Тошкент вилоятида қум-шағал аралашмасини ноқонуний ортганлар 4 млрд сўм тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва вилоят ИИББ билан ҳамкорликда навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.
Рейд давомида Юқори Чирчиқ тумани “Нурафшон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг муҳофаза минтақасига яқин жойда қум-шағал аралашмаси давлат рақами ечиб олинган юклагич ёрдамида юк машиналарига ҳеч қандай рухсатномасиз юклаб берилаётгани аниқланди.
Транспорт воситаларини вақтинчалик сақлаб туриш учун туман ҳудудида жойлашган жарима майдончасига жойлаштириш вақтида ҳайдовчилар қонуний талабларга бўйсунмай, воқеа жойидан қочиб кетди. Ҳуқуқбузарлар ушбу ҳаракатлари билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунлар талабларини бузган.
Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 4 миллиард 347 миллион 712 минг 454 сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилди.
Дарёлар ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган
Президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга 2024 йил 1 майдан муддатсиз мораторий жорий қилинди. Ноқонуний қазиб олиш ишлари натижасида табиатга етказилган зарар учун жавобгарлик ҳам кучайтирилди.
Шунга қарамай, ноқонуний қум-шағал қазиб олиш давом этмоқда. 12 февраль куни Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида табиий қум хом ашёсини ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари фош этилди. Тошкент вилояти Бекобод туманида ноқонуний равишда қум қазиб олиниши оқибатида табиатга 100 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди.
13 январда Самарқанднинг икки ҳудудида қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 826 миллиард сўм зарар етказилганди.
Изоҳ (0)