Кинодаги қизиқарли ишоралар ва яширин тафсилотлар узоқ йиллар давомида муҳокама қилинади. Агар диққат билан кузатсак, баъзида сюжетни олдиндан айтиб бериш учун ишоралар етарли эканини кўрамиз.
“Лаънатланганлар ороли”
Тедди Дэниэлс ўзи ва шериги Чакни йўқолган беморни топиш вазифаси юклатилган икки федерал маршал деб ўйлайди. Фильм сюжети эса доктор Коули томонидан Теддининг хаёлий тасаввурларидан халос этиш ва ўзининг аслида кимлигини англашига ёрдам бериш учун ташкил этилган мураккаб ролли ўйин эканлигини кўрсатади. Ҳақиқатни англаш қаҳрамон учун юракни эзувчи лаҳза бўлса-да, эътиборли томошабинлар бундай бурилишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлган.
Фильм бошиданоқ кейинги воқеаларни тахмин қилиш мумкин. Кемада кетаётган Тедди ўзини ёмон ҳис қилади ва буни денгиз касаллигига йўяди. Бироқ бу ҳолат у шифохонада бемор сифатида қабул қилаётган дори-дармонлардан воз кечиши оқибатидир. Кемада бир неча сонияга кўринадиган занжирлар ҳам бунга ишора қилади — қаҳрамонни хавфсизлик мақсадида шу занжирлар билан боғлашган.
“Нарния йилномалари: Шер, Жодугар ва сеҳрли жавон”
Фильмда болалар жаноб Бобр билан учрашганда Эдмунд ака-укаларининг ёнида эмас, балки уларнинг орқасида туради. Унинг пўстини ёвуз бош қаҳрамоннинг либосига жуда ўхшаш бўлиб, бу эса унинг келажакдаги хоинлигига ишора қилади.
“Олтинчи туйғу”
“Олтинчи туйғу” фильми кино тарихидаги энг машҳур якунлардан бирига эга. Твистнинг моҳияти шундаки, Малколм Кроу бутун фильм давомида ўлик бўлган. Уни кўра ва эшита оладиган ягона инсон — вафот этганларнинг руҳларини кўра оладиган Коул исмли бола. Фильм охиригача Малколм ўлганини билмайди.
Бироқ буни англаш учун кўплаб ишоралар мавжуд. Мисол учун, Малколм доимо бир хил кийимда юради ва костюмини ҳеч қачон алмаштирмайди. У хотини Анна билан мулоқот қилмайди. Тўйларининг юбилейи сабаб кечки овқатда учрашганда, у учун дастурхон ёзилмаган. Бу деярли тўғридан тўғри Аннанинг аслида ёлғиз овқатланаётганини кўрсатади.
Фильм давомида қизил ранг кўпинча арвоҳ ёки руҳнинг мавжудлигини англатади. Бу ранг кучли ҳиссий лаҳзаларнинг даракчиси сифатида қўлланади. Болани жавонга қулфлашдан олдин қизил ҳаво шари пайдо бўлади. Коул ғазабланган арвоҳлардан яширинганида қизил чодир кўринади. Онаси ҳақиқатни билганида қизил палто кийиб олганди. Малколм эса ўзи ҳақидаги ҳақиқатни англаганида қизил эшик тутқичига дуч келади.
“Кўринмас меҳмон”
Бош қаҳрамон тоғдаги меҳмонхонада севгилисининг жасади билан полиция томонидан қамоққа олинади. Унинг адвокати гувоҳларни тайёрлаш бўйича тажрибали ҳуқуқшунос Виржиния Гудманни ёрдамга чақиради. Вазиятни ўрганиш жараёнида қаҳрамон ва унинг севгилиси Даниэль Гарридо автоҳалокатга учрашгани маълум бўлади. Томошабин фильмга шунчалик берилиб кетадики, энг муҳим нарсани сезмайди: йигитнинг онаси ва ҳуқуқшунос Виржиния аслида бир одам. Бироқ кўпчилик буни қаҳрамон сингари фақат охирги дақиқаларда тушунади.
“Биз”
Гап шундаки, Аделаида аслида ҳақиқий Аделаидага ҳужум қилиб, болалигида у билан ўрин алмашган унинг қиёфадошидир. Бунга ишора қилувчи далиллардан бири шуки: ёш қаҳрамон кулги хонасида ўз қиёфадоши билан учрашгандан сўнг тилдан қолади. Терапевт буни жароҳатдан кейинги стресс деб ҳисоблайди, томошабинлар ҳам бунга ишонади, чунки ўзининг айнан қиёфадоши билан учрашиш жуда катта руҳий жароҳат ҳисобланади. Бироқ фильм давомида маълум бўлишича, Боғланганларнинг ҳеч бири гапира олмайди. Аделаида ҳатто фильм бошида нутқида муаммо борлигини айтади, бу эса дўсти билан суҳбатлашмаслик учун баҳона бўлиб кўринади.
“Қичқириқ”
Фильмдаги асосий жумбоқ ниқобли жиноятчининг шахсияти ҳисобланади. Муайян воқеалардан сўнг қаҳрамонлардан бири кўзгуга қараётган саҳнани кўрамиз. Бу оддий ҳолат бўлиб туюлса-да, аслида, у жиноятчи эканлигига ишора қилади. Чунки у бир кун олдин кечқурун қурбони унинг пешонасига урганидан кейин, жароҳатини кўриш учун кўзгуга қараган.
Изоҳ (0)