2025 йил 15 август куни Владимир Путин ва Дональд Трамп Аляска штати маъмурий маркази Анкориж шаҳрида учрашди. Учрашув бир неча соат давом этган ва таҳлилчиларга кўра у натижасиз тугаган. Бу учрашув Россия ва АҚШ президентларининг сўнгги 10 йилда дастлабки учрашуви бўлди.
Жаҳон тарихига назар ташланса АҚШ президентлари узоқ йиллар давомида, аниқроғи 1943 йилгача совет раҳбарлари билан бирон марта учрашмаган. Бунинг асосий сабаби, урушгача СССР дунёнинг унча муҳим давлати бўлмаган ва АҚШга рақобат қила олмаган.
Ўша пайтларда Америкага асосан дунёнинг жуда катта қисмида мустамлакаларга эга бўлган Британия рақобат қиларди. Сталин бошчилигидаги советлар эса бойлик, қудрат, ҳарбий салоҳият бўйича АҚШнинг яқинига ҳам бора олмасди.
Шу учун ҳам гарчи советлар давлати 1917 йилда тузилган ва 1922 йилда СССР ташкил этилган бўлса ҳам АҚШ фақат 1933 йилга келиб Москва билан дипломатик алоқалар ўрнатади.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан сўнг икки йил ўтиб, 1941 йилда немислар СССРга ҳужум бошлайди. Ўшанда Германия армияси қисқа вақтда Москва остонасигача етиб боради.
1943 йилга келиб фронтда вазият ўзгара бошлайди ва Сталинград остонасида йирик мағлубиятга учраган немислар ортга чекина бошлайди. Ана шундан бошлаб советлар СССРнинг буюк давлатга айланганини таъкидлай бошлайди.
Урушдан сўнг СССР Шарқий Европа ва Шарқий Осиёдаги бир қанча давлатларни ўз таъсир доирасига олади ва уларда коммунистик режим ўрнатилади. Шу тариқа СССР дунёдаги иккинчи қутб – коммунистик лагер лидерига айланади.
Кейинчалик 1950 йилларнинг иккинчи ярмида советлар Жанубий-Шарқий Осиёдаги Вьетнам, Лаос, Кариб ҳавзасидаги Кубада, шунингдек, Африка ва Лотин Америкасининг бир қатор давлатларида коммунистик режим ўрнатилишига ёрдам беради.
Ўша пайтларда дунёнинг аксарият давлатларида икки йўл – АҚШ ёки СССР паноҳи остига кириш бор эди. Учинчи йўл йўқ эди. Шу сабабли ҳам 1943 йилда фронтда ўзгариш бошлангандан сўнг АҚШ президентлари совет раҳбарлари билан ҳисоблашишга мажбур бўлган ва ҳар икки давлат лидерларининг илк учрашуви ҳам ўша йили бўлиб ўтган.
АҚШ президентларининг совет ҳамда Россия раҳбарлари билан учрашувлари бир нечта бандга бўлинади. Жумладан, улар алоҳида давлат ташрифларини амалга оширган. Бундан ташқари, турли халқаро анжуманларда учрашган.
Қўйида совет ҳамда Россия раҳбарларининг АҚШ президентлари билан бўлган учрашувларини эслаб ўтамиз.
АҚШ президентларининг СССР ва Россияга ташрифлари
Франклин Рузвельт, 1945 йил

АҚШ-СССР ўртасидаги мулоқотларда Американинг 32-президенти Франклин Рузвельт алоҳида ўрин эгаллайди. АҚШни 1933 йилдан 1945 йил вафотигача бошқарган бу шахс ўлимидан бир оз аввал СССРга ташриф буюради.
Ташриф 1945 йил 4 февраль куни амалга оширилади. Ўшанда немислар билан бўлган урушда ғалаба қозониши аниқ бўлган советлар урушдан кейин қилинаиган ишларни муҳокама қилиш учун конференция ўтказишга қарор қилади.
Бу конференцияда худди 1943 йилда Эрон пойтахти Теҳронда бўлани каби СССР раҳбари Сталин, Британия бош вазири Уинстон Черчилл ва АҚШ президенти қатнашиши кўзда тутилганди. Рузвельт ана шу конференцияда қатнашиш учун СССРга келади.
Ташриф давомида Рузвельт Сталин билан ҳам алоҳида учрашади ва баъзи масалалар муҳокама қилинади.
Ричард Никсон, 1972 ва 1974 йиллар

Рузвельтнинг ташрифидан кўп ўтмай СССР ва АҚШ муносабатлари таранглаша бошлайди. Америкаликларга урушдан сўнг Шарқий Европани ўз назоратига олган Москванинг Шарқий ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги давлатларни ҳам ўз таъсир доирасига олиши, АҚШнинг биқинида жойлашган Кубада коммунистик тузум ўрнатиши ёқмайди.
Оқибатда, ҳар икки давлат очиқ душманлик йўлига ўтишади. Шу сабабли ҳам ҳар икки томон бир-бирига раҳбарларнинг давлат ташрифини амалга оширмайди.
Бироқ, 1970 йиллар бошларидан вазият бир оз ўзгаради ва алоқалар илиқлаша бошлайди. Бунга 1969 йилдан АҚШни бошқара бошлаган Ричард Никсон сабабчи бўлади. У президентликка киришгач Москва билан дўстона алоқалар ўрнатишини маълум қилади ва буни амалда кўрсатади.
1972 йил 22 май куни Никсон Москвага ташриф буюради ва СССРда 8 кун юради. У Брежнев билан учрашиб муҳокамалар ўтказади. Шунда икки томон стратегик қуролларни қисқартириш бўйича келишувга эришади. 30 май куни у ортга қайтади.
Орадан икки йил ўтгач, 1974 йил 27 июнь куни Ричард Никсон яна Москвага ташриф буюради. Бу сафар Брежнев билан Қримга боради ва мамлакатнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилади. У бу сафар ҳам СССРда қарийб бир ҳафта юради ва 3 июль куни ортга қайтади.
Ўшанда Никсонни АҚШда нохуш вазият кутиб турганди. Унга “Уотергейт можароси” туфайли импичмент хавф солади. Шунда СССРга келганидан уч ой ўтиб, Никсон истеъфога чиқади.
Жералд Форд, 1974 йил

Ричард Никсон истеъфога чиққач унинг ўрнига ўша пайьа вице-президент лавозимида ишлаган Жералд Форд АҚШ президентига айланади.
У 1974 йил 23-24 ноябрь кунлари СССРга ташриф буюради ва советлар билан қитъалараро баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича муҳим келишувларни имзолайди.
Ўшанда Форд Москвага келмайди. Учрашувлар Узоқ Шарқда жойлашган Владивосток шаҳрида бўлиб ўтади.
Роналд Рейган, 1988 йил

1979 йилда совет армияси Афғонистонга бостириб киргач АҚШ-СССР муносабатлари совуқлашади. Ғарб давлатлари СССРга санкциялар қўллайди.
1985 йилда СССРга Михаил Горбачёв раҳбар бўлгач ислоҳотларни бошлайди. У 1986 йилда Афғонистондан совет қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиш ҳақида эълон қилади. Бу ўзгаришлар ижобий натижа беради ва АҚШ-СССР муносабатлари илиқлаша бошлайди.
1988 йил 29 май куни СССРга АҚШ президенти Роналд Рейган ташриф буюради. У Горбачёв билан музокаралар ўтказади ва бир қатор келишувлар имзоланади. Рейган СССРда 5 кун бўлади ва 2 июнь куни ортга қайтади.
Жорж Буш, 1993 йил

1991 йил август ойи охирларида СССР парчаланиб кетди. Горбачёв “ўйин”дан чиқди ва Борис Ельцин мустақил Россиянинг биринчи президентига айланди.
Орадан бир ярим йил ўтгач, 1993 йил 2 январь куни Россияга АҚШнинг навбатдаги президенти Катта Жорж Буш ташриф буюрди. У Москвада икки кун бўлди ва бир қатор келишувларни имзолаб, 3 январь куни ортга қайтди.
Маълумот учун, Катта Жорж Буш унгача СССРда уч марта – 1982 йилда Брежневни, 1984 йилда Юрий Андроповни, 1985 йилда Константин Черненконинг дафн маросимларига келган эди.
Билл Клинтон, 1994 йил
Билл Клинтон Москвага 1994 йил 12 январда ташриф буюради. Ўшанда у Украина президенти Леонид Кравчук ва Борис Ельцин билан биргаликда “Украина ҳудудидаги ядро қуролларини тугатиш” ҳақидаги келишувни имзолайди. Ўшанда Клинтон Россияда 4 кун бўлади ва 15 январда ортга қайтади.
Клинтоннинг Россияга навбатдаги ташрифи 1995 йил 9 май куни бўлиб ўтади. У Борис Ельцин билан учрашишдан ташқари Россия мухолифати, Коммунистик партия лидери Геннадий Зюганов, “Яблоко” партияси лидери Григорий Явлинский ва Россия ҳукуматида ишловчи Егор Гайдар ва бошқалар билан учрашиб, улар билан нонушта қилади.
Ўшанда учрашувга негадир либераллар лидери Владимир Жириновский таклиф этилмайди.
Клинтон Москвага учинчи марта 2000 йил 3 июнда келади. Бу пайтда Россияни Владимир Путин бошқараётганди. У Москвада уч кун юради ва Путин билан бир қатор келишувларни имзолайди. 5 июнь куни Клинтон ортга қайтади.
Кичик Жорж Буш, 2002, 2003 ва 2005 йиллар
2002 йил 23 май куни Россияга Кичик Жорж Буш ташриф буюради. У Путин билан бир қатор муҳим келишувларни имзолайди ва 26 май куни ортга қайтади.
Кичик Жорж Буш Россияга навбатдаги ташрифини 2003 йил 31 май-1 июнь кунларида амалга оширади. Ўшанда У Санкт-Петербург шаҳрининг 300 йиллик тантаналарига таклиф этилган.
2005 йил 8 май куни Кичик Жорж Буш яна Россияга келади. У бу сафар Москвада 9 май куни ўтказилган Ғалаба байрами парадида қатнашади ва ўша куни ортга қайтиб кетади.
Барак Обама, 2009 ва 2013 йиллар
2009 йил 6 июль куни Барак Обама Москвага ташриф буюради. Бу пайтда Россия презиенти Дмитрий Медведев эди. Икки раҳбар бир қатор келишувларни имзолайди ва 8 июль куни Обама ортга қайтаи.
2013 йилда Обама яна Россияга келади. Бу сафар у Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган G20 (Катта йигирма) саммитида иштирок этади.
СССР ва Россия раҳбарларининг АҚШга ташрифи
Никита Хрушчёв, 1959 йил
Совет раҳбарларидан биринчи бўлиб АҚШга 1959 йилда Никита Хрушчёв боради. У 15 сентябрь куни Вашингтонга етиб боради. Ўшанда АҚШни 34-президент Дуайт Эйзенхауэр бошқарарди.
АҚШга хотини, фарзандлари ва куёвини ҳам олиб борган Хрушчёв океан ортида икки ҳафта бўлади. У Эйзенхауэр билан музокаралар ўтказади. Нью Йорк ва Лос-Анжелес шаҳарларини томоша қилади. Ҳолливудга боради.
Шунингдек, совет раҳбари фермер далаларини бориб кўради. Ана шунда у америкалик фермерни жўхоридан юқори ҳосил олаётганини кўради ва СССРга қайтгач ҳамма жойга жўхори экдиради. Ўшанда Кремлни барча жойини жўхори бошоқлари безаб турадиган бўлади. Никита Хрушчёв 27 сентябрь куни ортга қайтади.
Леонид Брежнев, 1973 йил
1970 йиллар бошларида АҚШ ва СССР ўртасидаги муносабатлар бир оз илиқлашади. 1972 йилда АҚШ президенти Ничард Никсон Москвага келади.
Шундан сўнг 1973 йил 16 июнь куни совет раҳбари Леонид Брежнев АҚШга давлат ташрифи билан боради. У Америкада 10 кун бўлади ва президент Никсон билан музокаралар ўтказади. Бир қанча келишувларни имзолайди.
Шунингдек, Брежнев бир қанча штатларда бўлади. АҚШнинг диққатга сазовор жойларини бориб кўради. Сўнг 25 июнь куни ортга қайтади. Ўшанда Брежнев Москвага эмас, Францияга ташриф буюради.
Михаил Горбачёв, 1987 йил
1985 йилда СССР раҳбари бўлган Михаил Горбачёв бир қатор ислоҳотлар ўтказишини эълон қилади. Ислоҳотлар орасида Ғарб давлатлари билан алоқаларни яхшилаш режаси ҳам бор эди.
Ана шу режага мувофиқ 1987 йил 7 декабрь куни у АҚШга ташриф буюради. Вашингтонда президент Роналд Рейган билан музокаралар ўтказиб, бир қатор келишувларни имзолайди. Сўнг 10 декабрь куни ортга қайтади.
Турли тадбирлардаги учрашувлар
Теҳрон конференцияси. СССР ва АҚШ раҳбарларининг илк учрашуви 1943 йил 28 ноябрь-1 декабрь кунларида Эронда бўлиб ўтган Теҳрон конференциясида юз беради.
Ўшанда Британия бош вазири Уинстон Черчилл, АҚШ президенти Франклин Рузвельт ва Сталин бир қатор масалаларни, жумладан Европа иккинчи фронтни очиш бўйича музокаралар ўтказади.
Подстам конференцияси. Иккинчи жаҳон уруши тугаши арафасида Германиянинг Подстам шаҳрида халқаро конференция бўлиб ўтади. Унда Сталин, Британия бош вазири Черчилл ва Рузвельтнинг вафотидан сўнг АҚШ президентига айланган Ҳарри Трумен иштирок этади.
Конференция 17 июлдан 2 августгача давом этади ва томонлар унда бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилишади.
Женева йиғилиши. 1955 йил 18-23 июль кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида халқаро йиғилиш ўтказилади. Унда қатнашган совет раҳбари Никита Хрушчёв ва АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауэр ўзаро учрашади ва бир қатор масалаларни муҳокама қилади.
Женева учрашуви. 1985 йил 19-21 ноябрь кунлари АҚШ президенти Роналд Рейган ва совет раҳбари Михаил Горбачёв Швейцариянинг Женева шаҳрида учрашув ўтказади. Томонлар бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилишади.
Рейкявик учрашуви. 1986 йил 11-12 октябрь кунлари Роналд Рейган ва Михаил Горбачёв Исландия пойтахти Рейкявик шаҳрида учрашув ўтказишади. Бу учрашувда бир қатор муҳим масалалар қаторида Афғонистондан совет қўшинларини тезроқ олиб чиқиш ҳам муҳокама қилинади.
Малта учрашуви. 1989 йил 2-3 декабрь кунларида Михайил Горбачёв АҚШнинг янги президенти Катта Жорж Буш билан Малта ороли соҳилларида турган совет теплоходида норасмий учрашув ўтказади.
Ўшанда бир қатор масалаларни муҳокама қилган икки давлат раҳбари АҚШ ва СССР ўртасида келишмовчиликлар бутунлай барҳам топганини эълон қилишади.
Ванкувер учрашуви. 1993 йил 3-4 апрель кунлари Канаданинг Ванкувер шаҳрида АҚШ президенти Билл Клинтон ва Россия президенти Борис Ельцин ўзаро учрашади. Учрашувда иқтисодий ҳамкорлик, савдо ва бошқа масалалар бўйича келишувлар имзоланади.
Любляне учрашуви. 2001 йил 16 июнь куни Словениянинг Любляне шаҳрида Путин ва Кичик Жорж Буш ўртасида учрашув ўтказилади. Томонлар турли масалаларни муҳокама қилишади.
Хоккайдо учрашуви. 2008 йил 7 июль куни Япониянинг Хоккайдо оролида ўтказилган G20 (Катта йигирма) саммитида Россия президенти Дмитрий Медведев ва Кичик Жорж Буш учрашади. Учрашувда турли қуролларни қисқартириш масаласи муҳокама қилинади.
Лондон учрашуви. 2009 йил 1 апрель куни Британия пойтахти Лондон шаҳрида Дмитрий Медведев ва АҚШнинг янги президенти Барак Обама ўртасида учрашув ўтказилади. Томонлар асосан турли қуролларни қисқартириш ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишади.
Умумий ҳисобда Медведев ва Обама 11 марта учрашишади. Уларнинг бир қанчаси Медведев президент бўлган вақтда, бошқалари у Россия бош вазири бўлиб ишлаб юрган пайтларда содир бўлади.
Прага учрашуви. 2010 йил 8 апрель куни АҚШнинг навбатдаги президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев Чехия пойтахти Прага шаҳрида ўзаро учрашади. Томонлар ядро қуролларини қисқартириш бўйича келишувларни имзолайди.
Мексикадаги учрашув. 2012 йил 18 июнда Мексиканинг Лос Кабос шаҳрида ўтказилган G20 (Катта йигирма) саммитида энди Обама сал аввал “тахтга қайтган” Путин билан учрашади.
Гамбургдаги учрашув. 2017 йил 7 июль куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Владимир Путин Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилган G20 (Катта йигирма) саммитида учрашади.
Ўша пайтда Россия ҳарбийларининг 2014 йилда Украина шарқига бостириб кириши ва Москванинг Қримни босиб олиши туфайли ўзаро алоқалар анча совуқ эди.
Ўшандан кейин Трамп ва Путин турли тадбирларда яна беш марта учрашишади. Шу жиҳатдан олганда Аляскадаги учрашув Трамп ва Путиннинг еттинчи учрашуви ҳисобланади.
Женева учрашуви. 2021 йил 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Путин Жо Байден билан учрашиб, музокаралар ўтказади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)