Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида яшовчи шахс хонадонида гиёҳвандлик воситалари ва қалбаки пулларни сақлаб келаётганлиги аниқланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, “Нурафшон” маҳалласида яшовчи 55 ёшли фуқаронинг уйидан ҳовлисига кўмиб қўйилган, гугурт қутиларига солинган гиёҳвандлик моддаси аниқланди. Шунингдек, целлофан бўлакларга солинган 14,5 млн сўм қалбаки пуллар борлиги маълум бўлди.

Гиёҳвандлик моддаси ва сохта пуллар холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди. Ҳозирда ИИО томонидан қўшимча тезкор қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Гиёҳванд моддалар савдоси:
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек—қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Апрель ойи охирида Тошкент вилоятида наркокурерлик билан шуғулланган коллеж талабаси ушланганди.
Октябрь ойининг 10 куни давомида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан (“закладка”) тарқатган ва шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланган 32 нафар шахс ушланган.
Сохта пуллар савдоси
Навоий вилояти ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бўлими, ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ томонидан 400 миллион сўм сохта пуллар 160 миллион сўм ҳақиқий пулларга алмаштирилаётган пайтда қўлга олинганди.
Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида харидор қалбаки пулга iPhone сотиб олгани, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида қалбаки пуллар муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)