Москванинг Таган суди Google’ни Украинадаги уруш давомида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг шахсий маълумотларини ошкор қилишда айбдор деб топди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар бермоқда.

“Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасида назорат бўйича федерал хизматга махсус операция давомида Россия Федерацияси Қуролли кучлари шахсий таркибининг йўқотишларини очиб берувчи маълумотлар, ҳалок бўлганларнинг исмлари, анкета маълумотлари, шунингдек, уларнинг шахсий маълумотларини ўз ичига олган ахборотни Россия Федерациясида тарқатилиши тақиқланган маълумот деб тан олиш тўғрисидаги қарорлар келиб тушди”, дейилади ҳужжатда.
Унда таъкидланишича, мазкур маълумотлар YouTube видеохостингига жойлаштирилган роликлардан бирида эълон қилинган.
“YouTube’дан фойдаланиш шартларига кўра, хизмат провайдери Google LLC ҳисобланади ва унинг фаолияти Делавер штати қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади”, деб кўрсатилган суд қарорида.
Худди шу ҳужжат матнига кўра, Google Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 13.41-моддаси 2-қисми (Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ чекланиши лозим бўлган маълумотлардан фойдаланишни чеклаш тартибини бузиш) бўйича айбдор деб топилди. Компанияга 3,8 миллион рубль (47 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланди.
Таган суди илгари ҳам Google’ни маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун бир неча бор жаримага тортган. Протоколлар тузилишига YouTube’даги ноанъанавий жинсий муносабатларни тарғиб қилувчи ва Россия армиясини обрўсизлантирувчи видеолар сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, Google компаниясининг Россия Федерацияси олдидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича қарзи икки ундециллион (36 та нол рақамли сон) рублни ташкил этган ва тўловлар кечиктирилгани сабабли ҳар куни ошиб бормоқда. Шу билан бирга, компаниянинг Россия бозорига қайтиши фақат суд қарори бажарилган тақдирдагина мумкин бўлади.
Буюк Британияда Америка компанияси Google’га қарши 5 миллиард фунт стерлингдан ортиқ (тахминан 6,6 миллиард доллар) жамоавий даъво киритилганди.
Еврокомиссия Google қидирув тизимини ўз ичига олган Alphabet компаниясига Европа иттифоқининг рақамли бозорида рақобат қоидаларини мунтазам равишда бузаётгани тўғрисида огоҳлантириш юборганди.
Изоҳ (0)