АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Ямандаги мигрантларни сақлаш марказига авиазарба берди. Оқибатда 30 га яқин одам ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда Al Masirah хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳужум пайти марказда жами 115 дан ортиқ одам бўлган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган одамларни қидиришда давом этмоқда. Қурбонлар ва жароҳатланганлар сони ортиши мумкин. Авиаҳужум оқибатида бино ёнғин ичида қолган. Воқеа жойида фуқаролик мудофааси кучлари бўлинмалари ишламоқда.
Ливаннинг Аl Mayadeen телеканалига кўра, Саада касалхоналари жароҳатланганлар билан тўлиб-тошган. Ушбу ҳужумлар АҚШнинг Қизил денгиздаги Яман ҳусийлари ҳужумини тўхтатишга қаратилган ҳарбий кампаниясининг бир қисмидир. Бироқ зарбалар асосан тинч аҳоли пунктларига берилган, оқибатда бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар сони ортиб бормоқда.
Яманнинг Адлия ва инсон ҳуқуқлари вазирлиги АҚШ томонидан тинч аҳоли, объектлар ва фуқаролик объектларига қарши давом этаётган тажовузкор жиноятларни қоралади. Ҳусийлар Исроилнинг Ғазодаги урушига норозилик сифатида Боб ал-Мандеб бўғозидан ўтаётган, асосан, Исроил, АҚШ ва Британия кемаларини нишонга олишда давом этмоқда. Уларнинг баёнотига кўра, агар Исроил доимий ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, ҳужумлар ҳам тўхтатилади.
Изоҳ (0)