2020-кузда бўлиб ўтган 44 кунлик урушда Озарбайжон ғалаба қозонди. Натижада Қорабоғ арманлардан қайтариб олинди ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги тикланди. Халқ байрамни бошлаб юборди. Ўша пайтда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев энди навбат Зангезур йўлагини очишга келганини гапирди ва айримларга унинг гаплари эриш туюлди. Хўш, у ўшанда тилга олган Зангезур йўлаги нима ва Озарбайжон учун унинг қандай муҳим аҳамияти бор?
2025 йил 8 август куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги тарихий ҳужжатга имзо чекишди.
Шу учрашувда анчадан буён Озарбайжон ва Арманистон ўртасида баҳсларга сабаб бўлиб келаётган Зангезур йўлаги бўйича келишувга эришилди. Унга кўра, мазкур йўлакни назорат қилиш АҚШга топширилади.
Хўш, Зангезур йўлаги қандай жой ва у нега Озарбайжон ва Арманистон ўртасида баҳсларни келтириб чиқараётганди? Илҳом Алиев нима хоҳлаётганди-ю, Пашинян нималарга рози бўлмаётганди? Қўйида шу ҳақда батафсил суҳбатлашамиз.
Зангезур йўлаги қандай жой?
Зангезур йўлаги Арманистонда жойлашган бўлиб, унинг узунлиги 40 километрдан иборат. Йўлак Арманистоннинг Эрон билан чегараси бўйлаб ўтади. Бир пайтлар бу йўлакдан Озарбайжон ўзининг Нахичеван анклавига ўтиб-қайтиш учун фойдаланган.
Зангезур йўлаги қандай жойлигини билиш учун аввало Кавказнинг 20-асрдаги тарихига қараш керак. 1917 йил февралда Россияда давлат тўнтариши уюштирилади. Император Николай 2 тахтдан қувилади ва Сибирда оиласи билан қатл этилади. Россияни Муваққат ҳукумат бошқара бошлайди.
Ўша йили октябрь ойига бориб Россияда иккинчи марта давлат тўнтариши уюштирилади, бу сафар ўзларини Россия социал-демократик партияси аъзолари деб атаган гуруҳ Муваққат ҳукуматни ағдариб ташлайди ва Россияда ҳокимиятни эгаллаб олади.
Социал-демократларнинг асосий қисмини Владимир Ленин бошчилигидаги болшевиклар ташкил этарди. 1920 йилларнинг бошларида Россияда ҳокимиятини мустаҳкамлаб олган болшевиклар Россия империясига тегишли ҳудудларни қайта эгаллайди ва уларни миллий таркибларга кўра чегаралар билан ажрата бошлайди. Шу жумладан Кавказортини ҳам.
Ўша пайтда Кавказорти республикаси Озарбайжон ССР, Арманистон ССР ва Гуржистон ССРдан иборат эди. 1922 йил 29 декабрь куни СССР ташкил этилгани эълон қилинади. Ўшанда унинг таркибига тўртта республика – Россия, Украина, Баларус ва Кавказорти республикаси киради. Кўп ўтмай СССР таркибига Ўрта Осиёдаги Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон каби республикалар қўшилади.
Советлар турли республикаларни чегараларини белгилашда харитани худди ўргимчак тўридай қилиб чизиб ташлашади. Бунда улар на миллий таркибга қарашади, на ҳудудий яхлитликка. Шу сабабли Кавказда ва Ўрта Осиёда кўплаб анклав ва эксклавлар пайдо бўлади.
Кавказорти республикаси 1936 йилгача яшайди. Ўша йили Москва озарбайжон, армани ва гуржиларни алоҳида иттифоқдош республикага айлантиришга қарор қилади. Жумладан, 1936 йил 29 ноябрь куни Арманистон ССР, 5 декабрь куни Озарбайжон ССР ва Гуржистон ССР ташкил этилади.
Энди Зангезур йўлаги жойлашган ҳудудга келсак, у 1920 йил 28 апрель куни ташкил этилган Озарбайжон таркибида эди. Ҳудуд аҳолисини асосий қисми озарбайжонлар бўлиб, маълум ҳудудларда арманилар яшарди.
Бироқ 1920 йил декабрь ойида Москва яширинча имзоланган келишув билан Зангезурни Арманистонга бериб юборади. Омма бундан орадан икки йил ўтгач, 1922 йилда СССР ташкил этилишидан бир оз аввал хабар топади.
Зангезур Арманистонга берилгач Озарбайжоннинг жанубий қисми – Нахичеван анклавга айланади ва республика иккига бўлиниб қолади. Ҳудудда яшовчи озарбайжонларнинг бир қисми кўчиб кетади, қолгани Зангезурда яшашда давом этади. Бу пайтда арманилар Зангезурни Сюник вилояти деб атай бошлаганди.
Шундан сўнг Озарбайжоннинг асосий қисмида яшовчилар ва Нахичеван аҳолиси Арманистон орқали ўтиб қайтишга мажбур бўлади.
СССР парчалангач Арманистоннинг босқинчилик сиёсати
Аслида арманиларнинг босқинчилик сиёсати СССР тарқашидан бир оз аввал 1987 йилда бошланганди. Ўшанда улар Қорабоғни Озарбайжондан тортиб олиш ҳақида гапира бошлашади. Кўп ўтмай арманилар бу ҳақда СССР раҳбариятига мурожаатнома ҳам йўллашади.
Арманлар Москвага мурожаатнома йўллаш билан чекланиб қолишмайди ва Ереванда Қорабоғни Арманистон таркибига қайтаришни талаб қилиб намойишлар уюштиришади. Арманистон даврий матбуотида Озарбайжонни айблаб мақолалар эълон қилинади.
Шундан сўнг Зангезурда яшайдиган озарбайжонлар Озарбайжонга кўчиб ўта бошлайди. Кўчиб кетишни хоҳламаганларни арманилар мажбурлаб кўчиришади.
1988 йилда Қорабоғ туфайли вазият кескинлаша бошлайди. Арманистонда озарларга қарши, Озарбайжонда арманиларга қарши қонли тўқнашувлар содир бўлади.
1991 йил август ойида Озарбайжон ва Арманистон ўзини мустақил деб эълон қилади. Шундан сўнг Қорабоғда арманларнинг маҳаллий ҳукумати аҳоли ўртасида ноқонуний референдум ўтказади ва унда кўпчилик Озарбайжон таркибидан чиқиш учун овоз беради.
СССР парчаланиб кетгач, бир муддат Қорабоғни назорат қилиб турган совет армияси олиб чиқиб кетилади минтақада ҳар икки миллат ўртасида қонли тўқнашувлар авж олади. Кўп ўтмай ҳудудга Россия армияси қайтиб келади.
Арманилар Қорабоғ ва бошқа ҳудудларни эгаллаб олгач ўз ҳудудидаги темирйўл, автомобиль йўлларини озарлар учун ёпиб ташлайди. Оқибатда Боку ва Нахичеван ўртасида фақат ҳаво транспорти орқали алоқа қолади холос.
Озарбайжонлар Бокудан Нахичеванга автомобилларда ҳам бориши мумкин эди. Бироқ бу учун аввал Гуржистон, сўнг Туркия ҳудуди бўйлаб узоқ йўл босиш лозим эди.
Охир-оқибат Москвадан етарлича ҳарбий ёрдам олган арманилар Озарбайжондан Қорабоғ ва Зангезурга туташ ҳудуддан бир нечта туманни тортиб олади. Бу жараёнда кўплаб озарбайжонлар қочади. Қочишга улгурмаганлар арманилар томонидан ўлдирилади. Ўшанда босқинчилар қариялар, аёллар ва ёш болаларга ҳам раҳм қилмайди.
Қорабоғнинг қайтариб олиниши ва Зангезур йўлагининг долзарб масалага айланиши
Кейинчалик ҳам Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасида кўп марта катта-кичик тўқнашувлар юз беради ва ҳар икки тарафдан ҳарбийлар ҳалок бўлади, жароҳатланади. Бироқ муаммо ечим топмайди.
Чунки халқаро қоидаларга кўра, Арманистон Қорабоғни ўз сафига қўшиб ололмасди. Акс ҳолда бу давлат жаҳон ҳамжамиятнинг санкциялари остида қолиб кетарди. Шу сабабли Қорабоғда ҳеч ким тан олмаган алоҳида республика ташкил этилади. Арманистон бу республикани 30 йил давомида норасмий бошқариб келди.
Озарбайжон томони Қорабоғ масаласида 30 йил қулай вазиятни кутди. 2020 йилнинг иккинчи ярмида ана шу вазият келди. 2020 йил ёзда бошланган кичик тўқнашувлар сентябрнинг охирида урушга айланиб кетади. 27 сентябрь куни Арманистон ҳарбийларининг провокацияси ортидан Озарбайжон армияси Қорабоғ бўйлаб ҳужум бошлади.
Уруш 44 кун давом этди ва қақшатқич жанглардан сўнг Озарбайжон бирин-кетин ўз ерларини қайтариб ола бошлади. 2020 йил 8 ноябрь куни Илҳом Алиев Шуша шаҳри олинганини эълон қилди.
10 ноябрь куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян урушда енгилганини тан олади. Кейинроқ арманилар Хонкенди шаҳрини ҳам ташаб чиқишади ва Қорабоғ тўлиқ Озарбайжон ихтиёрига ўтади.
Зангезур йўлаги масаласи
2020 йил 10 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари иштирокида имзоланган тинчлик битимининг тўққизинчи бандида “минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт алоқалари” йўлга қўйилиши, Арманистон Озарбайжон ва Нахичеван анклави ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш мажбуриятини олиши айтилганди.
Бундан ташқари, томонларнинг келишувига биноан, Нахичеванни Озарбайжон ғарбий минтақалари билан боғлайдиган янги транспорт коммуникациялари қурилиши таъминланиши қайд этилган эди.
Озарбайжон ана шу битимга кўра Зангезур йўлаги орқали Нахичеванга автомобиль ва темирйўлларини тортишни режалаштирганди. Бироқ арманилар шу пайтгача турли баҳоналар билан тинчлик битимининг ана шу бандини бажаришни ортга суриб келди.
Қорабоғ қайтариб олингандан сўнг кўп ўтмай Илҳом Алиев Зангезур йўлагининг очилиши “Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги узоқ йилик кескинлик устидан чизиқ тортиши”, Озарбайжонга 30 йил ичида илк марта Нахчиван билан алоқани (ерусти йўналишида) тиклашига имкон беришини айтади.
2021 йил февралда Озарбайжон Қорабоғ яқинида, 2020 йил кузида қайтариб олган ҳудудларида Горадиз–Агбенд темирйўли қурилишини бошлади. Шунингдек, 100 километрлик магистрал йўл қурилишига киришилди ва кўп ўтмай ҳар икки лойиҳа қуриб битказилди.
“Зангезур йўлагининг ташкил этилиши бизнинг миллий, тарихий ва келажак манфаатларимизга тўла мос келади. Арманистон истайдими-йўқми, биз Зангезур йўлагини рўёбга чиқарамиз. Агар хоҳласа, осонроқ ҳал қиламиз, хоҳламаса – куч билан. Урушдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам мен улар ўз ихтиёри билан бизнинг ерларимиздан кетиши кераклигини, йўқса уларни куч билан чиқаришимизни айтганман. Шундай ҳам бўлди. Зангезур йўлагининг тақдири ҳам ана шундай бўлади”, деганди Илҳом Алиев 2021 йил апрелида.
2023 йил кириб келишидаги янги йил табригида Илҳом Алиев яна бир бор Зангезур йўлаги ҳақида гапирди. “Арманистон буни хоҳлайдими-йўқми, Зангезур йўлаги албатта очилади”, – дея ваъда берганди у.
Зангезур йўлаги очилишидан манфаатдор томонлар
Зангезур йўлаги очилишидан аввало Озарбайжон манфаатдор. Чунки узунлиги бор йўғи 40 км бўлган йўлак орқали ўтадиган темирйўл ва автомобиль йўли Озарбайжоннинг асосий қисмидан Нахичеванга жуда тез етиб бориш имкониятини беради.
Маълумот учун, Озарбайжоннинг асосий қисми ва Нахичеванда яшовчилар ўзаро борди-келди ҳамда юк жўнатишда шу пайтгача Гуржистон, Туркия орқали узоқ йўл босиб ҳаракатланишган.
Ундан сўнг Зангезур йўлагидан Арманистон манфаатдор. Арманлар Озарбайжон орқали Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга автомобиль ва темирйўллар орқали осон боғланади.
Шунингдек, йўлак очилишидан Туркия ва Марказий Осиёдаги туркий давлатлар манфаатдор. Агар йўлак очилса Туркия ва Марказий Осиё давлатлари ўзаро савдо алоқаларида ундан фойдаланади.
Қолаверса, келажакда Зангезур йўлаги Хитой-Европа Иттифоқи ўртасидаги транспорт коридорининг бир қисми бўлиши мумкин.
Европа иттифоқи ва Хитой яқин йилларгача қуруқликда Россия орқали алоқа қиларди. 2022 йил 24 февраль куни Россия Украинага бостириб киргач ҳар икки томон Россияни айланиб ўтадиган муқобил йўллар қидиришга мажбур бўлди.
Келажакда Украина ва Россияга сулҳга эришиши ва уруш тугаши мумкин. Бироқ шунда ҳам икки давлат ўртасидаги алоқалар ёмонлигича қолиши ва улар ўртасидаги ўтказув пунктлари очилмаслиги мумкин. Демак, келажакда Зангезур йўлаги Хитой ва Европа иттифоқи ўртасидаги савдо алоқаларида ҳам муҳим рол ўйнайди.
Зангезур йўлаги очилишига қарши бўлганлар
Қорабоғ учун бўлган урушда мағлуб бўлган Арманистон ўшандан буён Зангезур йўлаги очилишига қарши чиқиб келди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян бир неча бор Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги уч томонлама битимда “на Зангезур, на йўлак сўзи тилга олинган”. “Келишув фақат минтақавий коммуникацияларни блокдан ечишга тааллуқли”, деган у.
Пашинян бир неча бор Арманистон Зангезур йўлаги масаласини ҳеч қачон муҳокама қилмаслигини таъкидлаганди. Ўша пайтда Арманистон хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Арманистоннинг суверен ҳудудида бошқа бир суверен давлатнинг йўлаги бўлиши мумкин эмас, деб баёнот берганди.
Шунингдек, Зангезур йўлаги очилишига Эрон ҳам ўз қаршилигини билдиради. Форслар йўлак Эрон ва Арманистон ўртасидаги чегара бўйлаб ўтишини ва унинг очилиши Эрон хавфсизлиги учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини айтиб келишган.
2025 йил 8 август куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги тарихий ҳужжатга имзо чекишди.
Шу учрашувда анчадан буён Озарбайжон ва Арманистон ўртасида баҳсларга сабаб бўлиб келаётган Зангезур йўлаги бўйича келишувга эришилди. Унга кўра, мазкур йўлакни назорат қилиш 99 йилга АҚШга топширилади.
Зангезур йўлагининг АҚШга топшириши ҳақидаги хабар тарқалгач Эрон томони бу ишга қарши эканини маълум қилди. Бу давлат аввалдан Зангезур йўлагининг очилишига қарши эканини айтиб келади.
Бироқ Зангезур йўлаги гарчи Эрон чегараси бўйлаб ўца-да тўлиғича Арманистон ҳудуди ҳисобланади. Арманилар йўлакни қандай тасарруф қилишни ўзи ҳал қилади. Эроннинг қўшни давлат ишларига аралашишга ҳақи йўқ.
Агар Эрон йўлакни назоратга оладиган АҚШдан хавфсирайдиган бўлса Америка ҳарбий базалари шундоқ ҳам Ҳинд океани ва Форс кўрфази томондан Эронни тўлиқ ўраб олган.
Шунингдек, Зангезур йўлагини назорат қилиш АҚШга топширилгани Москвага ҳам ёқмайди. Чунки бу давлат Кавказортидаги таъсир доирасини қисман йўқотиб бўлди. Бироқ ҳозирча Кремлдаги чиновниклар Зангезур йўлагининг АҚШ назоратига ўтиши масаласида кескин фикр билдирмади.
П.С. Бугун Арманистон харитасига қаралса арманилар Сюник вилояти деб атайдиган Зангезур ҳудуди бармоққа ўхшаб туради. Айримлар уни “Сталиннинг бармоғи” деб атайди. Бу билан улар бир пайтлар Озарбайжонга тегишли бўлган Зангезурни арманиларга Сталин бериб юборганига ишора қилишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)