АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари томонидан NGAD (Next Generation Air Dominance — Кейинги Авлод Ҳаво Устунлиги) дастури учун ўтказилган конкурсда Boeing ғолиб деб топилганди. Дональд Трамп “олтинчи авлод”га мансублиги айтилаётган қирувчи самолётга F-47 деб ном берди.
Бунинг ортидан Lockheed Martin компанияси самолётни ишлаб чиқариш ҳамда узоқ муддатли техник хизмат кўрсатишдан келадиган юзлаб миллиард долларлик шартномалардан маҳрум бўлди. Аммо улар таслим бўлмоқчи эмас.

Компания бош директори Жим Тайклет Пентагоннинг конкурс бўйича қарорига эътироз қилмаслиги, бироқ NGAD дастури учун ишлаб чиқилган илғор технологиялар F-35 ва F-22 самолётларига татбиқ қилинишини айтди. Бу ҳақда у инвесторлар учун тайёрланган ҳисоботда маълум қилди. Қайд этилишича, бу орқали юқорида санаб ўтилган самолётлар “супер қобилиятлар”га эга бўлади.
“ NGAD учун ишлаб чиқилган баъзи технологиялар ва имкониятлар мавжуд. Энди уларни F-35 ва F-22ъда қўллай оламиз. Аслида, биз F-35 базасидан фойдаланиб, уни Ferrari даражасига олиб чиқмоқчимиз”, деган Тайклет.
Бош директорнинг таъкидлашича, F-35 қирувчиси бу орқали “олтинчи авлод” самолётининг 80 фоиз техник имкониятларига эга бўлади. Эътиборлиси, бу учун янги самолёт ишлаб чиқаришга кетадиган харажатнинг ярими сарфланади.

Модернизация
F-35 ва F-22 қирувчиларининг техник имкониятларини ривожлантириш анчадан бери кун тартибида турибди. Бу учун Block 4 дастури ишлаб чиқилган бўлиб, энг катта янгилик йўлдош дрон билан боғлиқ.
Мутахассислар wингман, деб атайдиган учувчисиз учиш қурилмаси автоном парвоз қилади. У қирувчи самолётга оғир ўқ-дориларни олиб юриш, риски юқори миссияларни бажаришда ёрдам беради. Дрон кўрсатмаларни ўзи бириктирилган учувчидан олади. Lockheed Martin мазкур технология синовлардан муваффақиятли ўтганини таъкидлаган.

Чуқур модернизация янгилик эмас
Lockheed Martin бош директори назарда тутган ёндашув америкалик муҳандислар учун янгилик эмас. Масалан F-15 самолёти ҳам чуқур модернизациядан ўтказилиб, F-15ЭХ Eagle II ишлаб чиқилган эди. Гарчанд у тўртинчи авлод самолёти бўлса-да, бешинчи авлоднинг илғор технологиялари, жумладан замонавий авионика ва электрон уруш тизимлари билан таъминланган.
Шу боис Тайклет F-35 Ferrari’ни 5+ авлод деб атади. Бу F-15EX билан ёнма-ён келадиган “4+ авлод” таърифи билан ўхшашдир.
Маълум қилинишича, NGAD лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган технологияларнинг баъзиларини АҚШ ҳукумати молиялаштирган, қолгани учун эса Лоcкеед Мартин маблағ ажратган. Душман нишонларини ўзини фош қилмасдан туриб сканерлаш имконини берувчи пассив инфрақизил сенсорлар, яхшиланган стелс (радарларда кўринмаслик) технологиялари ҳамда юқорида санаб ўтилган wингман дронлари шулар жумласидан.
Экспорт масаласи
Lockheed Martin шу кунга қадар 1100 дан ортиқ F-35 Lighting II қирувчи самолётларини ишлаб чиқарди. Асосий харидор АҚШ ҳисобланса-да, яна 20 дан ортиқ давлат уларни сотиб олган ёхуд буюртмачилар рўйхатида навбатини кутяпти.

Тайклет янги технологиялар аввало Қўшма Штатлар ҳарбийларига берилишини айтиб, иттифоқчиларга сотилган самолётларни ҳам модернизациядан ўтказиш нияти борлигини билдирди. Аммо бу масалада якуний қарорни АҚШ ҳукумати қабул қилади.
“Биз имкон қадар кўпроқ технологияларни экспортга яроқли, сотиш учун ҳукуматдан рухсат олиш имконияти юқори қилиб лойиҳалаштирамиз”, деди Тайклет.
Маълум бўлишича, расмийлар Lockheed Martin компаниясига уларнинг прототипи NGAD дастурида нима учун танлаб олинмаганини изоҳлаб, махфий ахборот (дебриэфинг) топширган. Компания ҳозирча буни ўрганмоқда. Аммо тафсилотлар ошкор этилмайди.
Изоҳ (0)