Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи чорагида қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини электр тармоқларига ўтказганларга 8 миллиард сўмдан ортиқ субсидия берилди.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, январь—март ойларида 12 746 нафар жисмоний шахс электр тармоқларига ўтказилган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 8 миллиард 147 миллион сўм субсидия олди. Бу 2024 йилнинг бутун даври учун ажратилган субсидияларнинг қарийб 67 фоизини ташкил этади.
Субсидиянинг энг катта қисми қуйидаги ҳудудларга тўғри келмоқда:
- Хоразм вилояти — 2,6 миллиард сўм;
- Қорақалпоғистон Республикаси — 1,1 миллиард сўм;
- Тошкент шаҳри — 585 миллион сўм.
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари учун айни пайтда бир қатор имтиёзлар берилади.
Юридик шахслар:
- умумий қуввати 100 кВт гача бўлган ҚТЕМ қурилмаларидан фойдаланган ҳолда умумий тармоққа электр энергиясини реализация қилишдан олинган даромад учун фойда солиғи 0 фоиз ставкада қўлланади.
- мол-мулк солиғи ва ер солиғидан белгиланган муддатга озод қилинади.
Жисмоний шахслар:
- мол-мулк солиғи суммаси камайтирилади 2 (БҲМнинг икки бараваридан ошмайдиган суммага).
- ер солиғи суммаси камайтирилади (БҲМдан ошмайдиган суммага).
- “Қуёшли хонадон” дастури бўйича субсидия олади.
2023 йил 1 апрелдан “Қуёшли хонадон” дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт соати учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.
Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1-чорагида Республика бўйича жами 10 117 та объектга кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатилди. Бу панеллар орқали 60,082 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, бунинг натижасида 15 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилиб, 17 минг тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқиши олди олинган.
Изоҳ (0)