Ўзбекистон қонунчилигида 2025 йил 1 майдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради. Қуйида ушбу санадан кучга кирадиган ўзгаришлар тақдим этилди.

Электр энергияси ва газ тарифлари оширилди
Ҳукумат қарори билан электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга кирадиган бўлди.
Ушбу санадан бошлаб электр энергияси учун амал қиладиган янги тарифларни ҳисоблаш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” сайти ёки ҲЕТ BILLING мобил иловаси орқали “Электр энергиясининг истеъмол қилиш калкулятори”дан фойдаланиш мумкин.

1 майдан аҳоли истеъмолчилари учун белгиланган табиий газ тарифлари ҳисоби ҳақида маълумот.

Аҳолига маиший эҳтиёжлар учун сотиладиган суюлтирилган газнинг бир килограмми учун тўлов 1600 сўмдан 2000 сўмгача оширилди (25 фоизга).
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловларининг бир қисми компенсация қилинади
2027 йил 1 апрелгача “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек, реестрларга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга:
- электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
- табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
Товарларни божсиз олиб киришнинг янги нормалари кучга кирди
Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларни божсиз олиб киришнинг янги нормалари:
- ҳаво транспортида — 1000 доллар (2000 доллар эди);
- темирйўл ва дарё транспортида — 500 доллар (1000 доллар эди);
- автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали — 300 доллар;
- халқаро курерлик жўнатмалари орқали — 200 доллар (бир чоракда 1000 доллар);
- халқаро почта жўнатмалари орқали — 100 доллар (ўзгармаган).

Электромобильлар учун утилизация йиғими ошди
Ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган электромобиллар учун БҲМнинг 120 баравари (45 млн сўм); Ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлган электромобиллар учун БҲМнинг 210 баравари (78 млн 750 минг сўм) этиб белгиланди.

Банклар қарздорлик ҳисобига балансга олинган мол-мулкларни ўзлари сотади
Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банклар ва улар ҳузуридаги инвестиция компаниялари аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни ўзлари сотиш ҳуқуқига эга бўлди. Улар шунингдек бундай мол-мулкни кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки лизинг шартномалари орқали сотишлари мумкин.
Айрим тадбиркорларга гаровсиз кредитлар ажратилади
Ўз фаолиятини ЯТТ, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорларга қуйидаги миқдорларда гаровсиз кредитлар берилади:
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида — 50 миллион сўмгача,
- кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида — 150 миллион сўмгача.

“Ҳамкор тадбиркор” дастури йўлга қўйилди
Қуйидагиларни назарда тутувчи “Ҳамкор тадбиркор” дастури йўлга қўйилди:
- ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш;
- кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш;
- маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга кўмаклашиш.
Тадбиркор аёлларга грантлар ажратилади
“Ҳамроҳ” тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида хотин-қизларга “яшил лойиҳалар” ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар “устоз” тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратилади.

Айрим тадбиркорларга ҚҚС тезлаштирилган тартибда қайтарилади
Ўз фаолиятини тегишинча ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорларга – 1 йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) 7 кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади.
Айрим тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтаётганида давлат божи ундирилмайди
Ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди.
Креатив парк резидентларига солиқ имтиёзлари берилади
2031 йил 1 январгача креатив парк резидентларига қуйидаги солиқ имтиёзлари жорий этилади:
- ижтимоий солиқни ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 50 фоиз камайтирилган ставкада тўлайди;
- товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади миқдоридан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар тоифасига киритилади. Бунда улар ўз истагига биноан умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтишлари мумкин.
Маҳсулотлар ва хизматларда “Ҳалол” белгиси пайдо бўлади
Сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” белгиси билан тамғалашга рухсат этилди.
Фонограммадан фойдаланиш чекланади
Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади.
Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” ва “Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи” давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади.

Фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка бепул ўқитилади
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида фуқаролар йиғини раислари оилавий медиация ишлари бўйича профессионал медиаторликка бепул ўқитилади.
Бунда:
- 2025 йил давомида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда ҳар бир туманда (шаҳарда) 5 нафардан фуқаролар йиғини раислари ўқитилади;
- келгусида барча фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка босқичма-босқич ўқитиб борилади;
- профессионал медиаторликка ўқитилган фуқаролар йиғини раислари отанинг (онанинг) вояга етмаган фарзандлари учун ота-оналик ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ низолар бўйича медиаторлик фаолиятини бепул амалга оширади.
“Тоза қўллар” дастури ишга тушди
Барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қуйидагиларни назарда тутувчи “Тоза қўллар” дастури амалга оширилади ва аҳоли орасида кенг тарғиб қилинади:
- қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш;
- санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш, янги қурилаётган муассасаларда уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
- йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилишни назарда тутиш.
Озодликдан маҳрум этиш жойларидан чиққанларга нафақа пули “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали берилади
Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга БҲМнинг 6 баравари миқдоридаги 1 марталик нафақа пули уни тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўланади.
Изоҳ (0)