Ўзбекистонда 2025–2029 йиллар давомида замонавий стандартлар асосида камида 58 та мактаб қурилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ислом тараққиёт банки, Ривожланиш учун ислом бирдамлик жамғармаси ва Таълим бўйича глобал ҳамкорлик ташкилотидан 200,25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб қилиш орқали Ўзбекистонда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.
2025—2029 йилларда замонавий стандартлар асосида камида 58 та мактаб қуриш ва 72 мингтадан зиёд қўшимча ўқув ўринларини яратиш орқали соҳадаги навбатлилик коэффициентини камайтириш режалаштирилмоқда. Камида 500 нафар ногиронлиги бор ўқувчилар учун инклюзив таълим шароитларини яратиш кўзда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари таклифига асосан янги мактаблар қурилиши сонига ва қувватига тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини халқаро талабларга мувофиқлаштириш, компетенсияларга асосланган таълим тамойилларини жорий этиш, лаборатория машғулотларини STEM стандартларига мувофиқ ташкил қилиш ҳам белгиланмоқда. Халқаро талаблар ва ёндашувлар асосида 36 минг нафар педагог кадрларнинг касбий ривожланиши таъминланиб, малака оширишнинг “аралаш ўқитиш” модели жорий қилинади.
Мактаблар учун ер ажратиш
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда инфратузилмага эга бўлган ер участкаларини аниқлаб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий тизим ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиши лозим.
Ерларни ажратишда қуйидаги мезонлар асос қилиб олинади:
- ажратиладиган ер участкалари аҳоли зичлиги ҳамда ўқув ўрнига бўлган талаб юқори бўлган ҳудудда жойлашиши;
- ажратиладиган ер участкалари инфратузилмага (электр энергияси, ичимлик суви, газ, йўл, оқова сув) эга бўлиши;
- ижтимоий соҳа объектларини қуришга мўлжалланган ер майдони ҳисобидан ер участкалари ажратилиши.
Умумий ўрта таълим муассасалари ҳудудидаги муҳандислик-коммуникация тармоқларини кўчириш, шунингдек, ичимлик ва оқова сув таъминоти, электр, газ ва алоқа тармоқларини тортиб келиш тегишлилиги бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ўзбектелеком” АК томонидан маҳаллий бюджетларда ушбу мақсадларга мўлжалланган маблағлар ҳамда уларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистондаги мактаблар
Мамлакатда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда, 2024 йилда 608 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Ёшларга иккинчи хорижий тил ва касб ўргатиш кенгайтирилди. Илк бор 530 та мактабда инклюзив таълим йўлга қўйилди.
Ўзбекистонда мактаблар сони сўнгги 5 йилда 660 тага кўпайди. 2024 йил март ойида эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 14 та президент мактаби, 9 та ижод мактаби ва 182 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда. Улардаги ўқитиш ва баҳолаш тизими 1 минг 500 та умумтаълим мактабида ҳам жорий этилди. 2025 йил сентябрдан халқаро мактаб фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)