2025 йил июнь ойида америкалик тадбиркор, Amazon компаниясининг асосчиси Жефф Безос ва журналист Лорен Санчес Венецияда турмуш қуради. Тўй дабдабалилиги билан ҳозирданоқ дунёнинг энг қиммат тўйларидан бири деб аталмоқда. Forbes Life миллиардерлар қандай қилиб турмуш қуриши ва бу уларга қанчага тушиши ҳақида маълумотлар келтирди.

Тадбиркор Жефф Безос 2023 йилнинг май ойида телебошловчи Лорен Санчесга турмуш қуриш таклифини билдирган эди. Уларнинг муносабатлари ҳақида гап-сўзлар 2019 йил бошида тарқала бошлаган. Шунда Безос 25 йил бирга яшаган рафиқаси Маккензи билан ажрашганини эълон қилган эди.
Жефф Безос ва Лорен Санчес дунёдаги энг дабдабали тўйлардан бирини ўтказади. Тўй Венецияда, Безосга тегишли бўлган 500 миллион долларлик мегаяхтада бўлиб ўтади. Меҳмонлар орасида Голливуд юлдузлари Леонардо Ди Каприо, Тоби Магуайр, Эндрю Гарфилд, Ким Кардашьян, Крис Женнер ва ҳаттоки қироллик оиласи вакиллари ҳам бўлиши кутилмоқда.

Умар Камани ва Надо Адил
Тўй нархи: 26 миллион доллар
Британиялик тадбиркор Умар Камани 2021 йил август ойида марокашлик модел Надо Адилга турмуш қуриш таклифини берган. У Монте Карлодаги машҳур Опера театрини ижарага олиб, у ерда “Соҳибжамол ва махлуқ” мультфильмидан илҳомланган саҳнани яратган. 10 000 дона атиргул ва ўнлаб шамлар билан безатилган залда 25 нафар мусиқачи жонли ижро қилган.
Уларнинг тўйи 2024 йилда Франциянинг машҳур Риверасида, Ду Кап меҳмонхонасида бўлиб ўтган. Меҳмонлар учун ажратилган хоналар нархи бир кечага 4000 АҚШ долларини ташкил қилган. Уч кун давом этган маросимда дунё юлдузлари иштирок этган — Наоми Кемпбелл, актриса Тесса Томпсон, комик Рассел Питерс, хонанда Кристина Милиан ва Vogue Arabia бош муҳаррири Мануэл Арно шулар жумласидан.
Биринчи куни жуфтлик ҳовуз бўйида норасмий зиёфат уюштирган, иккинчи куни “ғарбона” никоҳ маросими ўтказилган, учинчи куни эса “ҳиндча никоҳ” маросими бўлиб ўтган.
Надонинг биринчи кундаги либоси машҳур ливанлик дизайнер Зуҳаир Мурад томонидан тайёрланган бўлиб, у қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Умар Камани эса Том Форд брендидан костюм кийган, унинг Patek Philippe соати нархи эса 971 минг долларни ташкил қилган. “Ғарбона” маросимдаги нафис либосни эса Dior уйи дизайнери Мария Грация Кури яратган.

Андрей Мелниченко ва Александра Николик
Тўй нархи: 30 миллион доллар
2005 йил 3 сентябрь куни россиялик тадбиркор Андрей Мелниченко ва сербиялик модел Александра Николик Франциянинг Антиб шаҳрида турмуш қуришди. Никоҳ маросими учун Москва яқинидаги қадимий православ черковининг нусхаси қурилиб, тўй тугагач, яна бузиб ташланди.
Уч кун давом этган тўй маросими Антибдаги “Алтаир” вилласида бўлиб ўтди. 300 нафар меҳмон учун хусусий самолётлар ва Канндаги беш юлдузли меҳмонхона тайёрланди. Меҳмонлар учун Armani брендидан классик костюм ва кечки либослар тақдим этилди.
Тўйда Кристина Агилера, Уитни Ҳьюстон, Ҳулио ва Энрике Иглесис каби юлдузлар чиқиш қилишди. Уларнинг ҳар бири 3,6 миллион доллар гонорар олди.
Никоҳ маросими учун Александра Николик дизайнер Вера Ванг томонидан тикилган либосни кийган. Меҳмонларга таниқли француз ошпази Ален Дюкас томонидан тайёрланган таомлар тортилди. Тўй фотосуратчисининг хизмати 500 минг долларни ташкил этди.

Кардашьян ва Крис Ҳамфрис
Тўй нархи: 10 миллион доллар
2011 йил 20 август куни реалити-шоу юлдузи ва тадбиркор Ким Кардашьян New Jersey Nets клуби ўйинчиси Крис Ҳамфрис билан турмуш қурди. Уларнинг тўйи Калифорниянинг Монтекито шаҳридаги ҳашаматли бинода бўлиб ўтди. 500 нафар меҳмон учун махсус чодир ўрнатилди. Чодирнинг безаклари 2 миллион долларга тушди.
Кимнинг 20,5 каратли бриллиант узуги 2 миллион долларга баҳоланди. Унинг Вера Ванг томонидан тикилган тўй либоси 20 минг доллар, диадемаси 2,5 миллион доллар, сирғалари эса 5 миллион долларга тушди. Меҳмонлар учун юборилган таклифномаларга эса 10 минг доллар сарфланди.
Тўй таомларини машҳур австриялик ошпаз Волфганг Пак тайёрлади, бу хизмат 750 минг долларга баҳоланди. 1,8 метр баландликдаги 10 қаватли тўй торти эса 15 минг долларга тушди.
Маросимда Кристина Агилера, Жастин Бибер, Келли Осборн, Серена ва Винас Уильямс сингари машҳурлар иштирок этди. E! портал тадбирни трансляция қилиш учун 18 миллион доллар, People журнали суратга олиш ҳуқуқи учун 2,5 миллион доллар ва тўй ҳақидаги эълонни чоп этиш учун 300 минг доллар тўлаган.
Аммо бу дабдабали никоҳ фақат 72 кун давом этди. Ким Кардашьян 2011 йил 31 октябрда ажрашиш учун ариза берди. Крис Ҳамфрис эса никоҳни бекор қилишни талаб қилди. Улар 2013 йил июнь ойида расман ажрашди. Крис Ҳамфрис узукни қайтариб олиб, уни 200 минг долларга аукционда сотди. Жуфтлик телекўрсатувлар, интервью ва фотосессиялардан умумий ҳисобда тахминан 18 миллион доллар даромад қилган.

Иша Амбани ва Ананд Пирамал
Тўй нархи: 100 миллион доллар
2018 йил декабрь ойида Иша Амбани ва Ананд Пирамалнинг никоҳ маросими глобал миқёсдаги ижтимоий воқеа сифатида эътироф этилди. Улар Ҳиндистоннинг энг бой оилаларидан ҳисобланади. Тўй маросимлари бир неча кун давом этди. Удайпур шаҳрида бошланган тадбирлар Мумбай шаҳридаги 27 қаватли Антилиа саройида якунланди.
Удайпурдаги тўй маросимларига 10 000 нафар меҳмон йиғилди. Улар орасида Ҳиндистон президенти Пранаб Муҳержи, АҚШ собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Google бош директори Сундар Пичаи каби машҳур шахслар бор эди. Меҳмонлар учун 100 дан ортиқ чартер рейслари ташкил этилди ва 5 та беш юлдузли меҳмонхона банд қилинди.
Тўй маросимида Бейонсе чиқиш қилди, унинг гонорари 6 миллион долларни ташкил этди.
Ҳар бир меҳмон учун Dolce & Gabbana брендидан зираклар тарқатилди. 100 та махсус самолётда меҳмонларни олиб келиш ва Мумбайнинг беш юлдузли энг яхши меҳмонхоналарига жойлаштириш ишлари амалга оширилди.
Тўй харажатлари 100 миллион доллар атрофида баҳоланди, бу уни дунёдаги энг қиммат тўйлардан бирига айлантирди.
Тўй маросимлари давомида Амбани оиласи Удайпур шаҳрига ҳурмат ифодаси сифатида 5 100 кишига тўрт кун давомида уч маҳал овқат тақдим этди. Ҳамда маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этиш учун бозор ташкил этди.

Анант Амбани ва Радҳика Мерчант
Тўй нархи: 600 миллион доллар
2024 йил Мумбай шаҳрида Иша Амбанининг тўйидан 6 йил ўтиб, унинг эгизак акаси Анантнинг тўйи янада катта миқёсда бўлди. 12—14 июль кунлари Анант Амбани ва фармацевтика компанияси эгаси Вирен Мерчантнинг қизи Радҳика Мерчант ўртасидаги тўй маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирга 600 миллион доллар сарфланди.
Бундан олдин, 2024 йил март ойида жуфтлик Ҳиндистоннинг ғарбий қисмида жойлашган Жамнагар шаҳрида олдинги тўй маросимларини ташкил этди. Унда Иванка Трамп оиласи, Марк Цукерберг ва хотини, Билл Гейтс, Ҳиллари Клинтон каби машҳурлар иштирок этди. Тадбирда 1200 меҳмон учун Рианна қўшиқ куйлади. Май ойида эса жуфтлик иккинчи тўй тадбирини Италиядаги круиз кемасида ташкил этди.
2 июль куни Амбанилар оиласи кам таъминланган оилалардан бўлган 50 дан ортиқ жуфтлик учун оммавий тўй уюштирди. Тўйдан бир ҳафта олдин, Мумбайдаги Нита Мукеш Амбани маданий марказида бўлиб ўтган сангеет маросимида, меҳмонлар учун Жастин Бибер чиқиш қилди. Бунинг учун 10 млн доллар пул олди.
Анант Амбани ва Радҳика Мерчантнинг тўйи миллиардерлар оиласига тегишли бўлган Jio World конференция марказида ва 27 қаватли оилавий қароргоҳда бўлиб ўтди.

Шон Паркер ва Александра Ленас
Тўй нархи: 9 миллион доллар
Facebook, Plaxo ва Napster ҳаммуассиси, миллиардер Шон Паркер ва Александра Ленас 2013 йил ёзида турмуш қурди. Дастлаб жуфтлик “Тахтлар ўйини” сериали услубида тўй ўтказишни режалаштирган эди, аммо кейин улар бошқа машҳур Голливуд серияларидан ҳам элементлар қўшишди.
Калифорниянинг Биг Сур ҳудудидаги табиат боғида саҳналар қурилди. Ландшафт дизайнерлари ва қурувчилар жамоаси Вентана Инн меҳмонхонасининг ҳудудида ҳафталар давомида ишлаб, фонлар, ҳовузлар, тош дарвозалар яратишди. Бу ишларнинг умумий қиймати 600 минг доллар бўлди. Вақтинчалик рақс майдони 350 минг долларга баҳоланди, гуллар ва ўсимликлар учун ҳисоб эса 1 миллион долларни ташкил этди. Меҳмонлар учун кийимларни “Оскар” мукофоти соҳиби Н’гила Диксан тиккан. Таклифномалар эса эски хат каби юборилди. Умумий харажатлар 9 миллион долларни ташкил этди.
Тадбир нафақат жамият журналистлари, балки Калифорния штати расмийлари томонидан ҳам эътиборга олинди. Натижада Паркерга ўрмон ҳудудида ноқонуний тўй ўтказгани учун 2,5 миллион миқдорида жарима тўлашга тўғри келди.

Дональд ва Мелания Трамп
Тўй нархи: 1 миллион доллар
АҚШ президенти Дональд Трамп ва модел Мелания Кнаусснинг 2005 йилда ўтказган тўйи Трампнинг учинчи турмуш қуриши эди. Зал 10 минг дона гуллар билан безатилган, аммо анъанавий букет йўқ эди. Унинг ўрнига Мелания оқ атиргул ушлаб турган эди.
Меҳмонларга қора икра ва Grand Marnier ликёри ҳамда Кристал шампан виноси билан торт тақдим этилди. Тўй маросими Майами шаҳридаги черковда ўтказилди. Тўйдан сўнг янги турмуш қурганлар Палм Бичга йўл олди. У ерда уларни Трампнинг вилласида 400 га яқин меҳмонлар кутаётган эди. Уларнинг орасида Элтон Жон, Арнольд Шварценеггер, Ҳайди Клум, Клинтонлар ва Vogue журналининг бош муҳаррири Анна Винтур бўлган.
2005 йил февралида Vogue журналида Мелания Christian Dior томонидан тикилган 100 минг доллар қийматидаги тўй либосида суратга тушган эди. Либоснинг оғирлиги 22 килограмм эди ва у 1500 дона Swarovski тошлари ва 1500 дона маржонлар билан безатилган эди.
Изоҳ (0)