Ҳозирда кўплаб мамлакатларда тренд бўлган Лабубу ўйинчоғи ҳақида эшитганмисиз? Тишли, қулоқлари узун, бир оз ёввойи, аммо ёқимтой махлуқча кўринишидаги ўйинчоқлар бутун дунё бўйлаб замон билан ҳамнафас одамларни жалб этди.

Хитой аҳолиси Гонконгдаги дўконлар олдида Лабубуни кутиб 4–5 соат навбатда туришади, онлайн савдода эса ўйинчоқлар сониялар ичида сотилиб кетади. Иккиламчи бозорда баъзи моделдаги ўйинчоқлар нархи 500 долларга кўтарилади. Хўш, нега бу ўйинчоқ аҳоли орасида машҳур бўлиб кетди?

Ҳаммаси “распаковка” (қадоқни очиш)дан бошланди
Лабубу ўйинчоқлари “гача” форматида чиқарилади, бу дегани сиз ёпиқ қутини харид қиласиз, лекин ичида айнан қайси ўйинчоқ яширинганини билмайсиз. Қутидан маълум коллекцияга оид исталган қаҳрамон чиқиши мумкин. Ноёб моделга дуч келиш эҳтимоли эса жуда паст. Шу сабабли одамлар учун ҳар бир харид лотереяга айланади.

Бундай ўйинчоқларнинг оддий версияси 10–30 доллар атрофида туради, аммо сиз ноёб Лабубуни топиб олсангиз, унинг нархи бир неча баробарга ошади. Кўплаб коллексионерлар ва трендларга амал қилувчилар бундай қутиларни улгуржи тарзда харид қилишади ва камёб моделлар ортидан қувади.
Лабубу — замонавий валюта тимсоли
Лабубу ўйинчоқлари гонконглик рассом Касинг Лунг томонидан яратилган. Аввал улар эртаклардаги қаҳрамонлар эди, кейинчалик Kaiyodo’s The Monsters ҳамда Pop Mart линиясига киритилди.

Фото: Woman.ru
Бугунги кунда Лабубу оддий ўйинчоқдан йирик мода ва брендларнинг бир қисмига айланиб улгурди. Уни Louis Vuitton сумкаларида, Blackpink гуруҳидаги Лиза суратларида, хонанда Рианна ва Дуа Липа каби юлдузларнинг қўлида кўриш мумкин.

Ушбу ўйинчоқнинг трендга чиқиши туфайли Pop Mart компаниясининг 2024 йилда даромади 200% га ошди, савдолар эса 400 миллион доллардан ортди. Ҳаттоки Стенфорд университети талабалари бу ўйинчоқлар шарафига биринчи Лабубу-рейв ташкил қилишди.

Фото: Woman.ru
Лабубу нимаси билан барчага манзур бўлди?
Формат. Қутини очиш (blind box) жараёни инсонларда ўзгача қизиқиш уйғотади;
Коллекция йиғишга эҳтиёж. Бутун серияга оид ўйинчоқлар тўпламини йиғишга қизиқадиган инсонлар талайгина;
Тренд. Дугонаси ёки севимли блогерининг Лабубу билан тушган суратлари кўрган интернет фойдаланувчилари тренддан ортда қолишни истамайди.
Лабубу харид қилишга арзийдими?

Лабубу ўйинчоғи аслида оддий ўйинчоқ ва брелок, аммо сунъий ажиотаж, шов-шувли хабарлар уни ҳаддан ташқари машҳур қилиб юборди. Одамлар ноёб модел чиқади, деган умидда пулини ва вақтини беҳуда сарфлай бошлади. Аслида эса бу шунчаки маркетинг ҳийласи бўлиб, ушбу тренд яна битта кўр-кўрона тақлидга айланиб қолди.
Изоҳ (0)