АҚШ маъмурияти 14 июнь куни мамлакат қуролли кучларининг 250 йиллигига бағишлаб кенг кўламли ҳарбий парад ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ички ҳужжатларга асосланиб хабар берилишича, тадбир санаси президент Дональд Трампнинг 79 ёшга тўлишига тўғри келади. Бу ҳақда Associated Press (AP) агентлиги хабар бермоқда.

Парад Вашингтондаги Миллий хиёбонда ўтказилиши кутилмоқда. Унда 6,3 мингга яқин ҳарбий хизматчи, жумладан, танк ва пиёда қўшинлари бўлинмалари, ҳарбий оркестрлар ва парашютчилар иштирок этиши мумкин. Харажатлар ўнлаб миллион доллар миқдорида баҳоланмоқда. Маблағлар техникани ташиш, шахсий таркибни жойлаштириш ва тадбирни ташкил этишга сарфланади.
Таъкидланишича, ҳарбий парад ғояси Трамп томонидан унинг биринчи президентлик муддатидаёқ илгари сурилган, бироқ ўшанда юқори қиймати (92 миллион доллар) ва логистик қийинчиликлари туфайли рад этилган. Президентнинг ҳозирги режалари бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ресурсларни кенг кўламда кўчиришни ўз ичига олади, бу эса харажатларнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида саволлар туғдирмоқда.
Бундан олдин Трамп АҚШда қуролли кучлар, ҳарбий-ҳаво, ҳарбий-денгиз академиялари ва қирғоқ қўриқлаш академияси кузатув кенгашларининг барча аъзолари лавозимидан озод этилишини эълон қилганди. Президентнинг таъкидлашича, у бу қарорни Америка ҳарбий академиялари “сўнгги тўрт йил давомида сўл ғоялар таъсирига тушиб қолганлиги” сабабли қабул қилган.
Шунингдек, у Қўшма Штатлар “тарихдаги энг кучли армияга эга бўлишини” билдирган.
2 май куни Трамп Американинг Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидаги ғалабага қўшган ҳиссасини тенгсиз деб атади. Унинг сўзларига кўра, куч, жасорат ва ҳарбий маҳорат борасида АҚШга "ҳеч ким яқинлашолмаган". Шу билан бирга, у янги байрамлар жорий этди. Энди америкаликлар 11 ноябрь ва 8 майда мос равишда Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидаги Ғалаба кунларини нишонлайдилар.
Изоҳ (0)