АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) таниқли америкаликлар қотиллиги ҳақидаги ҳукумат ёзувларини ошкор этишни бошлади. Дастлаб сенатор Роберт Кеннедининг қотиллиги билан боғлиқ файллар тўплами эълон қилинди. Бу ҳақда МРБ директори Тулси Габбарднинг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

“Бугундан бошлаб, илгари Миллий архив омборхонасида сақланган РФК файлларининг биринчи қисми энди онлайн тарзда мавжуд...”, дейилади идора баёнотида.
Таъкидланишича, ушбу эълон тахминан 10 000 саҳифадан иборат бўлиб, илгари махфий бўлган ёзувларни ўз ичига олган. Улар махфийлик нуқтайи назаридан минимал таҳрир билан, жумладан, ижтимоий таъминот рақамлари ва солиқ идентификация рақамлари ўчирилган ҳолда эълон қилинади.
Бундан ташқари, илгари Миллий архивга топширилмаган ёзувларни қидириш жараёнида ФҚБ ва МРБ омборларида Роберт Кеннедининг қотиллиги ҳақидаги қўшимча 50 минг саҳифали ҳужжатлар топилган.
Идоралар ушбу ёзувларни ошкор қилиш устида ишламоқда ва давлат муассасаларида қўшимча файлларни излашни давом эттирмоқда.
19 март куни Оқ уй раҳбари ўзининг сайловолди ваъдасини бажариб, АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди ўлдирилганидан 62 йил ўтгач, Миллий архив бу иш бўйича ҳужжатларнинг янги қисмини ошкор қилди. Жами 63 минг саҳифадан ортиқ 2182 та ҳужжат эълон қилинди. Энг қизиқарли қисми - қотиллик ортида Америка махсус хизматлари турганини таъкидлаган МРБ ахборотчиси ҳақидаги маълумотлардир.
Январь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг 35-президенти Жон Кеннеди, унинг укаси, собиқ бош прокурор Роберт Кеннеди ва руҳоний Мартин Лютер Кингнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳужжатларни очиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Изоҳ (0)