Ўзбекистонда ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова бу йил 50 ёшни қаршилади. Ижодни жуда кеч бошлаган бўлса-да, машҳурлик чўққисини забт этган хонанданинг муваффақият сири нимада?
“Дадам мени қиз эмас, ўғил бола дерди”
Ҳосила Раҳимова шифокорлар оиласида дунёга келган. Унинг отаси Иброҳим ҳожи Деновнинг энг машҳур шифокорларидан бири бўлган. У кетма-кет уч қиз фарзандли бўлганидан кейин ўғил фарзандли бўлишни ният қилиб, кенжа қизига шартли равишда Холмат деб исм қўйган. Маҳаллада бу исм билан танилган курашчи, чавандоз биз билан хонанда Ҳосила Раҳимова эди.

— Дадам раҳматли қиз фарзанд туғилавергач, ирим қилиб мени Холмат деб чақирган экан. Эсимни таниган пайтларимда сочимни калта қилиб, ўғил болалардек олдиришарди. Кўринишимдан тортиб, феъл-атворимгача ўғил болаларга хос бўлган. От чоптириш, кураш тушиш — энг севимли машғулотим бўлган. Ҳатто узоқроқ қариндошларимиз меҳмонга келишса, дадам ўғлим билан кураш тушасанми, деб уларнинг фарзандларига айтарди. Курашда ғолиб бўлсам, у боланинг отаси қиз болага ютқаздинг, деб жиғибийрони чиқарди. Оиламизда тўрт қиздан кейин икки ўғил фарзанд дунёга келган. Укаларим катта бўлгунига қадар ўғил бола қилиши керак бўлган ишлар менинг зиммамда эди. Дадамнинг катта байир оти бўларди. Уни қирга олиб бориш, суғориш менинг вазифам эди. Опаларим ҳайиқарди, мен эса ўғил болаларга бўш келмай отни чоптирардим, дейди хонанда Ҳосила Раҳимова.
“Урушқоқ қиз бўлганман”
Ҳозирги кунда ижодкор пиарлардан, уруш-жанжаллардан холи бўлишни афзал кўради. Аммо у болалигида урушқоқ бўлгани ва қизлар билан тил топишолмаганини кулиб эслайди.

— Инсоннинг феъл-атвори ўзгарар экан. Болаликдаги феълимнинг айрим жиҳатлари сақланиб қолган, аммо урушқоқлигим йўқолган. Лапашанг болаларни ёмон кўрардим. Ўғил бола дегани шахдам бўлиши керак, деб маҳалла болаларига ҳам кун бермасдим. Денов туманидаги 15-мактаб маҳалламиздан бир оз нарида эди. Бирор марта папкамни ўзим кўтариб келганимни эслолмайман. Ўғил болаларга папкамни кўтартириб, ўзим яйраб уйга қайтардим, дейди хонанда.
“Дадамдан ҳамиша миннатдормиз”
Ҳосила Раҳимова болаликдан санъатга қизиққан, бунга қайсидир маънода отаси ҳам сабабчи бўлган. Чунки отаси раҳматли Деновнинг энг обрўли инсонларидан бири бўлган. Республиканинг қайси ҳудудидан бўлмасин санъаткорлар Сурхондарёга гастролга боришса албатта, Иброҳим ҳожи уларни уйига таклиф қилар ва қуюқ дастурхон ёзарди.

— Жуда кўп санъаткорлар ота уйимизда меҳмон бўлишган. Дадам раҳматли ҳақиқатан ҳам санъацевар инсон эди. Шу боис санъатга бўлган қизиқишимни сўндирмаган. Мактабда ўқиш билан бирга Денов туманидаги Юнус Ражабий номли мусиқа мактабида ҳам ўқишимга рухсат берган. У ерда рубоб чалишни ўрганганман. Дадам бир гапни кўп қайтарарди, касб-ҳунар ва турмуш ўртоқ инсоннинг бир умрлик ҳамроҳи бўлади. Уни танлашда адашмаслик керак, дерди. Шу боис бирорта фарзандига мажбуран касб танлатмаган.

Эътибор опам жисмоний тарбия институтида ўқишини айтганида ўзи имтиҳонларга олиб келганди. Агар унинг ўрнида бошқа ота бўлса, қиз болага жисмоний тарбияда нима бор, деб шаштини сўндирган бўларди. Опам Тошкентга ўқишга кирган йили пойтахт марказидан квартира сотиб олган. Ҳаммамиз кам-кўстсиз ва қийинчиликсиз улғайганмиз. Бунинг учун дадамдан ҳамиша миннатдормиз, дейди хонанда.
“Икки фарзандли бўлгач, институтда ўқиганман”
Ҳосила Раҳимова тенгдошларига нисбатан анча кеч санъат олийгоҳида таҳсил олган. Бунинг сабаби отаси унга жиддий шарт қўйган.

— Дадам раҳматли санъаткор бўлишимга қарши бўлмаган. Аммо ундан аввал турмушга чиқиб, фарзандли бўлишимни истаган. Дада, турмушга чиққанимдан кейин институтда ўқитишмайди, деганимда куёвни ўзим кўндираман, деб ваъда берганди. Тўйга розилик берганда қизим пойтахтда ўқишни истайди, агар унинг ижодига қарши бўлмасанг, тўйга розиман, деган. Шундан сўнг турмушга чиққанман ва кетма-кет икки қиз фарзандли бўлганман. Шундан кейин ота-онам ва қайнонамнинг розилиги билан Тошкентга кўчиб келганмиз, дейди Ҳосила Раҳимова.
“Мен қачон машур бўламан”
Хонанда узоқ вақт келинлик вазифалари билан банд бўлгани ва ҳар гал телевизорда машҳур санъаткорларнинг чиқишларини кўрганида йиғлагани ҳақида гапирди.

— Катта келин бўлганман. У пайтда турмуш ўртоғимнинг ука-сингиллари анча кичик ёшда эди. Саккиз йил қайнота ва қайнонам билан яшадим. Сигир соғардим, эрта тонгда барча қишлоқ аёллари сингари нон ёпардим. Ўша пайтлари Ойпопук Эшонхонова, Дилфуза Раҳимова ва Умида Мирҳамидоваларнинг қўшиқларини тез-тез телевизорда беришарди. Уларга қараб туриб, қачон мен ҳам машҳурликка эришаман, ёки бу менга армон бўлиб қолармикан, деб йиғлардим, дейди хонанда.
“Қизларимни соғиниб, кўзимга уйқу илинмасди”
У 1998 йили собиқ Тошкент давлат маданият институтининг Халқ мусиқаси бўлимига ўқишга кирган. Аммо икки нафар ёш бола билан ўқиш осон кечмаган.

— Қизларим кетма-кет туғилгани учун худди эгизакларни катта қилгандек бўлганман. Бири йиғласа, иккинчиси ҳам шерик бўларди. Кечаси билан инжиқланади, эрталаб эса ўқишга боришим керак эди. Асаббузарликдан қийналиб кетганимда онам Тошкентга келиб, қизларни ўзимга бер, бунақада ишингда унум бўлмайди, деган. Ана шундан кейин ишим анча осонлашиб, талабалик гаштини ҳис қилганман. Аммо қизларимни шунчалик соғинардимки, тасвирлаб беролмайман. Уларни соғиниб, кўзимга уйқу илинмасди, дейди хонанда.
Пластик операциялар…

Хонанда икки марта пластик жарроҳларга мурожаат қилганини яширмайди. 2012 йил Туркияда брефопластика амалиётини бошдан кечирган. Хонанданинг эски расмларини кўриб, кўз қовоқларидан воз кечганини пайқаш қийин эмас. Ундан кейин хонанда ўзбек шифокорлари ёрдамида туғруқдан қолган чандиқлардан воз кечгани ҳақида ва қорин деворини олдиргани ҳақида айтиб ўтган. Хонанда озиш учун ҳеч қандай операция қилдирмагани, кўп вазн ташлаганининг сири фақатгина диета ва спорт билан боғлиқ экани ҳақида айтганди.
Олти набиранинг бувисига ўхшамайдиган Ҳосила

Кейинги вақтларда Ҳосила Раҳимованинг ташқи кўриниши анча ўзгарган. Қоматидаги жиддий ўзгариш унга янада гўзаллик бахш этган. Аввалги клипларида от чоптириб, кураш тушган хонандадан асар ҳам йўқ. Ҳозирги Ҳосила Раҳимова гўзал ва нозиктабиат аёлга айланган.
Хонанданинг икки қиз ва бир ўғли бор. У қизларини турмушга берган ва олти нафар набиранинг бувиси ҳисобланади. Катта куёви хонанда Баҳриддин Зуҳриддинов бўлади.
Изоҳ (0)