Ғарб сиёсий ва иқтисодий институтларини миллий қадриятлари билан уйғунлаштира олган Япония империяси том маънода Осиё йўлбарсига айланди. Бироқ аста-секинлик билан кучайиб борган милитаризм кайфияти сабаб у ҳам ўша даврга хос босқинчилик сиёсатини бошлаб юборди. Табиийки, қудратли флотсиз бунинг имкони йўқ эди.

Аммо Биринчи Жаҳон урушидан сўнг имзоланган Вашингтон (1922) ва Лондон (1930) денгиз шартномалари бунга тўсқинлик қилди. Уларга кўра, шарқ империяси флотининг ўлчами Қўшма Штатлар ва Буюк Британия ихтиёрида мавжуд йирик кемаларнинг 60 фоиздан ошмаслиги керак эди. Бундан норози Токио 1936 йили шартномадан чиқди.
Шунга қарамай, Япония саноат борасида бу иккиси билан рақобатлаша олмаслигини яхши билар эди. Шу боис улар сон эмас, сифатга устуворлик қаратди. 1937 йили расман қурилиши бошланган Ямато линкори мана шу йўлдаги дастлабки қадамлардан эди. Японияликлар кема учун ҳозирги кун ҳисобида тахминан 8 миллиард доллар сарфлаган.
Ямато 1940 йилнинг августида сувга туширилди. Кеманинг сув сиғими 72 000 тоннадан ортган, узунлиги 263 метрдан ошар эди. Зирҳ қалинлиги эса 410 ммгача борган. Бу ана шу даврнинг деярли барча снарядларига қарши туриш учун етарли эди.

Дастлаб, империя Ямато синфига мансуб жами тўртта кема қуришни режалаштирганди. Бироқ жаҳон уруши Тинч океанига ҳам кўчгач, японлар иккинчи кема Мусаши билан чекланди. Мазкур оиланинг учинчи аъзоси Шинано эса авиаташувчига айлантирилди. Шу билан ушбу лойиҳа ёпилди.
Кема қурилиши қатъий сир сақланди. Боиси японияликларда яширишга арзийдиган лойиҳалар бор эди. 460 мм калибрли тўп шулар жумласидан. У тарихдаги энг йирик замбарак бўлиб, 1,5 тонна оғирликдаги снарядларни 42 км масофага отиши мумкин эди. Яматода мана шундай қуролдан 9 та бўлган. Улар жами 3 та минорага бириктирилган. Ҳар бир минора тахминан 150 нафар денгизчи хизмат қиладиган улкан механизм эди.

Аммо бу ҳаммаси эмас. Кемада 155 мм калибрли иккиламчи артиллерия қуроллари ҳам бўлган. Япония муҳандислари аввалига бундай тўплардан 12 тасини жами 4 та минорага жойлаштирди. Бироқ 1944 йили ҳаво мудофаасини кучайтириш учун иккита минора олиб ташланиб, уларнинг ўрнини зенит қуроллари эгаллади.
Ямато хизматга кирган вақти линкорлар даври тугаб, авиаташувчилар асри бошланаётган эди. Шу боис унинг жанговар имкониятлари янги таҳдид – самолётлар ҳисобига қайта кўриб чиқилди. Кемага ҳар бири 127 мм калибрли тўплардан 24 та ўрнатилди. Қолаверса, қирувчилардан яхшироқ ҳимояланиш учун 25 мм калибрли автоматик тўплар ҳам интеграция қилинди. Уруш авжига чиққан йиллари Яматода бу турдаги қуроллардан 150 тага қадар бўлган.

Ямато тарихдаги энг қудратли линкор бўлишига қарамай, жангларда фаол қатнашмади. Боиси у хизматга кирган 1941 йилга келиб, денгизларда ким ҳукмронлик қилишини авиаташувчилар белгилаб берар эди. Шу боис қўмондонлик кемадан Япония Бирлашган флоти учун штаб сифатида фойдаланди. 1942 йилнинг 4-6 июнь кунлари бўлиб ўтган Мидвей жангида Ямато бирорта ҳам ўқ узмади.
Япон қўмондонлари икки энг яхши жанговар кемаси Ямато ва Мусашини АҚШ флоти билан бўладиган катта жанг учун асраб қўяётган эди. Натижада, денгизчиларнинг улардан кўнгли совий бошлади. Аскарлар орасида “Дунёнинг энг фойдасиз уч нарсаси — Хитой девори, Миср эҳромлари ва Ямато жанговар кемаси” деган кинояли ибора тарқалди.

Япон денгиз гиганти ўзининг илк ҳақиқий жангини 1944 йил кузида ўтказди. У мазкур оилага мансуб яна бир кема Мусаши билан бирга Лейте оролига десант тушираётган АҚШ флотини қарши олиш учун юборилди. Қақшатқич жанглар натижасида Япония императорлик флотининг бир неча кемалари, жумладан Мусаши чўктирилди. Ўзининг 460 мм калибрли қуролидан биринчи ва охирги марта ўт очган Ямато эса шикастланди. Аммо унга етказилган талафот жиддий эмасди. Жанг эса америкаликлар ғалабаси билан якунланди.
1945 йилга келиб, Япония денгиздаги колонияларини, ҳатто кичик оролларни ҳам қўлдан бой берди. Уруш мамлакатнинг ўз ҳудудларига етиб келди. Ўша йилнинг 6 апрель куни афсонавий кема Окинава оролига қўшин тушираётган АҚШ кучларига қаршилик қилиш учун юборилди.
Империя ихтиёрида қирувчи самолётлар, ёқилғи ҳамда моҳир учувчилар қолмагани боис Ямато “Тен-Го” номини олган амалиётга ҳаво соябонисиз жўнади. Унга битта енгил крейсер ва 8 та эсминецдан иборат кичик бўлинма ҳамроҳлик қилди. Қолаверса, экипажга фақат Окинавага бориш учун етарли ёқилғи берилган эди. Бошқача айтганда, бу бир томонлама миссия эди.
АҚШ кучлари мазкур имкониятни қўлдан бой бермаслик учун Таск Форcе 58 кучларини юборди. 7 апрель тонгида самолётлар Қўшма Штатларнинг саккизта оғир ва учта енгил авиаташувчиларидан ҳавога кўтарилиб, Ямато томон тахминан 350-400 км масофани учиб ўтишди. Соат 12:37 да дастлабки ҳужум бошланди. Кемага қарши қирувчилар, торпеда ташувчилар ва шўнғувчи бомбардимончилардан зарба берилди.
Ҳужумларнинг биринчи тўлқинида 5-6 та авиабомба кеманинг ўрта ва орқа қисмига тегиб, 25 мм калибрли зенит қурилмаларининг бир қанчасини сафдан чиқарди. Бундан ташқари, радар хонаси ва 155 мм калибрли тўпларга шикаст етказилди. Яматонинг чап борти эса торпеда зарбаларини қабул қилиб олди. Бироқ булар унинг жанговар имкониятларига сезиларли таъсир қилмади.
Тахминан 13:00 - 13:40 ларда ҳужумнинг иккинчи ва анча ҳалокатли тўлқини бошланди. Камида 4-5 та торпеда кеманинг двигатель ва қозонхоналари жойлашган қисмига келиб тегди. Натижада Ямато ичига сув кириб, чап томонга 15-18 даражагача оғиб қолган. Шундан сўнг экипаж ўнг бортдаги бўлинмаларни атайин сувга тўлдириб, оғишни 10 даражага туширган. Бироқ бу вақтинчалик чора эди.

Соат 13:40 - 14:15 оралиғида бўлиб ўтган учинчи ва сўнгги ҳужум эса кема тақдирини ҳал қилди. Унинг палубасини илма-тешик қилиб юборган бомбалардан ташқари, камида яна 4 та торпеда чап бортга тегиб, двигателнинг қолган бўлинмалари ва рул бошқарув механизмини бутунлай ишдан чиқарди. Шундан сўнг Ямато бошқарувни тўлиқ йўқотиб, чап томонга тўхтовсиз оға бошлаган. Бу ҳам етмаганидек, 14:23 га келиб кемада асосий ўқ-дорилар омбори портлаб, даҳшатли детонация юз берди. Бу уни сув остига ғарқ қилган сўнгги омил бўлди.

Яматони чўктириш учун 386 та самолёт жалб этилган. Япониянинг фахри ва умиди ҳисобланган кема 3055 киши, жумладан, флот қўмондони ва капитан билан бирга чўкиб кетган. Бутун экипаждан фақат 277 киши тирик қолган.
Японияликлар учун Ямато ҳанузгача миллий қудрат рамзи бўлиб қолмоқда. Куре шаҳрида худди шундай номдаги музей мавжуд бўлиб, унинг марказида денгиз гигантининг улкан макети мавжуд.

Ямато ўзининг камчиликларига қарамай, ҳозирга қадар энг йирик ва энг кучли жанговар кема, аниқроғи линкор бўлиб қолмоқда. Гарчанд у империяни қутқариб қололмаган бўлса-да, ўз номини тарих саҳифаларига муҳрлаб қўйди. Унинг сувга ғарқ бўлиши ортидан, линкорлар даври ҳам тугади. Майдонга авиаташувчилар чиқиб келди.
Изоҳ (0)