Яман ҳусийлари сўнгги ҳафталарда АҚШнинг умумий қиймати 200 миллион доллардан ортиқ бўлган еттита Reaper дронини уриб туширди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Бу Вашингтоннинг ҳусийларга қарши олиб бораётган кампаниясидаги энг катта моддий йўқотиш саналади. Мудофаа расмийларига кўра, дронлар 31 мартдан 22 апрелгача уриб туширилган. Уларнинг учтаси сўнгги ҳафта давомида йўқ қилинган. Бу ҳусийларнинг юқори баландликда учувчи АҚШ авиатехникасига қарши зарба бериш қобилияти ошганини кўрсатади.
Ҳар бир Reaper дрони тахминан 30 миллион доллар туради. Улар сувга ёки қуруқликка қулаганида разведка ёки ҳужум миссияларини бажараётган бўлган. The Associated Press хабарига кўра, зарбалар 31 март, 3, 9, 13, 18, 19 ва 22 апрель кунлари амалга оширилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп 15 мартдан бошлаб ҳусийларга қарши ҳар куни зарбалар беришни буюрган. Оқибатда Ямандаги ҳусийлар назорати остида бўлган ҳудудларда ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги вакили Даве Эастбурннинг айтишича, АҚШ кучлари 800 дан ортиқ нишонни уриб, қўмондонлик марказлари, қурол-яроғ омборлари ва ҳаво мудофаа тизимларини йўқ қилган. Шунингдек, юзлаб ҳусий жангчилари ва етакчиларини ўлдирган. Бироқ ушбу даъволарни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмади.
Яна бир АҚШ расмийси, исми ошкор қилинмаган ҳолда, дрон йўқотишлари ҳозирда тергов қилинаётганини айтди. Аммо улар душман ҳужуми оқибатида уриб туширилгани эҳтимолдан ҳоли эмаслигини билдирди.
Ҳусийлар Исроилнинг Ғазодаги урушига норозилик сифатида Боб ал-Мандеб бўғозидан ўтаётган, асосан Исроил, АҚШ ва Британия кемаларини нишонга олишда давом этмоқда. Уларнинг баёнотига кўра, агар Исроил доимий ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, ҳужумлар ҳам тўхтатилади.
Изоҳ (0)