Фарғона вилоятининг Риштон туманида Lacetti газ баллони портлашидан бир киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан суд иши якунланди.
Воқеа 27 июнь куни соат 11:40 ларда юз берган. “Марказ” МФЙ ҳудудидаги деҳқон бозори олдида турган Lacetti автомашинаси метан газ баллони портлаб кетган.
Портлаш вақтида автомобиль ичида ҳеч ким бўлмаган, бирламчи маълумотга кўра, портлаш натижасида автомобиль атрофидаги шахслар турли даражада тан жароҳати олган. Портлаш натижасида келиб чиққан ёнғин зудлик билан бартараф этилган.
Lacetti эгаси автомашинасини деҳқон бозори ҳудудига тўхтатиб, ўзи савдо қилиш учун бозорга кириб кетган бўлган.
Портлаш оқибатида шу атрофда бўлган фуқаро А.А. тан жароҳати олиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Ҳолат юзасидан очилган жиноят иши Риштон туман судида кўриб чиқилди. Ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси билан айбли деб топилди ва 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолатда 3 йилга озодликдан ҳам маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, ҳайдовчидан жабрланувчилар фойдасига 26 млн сўм моддий, 58 млн сўм маънавий зарарлар ундириш белгиланди.
2024 йилнинг январь ойи ўрталарида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги метан заправкада ҳам “Жигули”да ёнғин чиққанди.
Октябрь ойида Қарши туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлганди.
20 февраль куни соат 18:02 да Андижондаги заправкада ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Фуқароларга малакали тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага ётқизилган.
Изоҳ (0)