АҚШ президенти Дональд Трамп Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва бошқа махсус хизматлардан кенг миқёсда ходимларни қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларга асосланиб, The Washington Post газетаси хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Трамп маъмурияти МРБнинг 22 минг ходимидан камида 1,2 минг нафарини ишдан бўшатишни мўлжалламоқда. Аслида МРБ ходимларининг аниқ сони махфий сақланади ва ушбу рақам очиқ манбалардан олинган маълумотларга асосланган ҳолда тахмин қилинмоқда.
Қисқартиришлар АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ходимларининг яқинда оммавий равишда ишдан бўшатилишидан фарқли ўлароқ, бир вақтнинг ўзида эмас, балки бир неча йил давомида босқичма-босқич амалга оширилиши кутилмоқда.
WPнинг хабар беришича, кадрларни қисқартириш бўйича таклифлар аллақачон Конгрессга тақдим этилган. МРБдан ташқари, бу чора-тадбирлар Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА), Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси, Миллий геофазовий разведка агентлиги ва Миллий ҳарбий-космик разведка бошқармасига ҳам таъсир кўрсатади.
АҚШда давлат аппаратини қисқартириш
Дональд Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири АҚШ давлат аппарати ходимлари сонини сезиларли даражада қисқартириш ва бунинг натижасида унга сарфланадиган маблағларни тежаш эди. Республикачи президент бўлгач, шу мақсадда Ҳукумат самарадорлиги департаментини (DOGE) тузди, унга миллиардер Илон Маскни раҳбар этиб тайинлади.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг давлат харажатларини қисқартириш энг шов-шувли ҳодисалардан бири бўлди. Ушбу агентлик 40 миллиард доллардан ортиқ бюджетга ва 10 мингдан зиёд ходимга эга бўлиб, уларнинг минглаби хориждаги ваколатхоналарда ишлайди.
Трампнинг бюрократик аппаратни қисқартириш кампанияси таъсир қилган биринчи миллий хавфсизлик идораси АҚШ Марказий разведка бошқармаси бўлди. Февраль ойи бошида у барча ходимларига ишдан бўшашни ва саккиз ойлик маош миқдорида нафақа олишни таклиф қилди.
Март ойи охирларида АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги раҳбари кичик Роберт Кеннеди соғлиқни сақлаш тизимини умумий қайта қуриш доирасида 10 минг ходимни қисқартириш режалаштирилаётганини эълон қилди.
Американинг Challenger, Gray&Christmas ишга жойлаш компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги февраль март ойи ичида АҚШ ҳукуматининг самарадорлик департаменти (DOGE) фаолияти натижасида мамлакатдаги 27 та идорада 280 мингдан ортиқ федерал ходим ва пудратчилари ишдан бўшатилган.
Изоҳ (0)