Эрондан исталган миқдорда нефть ва нефть-кимё маҳсулотларини сотиб оладиган мамлакатлар ва шахсларга нисбатан АҚШ иккиламчи санкциялар қўллайди. Бу ҳақда президент Дональд Трамп маълум қилди.

Трампнинг таъкидлашича, ушбу мамлакатлар АҚШ билан ҳеч қандай шаклда бизнес қила олмайди. У Эрон нефти ёки нефть маҳсулотларининг барча харидларини зудлик билан тўхтатишга чақирмоқда. 2024 йил апрель ойида Эрондан нефть экспорти 6 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга етган. Маҳсулот, асосан, Хитойга етказиб берилган.
Politico нашри 11 апрель куни АҚШ президенти Эрон билан ядровий музокараларда муваффақиятга эришиш учун 60 кунлик муддат белгилагани ҳақида хабар берганди.
Акс ҳолда, Теҳрон ҳарбий чораларга дуч келиши мумкин, деган журналистларга тўртта манба.
Трамп март ойи охирида Эрон ядро дастури бўйича келишувга рози бўлмаса, уни “бомбардимон қилиш” ва иккиламчи божлар билан таҳдид қилганди.
Агар улар келишувга эришмаса, бомбардимон бошланади. Бу улар ҳеч қачон кўрмаган бомбардимонлар бўлади, деган эди АҚШ президенти.
Сиёсатчи 9 апрель куни Эронга қарши ҳарбий куч ишлатишга тайёрлигини такрорлаган. Апрель ойи ўрталарида эса Уммонда икки давлат ўртасида Теҳрон ядро дастури бўйича музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтган.
Маълумот ўрнида, 2015 йилда Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон ядровий келишувни — Эрон ядровий дастурига чекловлар эвазига санкцияларни бекор қилишни назарда тутувчи Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолади. АҚШ Трамп президентлиги даврида 2018 йилнинг май ойида ушбу келишувдан чиққан ва Теҳронга қарши санкцияларни тиклаган. Бунга жавобан Эрон келишув бўйича ўз мажбуриятларини босқичма-босқич қисқартириш, ядровий тадқиқотлар, центрифугалар ва уранни бойитиш даражасидаги чекловлардан воз кечишини эълон қилган.
Изоҳ (0)