Россиянинг Астрахан вилоятида 14 апрель куни иккита автомобиль тўқнашуви оқибатида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда “кп.ру” хабар бермоқда.

Ўзбекистон болалар омбудсманига кўра, ҳодиса оқибатида Ўзбекистон фуқароси бўлган (2013 йилда туғилган ўғил бола) Б.Р. шифохонага ётқизилган. Ушбу ЙТҲда боланинг автомашинада бўлган ота-онаси вафот этган.
Бола енгил жароҳат олган бўлиб, кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли соғлиғи тиклангандан сўнг, уни Ўзбекистонга қайтариш ва яқин қариндошлари қарамоғига топшириш масаласи ўрганилган.
Хусусан, фожиадан хабар топган боланинг яқин қариндошлари етиб келиб, вақтинча васийликни расмийлаштириш жараёнини бошлаган бўлса-да, болани Россиядан олиб чиқиш учун ҳужжатлар етарли бўлмаган.
Тезкор ҳамкорлик чоралари натижасида Ўзбекистоннинг Ростов Дон шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Астрахан вилояти Ижтимоий ривожланиш ва меҳнат вазирлиги томонидан зарурий амалий ёрдам кўрсатилиб, болага ва унинг қариндошига қисқа фурсатда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва бола ватанга қайтарилди.
Ҳозирда бола Ўзбекистонга олиб келиниб, қариндошлари (онасининг синглиси) қарамоғига топширилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болага расман васийлик ва унга зарур бўлган ижтимоий-психологик чоралар кўрилади.
Хориждан Ўзбекистонга қайтарилган болалар
2024 йил август—сентябрь ойларида хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 34 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Октябрь ойида Россияда қаровсиз қолган 8 ойлик чақалоқ Ўзбекистонга, ота-онаси бағрига қайтарилди. Москвадаги вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш марказидан 4 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди. Ўша ойда Туркияда ота-онасининг қаровисиз қолиб кетган уч нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Ноябрда Дубайни тарк этиш тақиқланган ўзбекистонлик болага ватанга қайтишига ёрдам берилди. Декабрда Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Шунингдек, Россиянинг Тива Республикаси Оқ Довурак шаҳрида вақтинча ишлаётган ва ҳужжатларини йўқотган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилганди.
- Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 16 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
- Россияда оилавий зўравонлик қурбони бўлган ўзбекистонлик аёлга ёрдам берилди
- Россияда мушкул аҳволда қолган оила Ўзбекистонга қайтарилди
- Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 11 нафар ўзбекистонлик бола ватанга олиб келинди
- Хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 30 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилади
Изоҳ (0)