АҚШ ижтимоий таъминот бошқармасининг энг оммабоп исмлар рейтингига кўра, қиз чақалоқларга Мелания исмини қўйиш урфга айланмоқда. Бу ҳақида «ТАСС» хабар берди.
Рейтинг натижаларига кўра, мамлакат биринчи хонимининг исми энг тез оммалашаётган исмлар бешталигига кирган. Умумий рўйхатда исм 720 та поғона юқорига – 2016 йилги 1650-ўриндан 930-ўринга кўтарилган. Рейтингнинг юқори поғоналарини Энсли (1461-ўриндан 965-ўринга) ва Оклин (1072-ўриндан 886-ўринга) исмлари эгаллаган. Мелания исми келиб чиқишига кўра грекча бўлиб, «қора» деган маънони англатади.
Эркаклар исмлари рўйхатида Дональд аввалги 488-ўрнида қолган. Президентнинг исми 1934 йил (Дональд Трамп туғилишидан 12 йил илгари) ўз машҳурлигининг чўққисига чиққан. Ўша йили Дональд исми АҚШда машҳурлиги бўйича 6-ўринни банд қилган. Ҳозир эса энг оммабоп исмлар рейтингида эркакларнинг Уильям, аёлларнинг Эмма исми етакчилик қилмоқда.
Охирги ҳафталарда президент рафиқасининг исми анча оммалашди. CNN томонидан яқинда ўтказилган сўров натижаларига қараганда, 57 фоиз америкаликлар Меланя Трамп ҳақида ижобий фикрда эканини билдирган. Январда бу кўрсаткич 47 фоизни ташкил этган. Сўровнома қатнашчиларининг 27 фоизи биринчи хонимга нисбатан салбий муносабатда эканини айтган.
48 ёшли Мелания ва Дональд Трамп 2005 йили турмуш қурган. Мелания Словенияда туғилган, турмуш қуришига қадар фамилияси Кнаусс эди. 16 ёшидан бошлаб моделлик бизнеси билан шуғулланган. Словения университетида дизайнер мутахассислиги бўйича таҳсил олган. 1996 йилдан бошлаб Нью-Йоркда яшаган. Хайрия ишлари билан шуғулланади, 2005 йилдан буён «Қизил хоч» жамиятининг АҚШ бошқармасида кўнгилли элчи сифатида фаолият юритади.
Изоҳ (0)