини олиб юради.
1943 йилда аёл сифилис касалидан даволаниш учун ҳарбий госпиталга жойлашади. Аёл даволанаётганда Локот қишлоғини партизанлар эгаллаб олишади. Антонина немис ефрейтори билан яширинча Польшага қочади.
Польшада немислар аёлни ўзларига хизмат қилганини инобатга олишмайди ва Кёнигсбергдаги конслагерга жўнатиб юборишади. 1945 йилда шаҳар совет армияси томонидан эгаллангач, конслагердагилар озод бўлади. Шунда Антонина ўзини совет армияси санитаркаси сифатида кўрсатади.
Ўша пайтда унинг қўлида санитарка ҳарбий гувоҳномаси ва 1941 йилдан 1944 йилгача 422-санитар батальонда хизмат қилгани ҳақидаги ҳужжатлари бор эди. У бу ҳужжатларни ўғирлаб олганди.
Антонина Кёнисбергда ярадор совет аскарларига хизмат қилаётиб, Виктор Гинзбург исм-шарифли йигит билан танишади. Кўп ўтмай, улар оила қуришади.
Урушдан сўнг Германияга тегишли бўлган Кёнисбергнинг номи Калининград деб ўзгартирилади ва шаҳар СССР таркибига киритилади. Виктор ва Антонина шу шаҳарда бир муддат яшагач, Беларусга кўчиб ўтишади. Аёл эрининг фамилиясига ўтади ва Антонина Гинзбургга айланади.

Ўша пайтда аёл ва унинг эри уруш қаҳрамонлари сифатида барча имтиёзлардан фойдаланишар, ҳеч ким ундан шубҳа қилмасди. Антонина турли корхоналарда меҳнат қилар, бироқ ҳар доим ўз фотосуратини “Ҳурмат тахтаси”га илишларига рози бўлмасди. Ҳамкасблар Антонинанинг бу ишини камтарликка йўйишар, аёл кимдир таниб қолишидан қўрқиб, суратини деворга илинишини хоҳламасди.
Сотқиннинг фош бўлиши
Давлат хавфсизлик хизмати кўплаб одамларни ўлдирган Антонинани 1943 йилда совет армияси Локот озод қилинган пайтдан қидира бошлаган, бироқ сотқин аёлнинг изини йўқотиб қўйишганди.
Ўшанда қишлоқ аҳолиси сотқин аёлни “Tonka-пулемётчи” деб аташганини айтиб, унинг кўринишини тасвирлаб беришганди. Бироқ аёл изсиз ғойиб бўлганди. “Tonka-пулемётчи”ни қарийб 30 йил қидиришади, бироқ натижа бўлмайди.
1976 йилда Брянск шаҳридаги бош майдонда ёши катта эркак Николай Иванин деган шахсга ташланиб қолади. Ҳодиса жойига дарҳол милиция етиб келади ва уларни бўлимга олиб боради.
Бўлимда Николай Иванин немисларга хизмат қилгани ва Локотдаги қамоқхонани бошқаргани маълум бўлади. Шундан сўнг КГБ Иванинга жиноят иши қўзғатади ва ундан “Tonka-пулемётчи” ҳақида маълумот сўрайди. Шунда у аёлнинг номи Антонина Макарова эканини айтади.
КГБ дарҳол ҳаракатга тушади ва СССРда 250 нафар Антонина Макарова исм-шарифли аёл яшашини аниқлайди. Бироқ улар орасида қидирилаётган аёл йўқ эди. Чунки ўша пайтда Антонинанинг фамилияси Гинзбург эди.
КГБ ходимлари боши берк кўчага кириб қолганда тасодифан Антонинанинг изини топишади. 1976 йилда Мудофаа вазирлигида ишловчи шахс хорижга чиқишдан аввал маълумотнома тўлдиради.
У ўзи ҳақидаги маълумотларда олти нафар ака-ука ва опа-сингиллари борлигини, улар Панфилов фамилиясида эканини, фақат бир нафар опаси Антонина Гинзбург болалигида Макарова фамилиясида бўлганини ёзган эди.
Ўша пайтда хорижга чиқадиган ҳар қандай шахсларнинг маълумоти КГБ назоратидан ўтарди. Улар ҳарбий хизматчининг маълумотномасини ўқиб, унинг яқинларини текшириб кўришга қарор қилишади. Шунда Антонина Гинзбург номи билан яшаб юрган ва асл исм-шарифи Антонина Макарова бўлган аёл қидирувда экани ойдинлашади.
КГБ сотқиннинг кимлигини аниқлагач, уни қўлга олишга шошилмайди. Аввалига уни ғалаба байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирга таклиф этишади. Ўша ерда Антонинага уруш даври ҳақида саволлар беришади. Аёл довдираб қолади ва тузук-қуруқ жавоб ҳам беролмайди.
Орадан бир муддат ўтгач, Николай Иванин ҳамда бошқа гувоҳларни комиссия аъзолари қиёфасида Антонина ишлайдиган тикувчилик корхонасига олиб боришади ва аёлни яширинча кўрсатишади. Гувоҳлар “Tonka-пулемётчи”ни танишади, немисларга хизмат қилган сотқин эканини тасдиқлашади. 1978 йил июлда Антонина Гинзбург қўлга олинади. Ўша пайтда у 58 ёшда эди.
Суд ва ўлим ҳукми
Тергов жараёни кетаётган пайтда аёл ўзини ўлдиришга уринади. Шундан сўнг уни алоҳида камерага ўтказишади. Антонина терговда ўзини хотиржам тутади. Терговчиларнинг эслашича, ўшанда у нари борса 3-4 йилга қамаламан деб ўйлайди. Аммо КГБнинг режалари бошқача эди.
Антонинанинг қўлга олиниши сабаби бошида эрига айтилмайди. Шунда Виктор Гинзбург аввалига мамлакат раҳбари Леонид Брежневга, сўнг БМТга мактуб йўллаб, хотинини озод қилишда ёрдам сўрайди. Шундан сўнг КГБ Викторга Антонинанинг сотқинлиги ва минглаб одамларни ўлдирганини айтишади. Виктор тақдирга тан беради.
Тергов жараёнида Антонина ўлдирган 168 нафар одамнинг шахсига аниқлик киритилади. Қолганларнинг кимлигини на сотқин аёл, на бошқалар билмасди.
1978 йил кузда СССРда 1979 йил Аёллар йили деб эълон қилинади. Шу сабабли КГБ нима бўлса ҳам Антонинанинг судини 1978 йилда якунлаш учун ҳаракат қилади. Ўша йили ноябрда Брянск вилояти суди аёлни ватанга хиёнат ва 168 кишини ўлдирганликда айбдор деб топади ҳамда уни ўлим жазосига ҳукм қилади.
Суд мажлиси тугагач, аёл ўлим жазосини қамоқ жазосига алмаштиришни сўраб аппеляция беради. Бироқ барча апелляциялар рад этилади. 1979 йил 11 август куни ҳукм ижро этилади.
Ҳукм ижро этилгач, 1979 йилда марказий газеталарда Антонина Макарованинг сотқинлиги, уруш даврида минглаб одамларни ўлдиргани ва 35 йил деганда қўлга тушгани ҳақида хабар тарқатилади.
Шу ўринда бир қизиқ маълумот, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг СССРда уч нафар аёл ўлим жазосига ҳукм қилинган. Антонина Макарова уларнинг биринчиси, Берта Бородкина иккинчи ва Тамара Иванютина учинчиси бўлган.

Россиядаги Геленжик туманида ошхона ва ресторанлар трестини бошқарган Берта Бородкина 1985 йилда ўлим жазосини олган. Бу аёл Қора денгиз бўйида жойлашган ошхона ва ресторанларда яширин фоҳишахоналар ташкил этган, Москвадан келган юқори лавозимли амалдорларга хизмат қилган. Ҳукумат давлат хизматчиларининг жиноятлари ошкор бўлиб кетмаслиги учун аёлни қурбон қилган ва уни суд қилиб, ўлим жазоси беришган.
Тамара Иванютина эса Украинадаги мактабларнинг бирида идиш ювувчи бўлиб ишлаган ва болаларни заҳарлаб ўлдирган. Бу аёл 1990 йилда ўлим жазосини олган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)