Ноқонуний умра сафарлари ортидан 34 та жиноят иши қўзғатилди, 580 нафар фуқаро чартер рейс орқали қайтарилди. Бу ҳақда Диний қўмита хабар берди.
Жорий йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистон ҳудудида айрим фуқаролар томонидан туристик компания ниқоби остида ҳеч қандай лицензиясиз умра сафарларини ташкил қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу борада 34 та жиноят иши қўзғатилди. Мазкур жиноятлар доирасида 46 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, ноқонуний фаолият юритган 53 та туристик хизмат кўрсатувчи субъектларнинг фаолияти тўхтатилди. Масъуллар билдирган маълумотларга кўра, баъзи турфирмалар ўз зиммасига олган вазифаларни бажармагани сабабли кўплаб фуқаролар Саудия Арабистонида оғир ҳолатга тушиб қолган.
“Юртдошларимиз сарсон бўлиб, ўша жойларда неча кунлаб оч ва ётоқсиз қолиб кетишди”, дея маълум қилди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов.
Зиёрат мақсадида Саудия Арабистонига борган, бироқ ноқонуний ташкил этилган сафарлар натижасида муаммога дуч келган жами 580 нафар фуқаро чартер рейс орқали юртга қайтарилган.
Апрель ойининг ўрталарида Тошкентда тўрт кишини ҳажга жўнатиш учун 23,6 минг доллар олган шахс ушланганди. Шунингдек, пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда сохта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйилганди.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябргача “Ҳаж ва умра ягона портали” ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқилади. Бу орқали фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсад қилинган.
Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш
2024 йил июлида Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Ҳукумат қарори билан қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилган. Лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан умра хизматларини кўрсатганлик учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) этиб белгиланган.
Изоҳ (0)