9 август куни Самарқанд вилоятининг “Бўғибаланд” маҳалласида ўзгача бир кайфият ҳукм сурди — асрлар давомида машҳур бўлиб келган маҳаллий “Анжир сайли” бўлиб ўтди.
“Бўғибаланд”нинг серқуёш бағрида ўтган бу тадбир нафақат мева байрами, балки илм, тажриба ва замонавий агротехнологиялар учрашуви сифатида ҳам эсда қолди.
Сайл “Агробанк” ташаббуси билан ташкил этилди.
Меҳмонларга “Агро Ин Витро” мутахассислари анжир кўчатларини ин-витро усулида кўпайтириш бўйича жонли тақдимот ўтказди, махсус тайёрланган қутиларда кўчат экиш бўйича амалий машғулот ташкил қилинди. “Агролаб” лойиҳаси стендлари ёнида тупроқ таҳлили, кўчат сифати назорати ва бошқа агрономик жараёнлар ҳақида маълумотлар берилди. Самарқанд агроинновациялар институти вакиллари эса Япония усулида ҳурмо қуритиш технологиясини таништирди.
Сайл давомида анжир ва ундан тайёрланган ширинликлар, мурабболар, шарбатлар ва ҳатто соуслар дегустацияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-57-сон қарорига мувофиқ, анжир ва ҳурмо етиштиришни кенгайтириш бўйича Агробанкга юклатилган вазифалар доирасида “Узун Агро Стар” МЧЖ ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда анжир ва хурмо етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилиш ҳамда агротуризмни ривожлантириш билан шуғулланмоқда.
Шу йил 2,8 минг гектар майдондан 27,7 минг тонна анжир, 5 минг гектардан эса 110 минг тонна хурмо ҳосили йиғиб олинди.
Компания ҳозирга қадар 444 минг дона хурмо ва анжир кўчатларини тарқатди, “Фермерлар мактаби” орқали 470 нафар фуқаро билим ва сертификатга эга бўлди. Келгусида Хитой тажрибаси асосида иссиқхоналарда анжир етиштириш, Япония усулида хурмо маҳсулотларини тайёрлаш ва 100 гектарлик замонавий агрокоплексни барпо этиш режалаштирилган.
“Бўғибаланд”даги бу сайл — миллий мева байрами, илм ва инновация, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи, тарих ва замонавий ёндашувнинг гўзал уйғунлигига айланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Амир Темур даврида Самарқандда 12 та боғ барпо этилган бўлиб, уларнинг бири бугунги сайл бўлиб ўтган “Бўғибаланд” анжирзори ҳисобланади. Бу боғда ҳозир 8 мингдан ортиқ анжир дарахти ўсади, ҳар бири мавсумда ўртача 70 килограммдан 100 килограммгача ҳосил беради.
Дарахтларнинг ёши 100 йилдан 400 йилгача етади, буни уларнинг кучли ва кенг тарқалган томир тизими ҳам исботлайди. Энг қизиғи, бу дарахтлар йилига икки марта ҳосил беради, бу эса боғнинг иқтисодий ва гастрономик аҳамиятини янада оширади.
Изоҳ (0)