Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари умумий ҳисобда 1,1 фоиз арзонлашди. Бу ҳақда Статистика қўмитасининг навбатдаги таҳлилида маълум қилинди.

2025 йил июнда йиллик инфляция 8,7 фоиз бўлиб, 2024 йил мос давридагидан (10,6 фоиз) 1,9 фоизга пасайди. Истеъмол товарлари ойлик нархларида эса 0,2 фоиз дефляция кузатилди.
Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоиз арзонлашган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,2 фоиз, хизматлар 0,8 фоиз қимматлашган. Ой давомида Сурхондарё (0,4 фоиз), Қорақалпоғистон (0,2 фоиз) ва Хоразмда (0,1 фоиз) нархлар ўсиши давом этган.
Июнда ҳудудлар кесимида энг юқори йиллик инфляция Фарғона вилоятида қайд этилди — 10 фоиз. Шу билан бирга, Хоразм (9,3 фоиз) ва Қашқадарё (8,8 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (9,1 фоиз) ўрта даражадан юқори инфляция аниқланди.
Ой давомида нархлар тушиши асосан мева ва сабзавот маҳсулотларида кузатилган. Жумладан, мева ва ёнғоқлар 3,3 фоиз, сабзавот, илдизмевали ва дуккакли маҳсулотлар 10,2 фоиз арзонлашган.
Асосий турдаги қуйидаги сабзавотлар нархлари сезиларли пасайган:
- бақлажон (-51,6 фоиз)
- помидор (-46,6 фоиз)
- булғор қалампири (-38 фоиз)
- бодринг (-30,9 фоиз)
- тарвуз (-26,8 фоиз)
- карам (-23 фоиз)
- саримсоқ нархларида (-10,5 фоиз).
Ўз навбатида цитрус мевалар нархлари 13,8–36,2 фоиз оралиғида, сабзи 12,4 фоиз, парранда гўшти 1,6–1,8 фоиз, тухум 5,3 фоиз қимматлашган.
2025 йил июндан Андижон, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда совуқ сув ва канализация учун янгиланган тарифлар жорий қилинди. Навоий вилояти ва Қорақалпоғистонда маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати тарифи янгиланди.
Қўмита шарҳида ёзилишича, совуқ сув ва турар жойлар билан боғлиқ бошқа хизматлар бўйича инфляция июнь ойи давомида республика бўйича 6,1 фоизни ташкил этди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида амбулатория ва эмлаш хизматлари, диагностика ва тиббий лабораториялар учун нархларнинг 1,1–1,3 фоиз оралиғида ўсиши қайд этилди.
Изоҳ (0)