Ижтимоий тармоқларда Тошкентда илк йўлбўйи пулли автотураргоҳлар синов тарзида ишга туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бу маълумотни тасдиқлади.

Пойтахт маъмуриятининг Spotʼга маълум қилишича, биринчи босқичда йўлбўйи тўхташ жойлари учун 13−14 минг ўринга мўлжалланган 86 та пулли автотураргоҳ ишга туширилган. Пулли автотураргоҳлардан бири Амир Темур хиёбони атрофида жойлашган бўлиб, махсус белги — тўқ сариқ фонда қора ранг билан катта “P” ҳарфи тасвирланган. Унинг нархи соатига 12 минг сўмни ташкил этади, тўламаганлик учун жарима кўзда тутилган.
Автотураргоҳ учун тўловларни Poytaxt Parking иловаси орқали онлайн ёки Paynet терминаллари орқали нақд пулда амалга ошириш мумкин. Мобил иловани ишлаб чиқиш билан пулли “парковка” ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритган Streetpark Systems компанияси шуғулланган.
Дастлаб, биринчи пулли автотураргоҳлар март ойида синов тариқасида ишга туширилиши керак эди, июль ойидан эса пулли автотураргоҳларни оммавий равишда жорий этиш режалаштирилганди.
Тўловларни назорат қилиш махсус планшетлар ва автомобиллар билан жойларда текширувчи видеокузатув камералари ёрдамида амалга оширилади. Тўлов қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик фақат 2026 йилдан жорий этилиши мумкин.
Тошкентда пулли тўхташ жойлари ҳақида
Тошкентда автомобиллар учун йўл бўйларида пулли тўхташ жойлари ташкил этилиши ҳақида 2021 йилда маълум бўлганди. 2024 йил 16 октябрь куни Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳрида транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатда пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар миқдори ҳам тасдиқланди.
Пулли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш ҳуқуқи учун аукционда дастлаб Balcomuz қўшма корхонаси ғолиб бўлганди. Компания 3 йил давомида автотураргоҳларни ижарага олиш учун тахминан 120 миллиард сўм таклиф қилган, аммо келишув тасдиқланмаган. 2024 йил 17 декабрь куни такрорий аукцион ўтказилиб, бошланғич нархдан 10 фоизга юқори нарх (62,93 миллиард сўм) таклиф этган Streetpark Systems компанияси ғолиб бўлди.
Пулли автотураргоҳлар тўртта тариф зонасига бўлинган: соатига 5, 8, 10 ва 12 минг сўм. Энг юқори тариф Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилиб 30 минг сўм этиб белгиланган.
Изоҳ (0)