Ижтимоий тармоқларда боғча тарбиячиси боланинг оёғини куйдириб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 23 апрель куни Наманган вилояти Поп туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.М. (1994 йилда туғилган аёл) вояга етмаган фарзанди Р.С. (2023 йил ноябрда туғилган қиз бола)ни вақтинча парвариш учун С.С.га топширган.
Маълум вақтдан сўнг фарзандини олгани келганида боланинг оёғи куйганидан хабар топган.
Аёл болани шифокорга олиб бориб, куйган пайти зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилмагани маълум бўлган. Шу туфайли она ва С.С. ўртасида низо юзага келган.
Ҳозирда бола куйгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сўнгги ойларда боғчаларда болаларга нисбатан қилинган қўпол муносабатлар
2025 йил 3 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олингани маълум қилинди. 27 март куни Тошкент вилоятидаги боғчада ҳам болаларга қўполлик қилиб келган тарбиячи ишдан олинганди. 14 февраль куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уриб, уларни ҳақоратлагани учун жаримага тортилиб, ишдан кетганди.
28 февраль куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланди. 21 февралда Тошкентдаги боғчада бола стулга скотчлаб қўйилгани ортидан тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишдан бўшатилди. 6 февраль куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги боғчада 6 ёшли боланинг танасига игна санчиб, таҳдид қилингани аниқланди.
6 январда Тошкент вилоятидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, бир неча маротаба ургани аниқланиб, ишдан олинди.
Изоҳ (0)