Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан божхона органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати ва тарифлари тасдиқланди.

Ҳужжат президентнинг 25 мартдаги “Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Рўйхат 68 турдаги хизматларни қамраб олади, жумладан:
- экспорт-импорт операциялари бўйича ахборот олиш (масалан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва божхона брокерлари томонидан мустақил равишда расмийлаштирилган божхона юк декларациялари тўғрисида ахборот олиш);
- Божхона қўмитасининг ахборот тизимларига тўғридан-тўғри интеграция қилиш орқали бир йил давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо (импорт-экспорт) божхона статистикаси бўйича маълумотларни олиш (товарлар сонига қараб тариф);
- кредит олиш учун тижорат банкига мурожаат қилган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни тижорат банкига унинг сўровига асосан ахборот тизими орқали тақдим этиш;
- Марказий божхона лабораторияси томонидан кўрсатиладиган хизматлар:
- кимёвий хоссалари асосида тўқимачилик матоларининг таркибини аниқлаш;
- товарлар экспертизаси тури бўйича хизматлар ва бошқалар.

Божхона институти томонидан кўрсатиладиган хизматлар, хусусан:
- “Ташқи иқтисодий фаолият” ва бошқа йўналишларда ўқиш истагини билдирган талабани ўқитиш ва турар жой билан таъминлаш;
- Миллий кинология маркази (ит ва мушукларни клиник кўрикдан ўтказиш ва паспортлаштириш ва ҳ.к.).
Энг қиммат хизмат — тижорат банкига кредит олиш учун мурожаат қилган шахсларнинг розилиги асосида уларга оид маълумотларни ахборот тизими орқали тижорат банкига сўров асосида бир йил давомида тақдим этиш ҳисобланади. Бунинг учун БҲМнинг 2000 баробари миқдорида тўлов қилинади (824 млн сўм)
Ўзбекистон ташқи савдо божхона статистикаси (импорт–экспорт) бўйича маълумотларни Божхона қўмитаси ахборот тизимларига тўғридан-тўғри интеграция орқали бир йил давомида олиш учун қуйида миқдорда тўлов қилинади:
- 50 мингта товаргача — БҲМнинг 25 баравари (10,3 миллион сўм);
- 4 млн тадан ортиқ товар учун — БҲМнинг 250 баравари (103 миллион сўм).
Батафсил рўйхат билан ушбу ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин.
Ҳужжат Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Изоҳ (0)