Жорий йил январь—июнь ойларида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 57 минг 792 та корхона 43,8 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўлаган. Таққослаш учун, 2024 йил мос даврида 64 минг 265 корхона жами 19,6 трлн сўм солиқ тушумлари келтирган.

Солиқ қўмитаси берган маълумотга кўра, 20 та ишлаб чиқариш корхона солиқ тўловлари қарийб 9,2 трлн сўмни ташкил этган (ўтган йил мос даврида 8,2 трлн сўм). Уларнинг товар айланмаси 91 трлн сўм, фойдаланган солиқ имтиёзлари миқдори 1,2 трлн сўмдан ошган.
Мазкур корхоналар қуйидаги тур ва миқдорларда солиқлар тўлаган:
- ҚҚС — 3,2 трлн сўм;
- акциз солиғи — 2,2 трлн сўм;
- ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ — 1,1 трлн сўм;
- фойда солиғи —1 трлн сўм;
- жисмоний шахсландан олинадиган солиқ — 587,6 млрд сўм;
- ижтимоий солиқ — 572,9 млрд сўм;
- мол-мулк солиғи — 283,4 млрд сўм;
- бошқа солиқлар — 227,1 млрд сўм.
Ярим йил ичида ишлаб чиқариш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган корхона “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўлган — 1,9 трлн сўм. Кейинги ўринларни “Узбат” АЖ (1,3 трлн сўм) ва “Талимаржон ИЭС” АЖ (1,3 трлн сўм) эгаллаган.
Олти ой ичида “Узавтомоторс” АЖ (700 млрд сўм), “Шўртан газ-кимё мажмуаси” (497,7 млрд сўм), “Ташкент табаccо” МЧЖ (478 млрд сўм), “Cоcа cола ичимлиги” МЧЖ (403 млрд сўм) кетма-кет юқори ўринларни банд этган.
“Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ (398 млрд сўм), “Навоийазот” АЖ (384,7 млрд сўм) ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ (271,7 млрд сўм) солиқ тўловлари бўйича олдинги ўнталик ўринда қайд этилган.
Аввалроқ қўмита 2025 йил I ярмида солиқ тушумлари миқдори 102,6 трлн сўмни ташкил этганини хабар қилганди. Мазкур кўрсаткич 2024 йил мос даврига (85,8 трлн сўм) нисбатан 20 фоизга кўп.
Изоҳ (0)