Болаларни тиланчиликка жалб қилиш ҳолатлари тизимли ўрганилмоқда, деб хабар бермоқда болалар омбудсмани.
Қайд этилишича, болалар омбудсмани Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда республика ҳудудларида болаларни тиланчиликка жалб қилиш каби салбий ҳолатларни тизимли тарзда таҳлилий ўрганиб бормоқда.
Ўрганишлар болаларни ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилган айрим ота-оналар тиланчиликни доимий даромад манбаига айлантириб олганини, айрим ҳолатларда эса оилаларнинг оғир ижтимоий аҳволи ёки ота-оналарнинг иш билан банд эмаслиги каби омиллар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Аниқланган кўпгина ҳолатларда тиланчиликка жалб қилинган болалар мажбурий бўлган умумий ўрта таълимдан четда қолган. Мазкур ҳолатларга йўл қўйган ота-оналарга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Таҳлил натижасида аниқланган болаларнинг яна тиланчиликка жалб қилинишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир ҳудудда фаолият юритаётган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари бу каби оилалар билан манзилли иш олиб бормоқда.
Улар нафақат оилаларнинг ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжини ўрганмоқда, балки ота-оналарнинг болага ғамхўрлик кўрсатиш ҳолатига ҳам баҳо бермоқда.
Хусусан, оғир аҳволда яшаётган ёки бундай ҳолатга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилалар доимий мониторинг қилиниб, улар учун зарур ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш, энг асосийси, болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Бундан аввал Тошкент шаҳар Юнусобод ва Янгиҳаёт туманларида тиланчилик қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилган эди. Шунингдек, Тошкентнинг Учтепа туманидаги масжидлар атрофи ва чорраҳаларда ўтказилган рейд давомида тиланчилик билан шуғулланиб юрган 26 нафар аёл аниқланган эди.
Изоҳ (0)