КХДР биринчи марта ўзаро мудофаа шартномаси доирасида Россияни қўллаб-қувватлаш учун ҳарбийларини юборганини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, қўшинлар бир неча ой олдин Курск вилоятининг фронтолди зонасида жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун юборилган.
Украина расмийларининг Россия ҳудудига саргузаштли бостириб киришини қайтариш учун Курск ҳудудини озод қилиш операцияси муваффақиятли якунланди, дейилади хабарда.
Шимолий кореялик ҳарбийлар урушга “Ким Чен Иннинг буйруғига биноан” иштирок этган. Ким Чен Ин ҳарбийларни “қаҳрамонлар” деб атаган, уларнинг Россия ҳудудини озод қилиш операциясидаги иштирокини эса “муқаддас миссия” деб баҳолаган. Шунингдек, КХДР раҳбари Пхеньянда уларнинг шарафига ёдгорлик ўрнатилишини маълум қилган.
2024 йил июнь ойида Россия президенти Владимир Путин ва КХДР раҳбари Ким Чен Ин кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолади. Тўртинчи моддада мамлакатлардан бири қуролли ҳужумга учраган тақдирда барча мавжуд воситалар билан зудлик билан қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз боради.
2024 йилнинг кузида Жанубий Корея разведкаси, НАТО ва АҚШ Давлат департаменти Курск вилоятига 10 мингдан ортиқ шимолий кореялик ҳарбийлар юборилганини маълум қилганди. 26 апрель куни Шимолий Корея ҳарбийлари жанговар ҳаракатларда иштирок этганини Россия Қуролли кучлари Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов тасдиқлади.
Январь ойида Украина армияси Курск вилоятида шимолий кореялик икки аскарни асирга олганди. Президент Владимир Зеленский 12 январь куни улар сўроққа тутилгани акс этган видеони эълон қилган. Сўроқ пайтида КХДР аскарлари қаердалигини билмаслиги, уларга бу фақат ўқув машғулоти деб айтилганини таъкидлаган.
Изоҳ (0)