Президент Шавкат Мирзиёев электр ва газ бўйича янги тарифларнинг кучга кириш муддатини бежизга бир ойга узайтирмагани ойдинлашди.
Шу вақт оралиғида икки ҳужжат тайёрланди ва унга кўра аҳоли учун қатор имтиёзлар жорий қилинди. Шундай бўляптики, 1 майдан электр учун ошириладиган нархлар истеъмолчиларнинг катта қисми учун деярли сезилмайди. Қандай қилиб дейсизми? Унда мақоланинг давомини ўқинг.
Нархлардаги ўзгариш
Аввалроқ 1 апрелдан 200 кВт/соатгача бўлган ойлик истеъмол учун тариф 450 сўмдан 600 сўмга, 200 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача бўлган тариф 900 сўмдан 1000 сўмга ошиши эълон қилинганди.
Бироқ кейинроқ электр энергияси ва газ бўйича янги тарифларнинг кучга кириш муддати узайтирилди. Янги тарифлар аввал режалаштирилгани каби 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга кирадиган бўлди.
Давлат раҳбарининг топшириғи асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарори билан тасдиқланган графикка ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Рўйхатга янги банд киритилди
Жадвалдаги ўзгартиришларга эътибор қилган бўлсангиз, тарифлар графигида янги банд пайдо бўлган.
Энди ижтимоий норма ҳисобланган 200 кВт/соатгача бўлган ойлик истеъмолдан кейинги норма аввалгидек 1000 кВт/соатгача эмас. Ўрталиқда 500 кВт/соатгача бўлган норма киритилган.
Демак, энди ойлик истеъмолингиз 200 кВт/соатдан ошса ва 500 кВт/соатгача етса, базавий меъёрдан зиёд қисми учун 1000 сўмдан эмас, 800 сўмдан тўлайсиз! Шунда базавий меъёрдан ошган 500 кВт/соатгача электрнинг нархи аввалгидан ҳам арзон (аввал 900 сўм эди, энди 800 сўм) бўлади.
Электр нархи ошгани кимларга сезилмайди?
Энергетика вазирлигининг маълумотига кўра, Ўзбекистонда 7 млн 629 минг нафар абонент мавжуд. Шундан ойига 500 кВт/соатгача электр ишлатадиган абонентлар сони 6 млн 705 мингтани, яъни жами истеъмолчиларнинг 88 фоизини ташкил этади.
Юқорида киритилган ўзгартиришга кўра, шунча аҳоли базавий меъёрдан (200 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача) ошган электр учун аввалгидек 900 сўмдан эмас, 800 сўмдан тўлайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ойига 500 кВт/соатгача электр ишлатадиганларга 1 майдан нархларнинг ошиши сезилмайди.
1 майга қадар:
• Ижтимоий норма ҳисобланган 200 кВт/соатгача бўлган тариф — 450 сўмдан, яъни ойига 90 минг сўм эди.
• 200 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача бўлган қисми учун тариф — 900 сўмдан, яъни ойига 270 минг сўм ҳисобланарди.
• Жами сумма: 90 000 + 270 000 = 360 минг сўм.
1 майдан кейин:
• Ижтимоий норма ҳисобланган 200 кВт/соатгача бўлган янги тариф — 600 сўмдан, яъни ойига 120 минг сўм бўлади.
• 200 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача бўлган қисми учун янги тариф — 800 сўмдан, яъни ойига 240 минг сўм ҳисобланади.
• Жами сумма: 120 000 + 240 000 = 360 минг сўм.
Демак, ойига 500 кВт/соатгача электр ишлатадиганлар учун умумий харажат ўзгармаган: ойлик сарф 360 минг сўм бўлиб қолаверади.
Бюджетга катта юк тушмаслиги керак
Ўзбекистонда энергия ресурслари тарифлари 2019 йил августдан 2024 йил 1 майигача бўлган қарийб 5 йил давомида оширилмаганди. Тарифлар орадан яна бир йил ўтиб, 1 майдан ўзгармоқда. Ҳукумат қарори билан ўрнатилган янги тартибга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир йилда бир маротаба инфлясия даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган ҳолда индексация қилиб борилади.
Энергия нархлари давлат томонидан субсидияланганда, бюджетга катта юк тушади. Нархларнинг меъёр даражасига келтирилиши субсидияларга боғлиқликни камайтиради ва маблағларни кўпроқ таълим, тиббиёт ва инфратузилма ривожига йўналтириш имконини беради.
Нархлар ўзгариши бошқаларга қараганда кам даромадли оилаларга кўпроқ таъсир қилиши табиий. Шундан келиб чиқиб, Президентнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди ва ушбу қатлам давлат ҳимоясига олинди.
1 миллиондан ортиқ оилага 1 миллион сўмдан моддий ёрдам
Президентнинг қарори билан 2025/2026 йилги иситиш мавсуми олдидан Рейестрларга киритилган оилаларга, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Рейестрларга киритилмаган, бироқ ёрдамга муҳтож оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу норма орқали 1,3 млн оила қамраб олинади ва бунинг учун 1,3 трлн сўм сарфланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилаларга, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, шунингдек, иккала Рейестрга ҳам кирмаган, аммо мол-мулки кам ва ойлик даромади ҳар бир оила аъзосига 1 млн сўмдан оз бўлган оилаларга газ ва электр тўлови учун компенсация ажратилади.
Шунда электр учун – ойига базавий меъёрдан (яъни, 200кВт соатдан) ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача, газ учун – ноябрь февраль ойларида базавий меъёрдан (яъни, 500 куб метрдан) кўп фойдаланилган 250 куб метргача, бошқа даврларда эса 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми тўлаб берилади. Бунда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ қопланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу норма орқали 280 мингга яқин оила қамраб олиниши ва бунинг учун йилига 220 млрд сўм ажратилиши кутилмоқда.
Бир томонда — энергетика соҳасидаги бозор ислоҳотлари. Иккинчи тарафда — аҳолининг манфаатлари. Янги тариф сиёсати шу икки оралиқ мувозанатини топа олди. Нарх ошади, лекин халқнинг катта қисмига бу қаттиқ сезилмайди. Чунки давлат фақат нархни эмас, механизмларни ҳам ўзгартирмоқда. Бу эса, ислоҳотни оғриқсиз ўтказишга имкон беради.
М.Жўраев, эксперт
Изоҳ (0)