Голливуд юлдузларининг ҳаёти кўпинча эртакка ўхшайди: омма олдидаги муҳаббат изҳорлари, қимматбаҳо узуклар, дабдабали тўй ҳақидаги орзулар. Аммо турмуш қуриш қарори ва дабдабали унаштирувдан кейин ҳам тўй бўлмаслик эҳтимоли юқори. Мақолада унаштируви тўсатдан бузилган энг машҳур юлдузларнинг севги ҳикоялари ҳақида сўз боради.

Баъзида жамоатчилик босими, шахсий муаммолар ёки иккиланишлар энг чиройли режаларнинг ҳам барбод бўлишига олиб келади.
Женнифер Лопес ва Бен Аффлек

2000 йилларнинг бошларида дунё томошабинлари Беннифер жуфтлигининг муносабатлари ривожини катта қизиқишлар билан кузата бошлади. Уларнинг муҳаббати фильм суратга олиш майдонида бошланади. Кўп ўтмай Бен Женниферга машҳур Ҳаррй Wинстонънинг 6 каратли пушти олмос узуги билан турмуш қуришни таклиф қилади. Бу узук дарҳол бутун дунёда муҳокама марказига айланади.
Тўй 2003 йил сентябрига белгиланган, юзлаб меҳмонлар таклиф қилинган, барча тайёргарликлар якунланган эди. Аммо маросимга атиги бир неча кун қолганда кутилмаган хабар — тўй қолдирилади.
Расмий сабаб оммавий ахборот воситаларининг босими, уларнинг “бу ажойиб кунни ҳис қилиш имконини йўққа чиқаргани” деб кўрсатилади. Бироқ орадан кўп ўтмай аён бўладики, масала фақат журналистлар босими эмас эди. Доимий эътибор, зўрайиб бораётган босим ва, эҳтимол, иккиланишлар жуфтлик орасида зиддият келтириб чиқарган. Ниҳоят, 2004 йил январида улар ажралганини расман эълон қилади.
Аммо 2021 йилда Беннифер яна бутун дунёни ҳайратга солди. Орадан қарийб 20 йил ўтиб, улар муносабатларини тиклашди. 2022 йилда эса икки маротаба тўй қилди — бири сирли тарзда Лас Вегасда, иккинчиси эса тантанали тарзда Жоржияда. Гўё бахтли якун рўёбга чиққандай эди.
Аммо бу уриниш ҳам мухлислар орзу қилганидек тугамади. 2024 йилда Женнифер Лопес ва Бен Аффлек ажрашиш учун ариза топширди.
Уларнинг муҳаббати икки бора катта ваъдалар билан бошланган, лекин ҳар сафар айрилиқ билан якунланган гўзал, аммо мураккаб севги ҳикоясига айланди.
Ариана Гранде ва Пит Девидсон

2018 йил май ойида машҳур қўшиқчи Ариана Гранде ва комик актёр Пит Девидсон учрашишни бошлайди. Орадан бир ой ўтиб, июнь ойида улар унаштирилганини эълон қилишди. Пит Арианага деярли 100 минг доллар турадиган йирик, ноксимон олмос узук тақдим этди. Уларнинг муҳаббати ҳақиқийдек эди: бир хил татуировкалар, ижтимоий тармоқлардаги доимий муҳаббат изҳорлари, бирга жамоат олдида чиқишлар…
Аммо орадан атиги тўрт ой ўтиб, 2018 йил октябрида бу эртак якунига етди. Турли манбалар воқеа жуда тез ривожланганини айтишди. Жуфтлик шунчаки бундай жиддий қадамга тайёр эмаслигини англаб етган. Бундан ташқари, Ариана учун оғир зарба бўлган воқеа ҳам бор эди: сентябрь ойида унинг собиқ севгилиси — реп ижрочиси Мак Миллер фожиали тарзда вафот этди. Бу ҳодиса Арианани руҳий жиҳатдан ларзага солди. Устига устак, уларнинг ҳар бир қадами ОАВ ва жамоатчилик томонидан кузатилиб, таҳлил қилинаётган эди.
Пит кейинчалик интервьюларида тан олган: Миллернинг вафотидан сўнг у Арианага бўлган муносабатларига нуқта қўйиш вақти келганини англаган. Ажралиш оғриқли кечди — татуировкаларни ўчиришга тўғри келди, узукни эса Ариана қайтариб берган.
Селена Гомес ва Тhе Weeknd

Расмий равишда узук тақдим этилмаган ва “унаштирилган” мақоми бўлмаса-да, бу жуфтлик ушбу рўйхатдан четда қололмайди. Чунки уларнинг муҳаббати шунчалик жиддий ва очиқ бўлганки, тўй ҳақидаги миш-мишлар доимо муҳокама марказида бўлган. Селена Гомес ва Абел Тесфае (Тhе Weeknd) 2017 йил бошида учрашишни бошлаган, муносабатлари тез суръатда ривожланган. Жуфтлик кўплаб жамоавий тадбирларда, жумладан, Мет Галаъда бирга кўринган, биргаликда саёҳат қилган. Ҳатто Абел Селенани ўз оиласи билан таништирган эди.
Манбаларга кўра, улар бирга яшай бошлашган ва жиддий келажак, жумладан, тўй ҳақида ҳам суҳбатлар бўлган. Аммо 2017 йил кузида, деярли 10 ойлик муносабатдан сўнг, жуфтлик ажралди. Бунга бир нечта сабаблар кўрсатилган: аввало, ҳар иккала санъаткорнинг жуда тиғиз иш жадвали, шунингдек, Селенанинг саломатлиги билан боғлиқ мураккаб даври — лупус (товон бези яллиғланиши) касаллиги ва бу сабабли бўлиб ўтган буйрак кўчириб ўтказиш жараёни.
Бундан ташқари, папарацсилар Селенани тобора кўпроқ унинг собиқ севгилиси — Жастин Бибер билан бирга пайқашган. Бу ҳолат жуфтликнинг ажралишига таъсир қилганми ёки йўқми — бу борада аниқ маълумот йўқ.
Мерайя Кэри ва миллиардер Жеймс Пейкер

2016 йил январда машҳур хонанда Мерайя Кэри австралиялик миллиардер Жеймс Пейкер билан унаштирилганда, бутун дунё ҳайратда қолди. Пейкер унга тахминан 10 миллион доллар турадиган, 35 каратли олмос узук совға қилган эди. Бу ҳақиқатан ҳам қироллик даражасидаги унаштирув эди. Жуфтлик Бора-Борада ҳашаматли тўй ўтказишни режалаштирган.
Аммо муносабатлар никоҳгача етиб келолмади. 2016 йил октябрида, унаштирилганидан бир йил ўтиб, ажралиш ҳақида хабарлар тарқалди. Ажралиш ташаббуси Пейкердан чиққан. Турлича сабаблар айтилди: Пейкер Мерайянинг реалити-шоудаги иштироки ва унинг ҳаддан ташқари харажатларига норозилик билдиргани, шунингдек, келажак ҳақидаги қарама-қаршиликлар асосий омиллар бўлган.
Мерайя эса ўзига хос услубда муносабат билдирди: у нафақат ўша катта узукни ўзида қолдирди, балки кўпчилик фикрича, ажралишга бағишланган “I Donʼt” қўшиғини ҳам куйлади.
Муҳаббат ва муносабатлар — мураккаб масала, ҳатто машҳур ва бой бўлсангиз ҳам. Унаштирув — бу фақат ваъдадир, гаров эмас. Баъзида тўй олдидан ажралиш, қанчалик оғриқли ва ошкора бўлмасин, энг тўғри қарор бўлиб чиқади.
Изоҳ (0)