Ўзбекистон матбуот эркинлиги индексида дунёнинг 180 та давлати ичида 148-ўринни эгаллади. Республика 2024 йилги рейтингда ҳам шундай ўринни қайд этганди.
Рейтинг ҳар йили “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида эълон қилинади. Илк бор халқаро оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳолати “оғир” деб таснифланмоқда. Бу аввал эълон қилинган “муаммоли” мақомга нисбатан пасайишдир.
Рейтингда миллий матбуот эркинлиги бешта кўрсаткичга кўра баҳоланади. Ҳар бир мамлакатдаги иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-маданий контекстлар, шунингдек, уларнинг хавфсизлик ҳолати инобатга олинади.
2025 йилда ушбу кўрсаткичлар (жами 100 баллдан) 180 та давлатда ўртача 54,7 баллни қайд этган. Халқаро ўртача иқтисодий кўрсаткич 44,1 баллни ташкил этган. Бу ҳам рекорд даражадаги энг паст кўрсаткич бўлиб, ўтган йилги 46,4 балл эди.
Марказий Осиё давлатларида сўз эркинлиги
- Қозоғистон — 141-ўрин (142-ўрин эди)
- Қирғизистон — 144-ўрин (120-ўрин эди)
- Ўзбекистон — 148-ўрин (ўзгаришсиз қолди)
- Тожикистон — 153-ўрин (155-ўрин эди)
- Туркманистон — 174-ўрин (175-ўрин эди)
“Чегара билмас мухбирлар” таъкидлашича, Европада матбуот эркинлиги борасида “борган сари кўпроқ бўлиниш” кузатилмоқда. Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси эса “бутун дунё бўйича энг кескин пасайишни” бошдан кечирмоқда.
Европа Иттифоқи ва Болқон минтақалари глобал миқёсда энг юқори рейтингни сақлаб қолаётган бўлса-да, ушбу гуруҳга кирувчи 40 мамлакатнинг 28 тасида иқтисодий вазият ўтган йилга нисбатан ёмонлашган.
Дунё бўйлаб 180 та давлатдан 112 тасида матбуот эркинлиги индекси пасайган. Қўшма Штатлар икки поғона пастлаб, 57-ўринни эгаллаган. Исроил 11 поғонага тушиб, 112-ўринни қайд этган. Россия 9 поғонага пасайиб, 171-ўринни қайд этган. Украинада 1 поғона пасайиш, 61-ўрин, Хитойда эса 6 поғона пасайиш, 178-ўрин берилган.
Изоҳ (0)