Ғазо сектори учун гуманитар юк ортилган кема Малта қирғоқлари яқинида дрон ҳужумига учради. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, кема халқаро сувларда дронлар ҳужумига учраган. Бортда 30 киши, жумладан, таниқли фаоллар ҳам бўлгани айтилмоқда. Кема Исроилнинг Ғазодаги қамалини тугатиш учун курашаётган “Озодлик флотилияси коалицияси”га тегишли бўлган.
Кема тешилган ва у чўкмоқда... SOS сигнали яқин атрофдаги давлатларга, жумладан, Малтага узатилди. Айни дамда кемамиз Малта соҳилларидан 17 километр узоқликда жойлашган, кема икки марта дрон ҳужумига учради, деди “Озодлик флотилияси коалицияси” пресс-атташеси Ясемин Ажар.
Унинг сўзларига кўра, кемага маҳаллий вақт билан ярим тундан кейин ҳужум қилинган, ҳозирда “Озодлик флотилияси” улар билан боғлана олмаяпти. Исроил ҳукумати мазкур ҳужумга ҳали муносабат билдирмаган.
Иқлим фаоли Грета Тунберг ва АҚШ армиясининг истеъфодаги полковниги Мери Энн Райт Малтада кемага чиқиши кутилган эди, бироқ ёнғин чиққан вақтда улар кемада бўлмаган.
21 дан ортиқ мамлакатдан кўнгиллилар Ғазодаги миссияга чиқиш учун Малтага йўл олган, улар орасида таниқли шахслар ҳам бор эди. Исроил элчилари чақирилиши ва халқаро ҳуқуқнинг бузилишига, жумладан, халқаро сувларда давом этаётган блокада ва фуқаролик кемамизнинг бомбардимон қилинишига жавоб бериши керак, дейилади “Озодлик флотилияси коалицияси” баёнотида.
Исроил 2 март куни Ғазони тўлиқ гуманитар блокадага олиб, бу ҳудудда яшовчи 2 миллиондан ортиқ фаластинликларга озиқ-овқат, тиббий буюмлар ва бошқа ёрдамни тўхтатди.
Изоҳ (0)