Бугун, 12 февраль куни Комил Алламжоновга суиқасд бўйича 10 кишига нисбатан суд ҳукми эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Комил Алламжоновга суиқасд ташкилотчилигида айбланган Жавлон Юнусовга 18 йил-у 6 ой, Шуҳрат Расулов, Шоҳрух Аҳмедов ва Исмоил Жаҳонгировга 23 йил, Дониёр Тошхўжаевга эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Қолган 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Комил Алламжонов Telegram саҳифасида пост қолдириб, ҳақиқат ҳеч қачон синмаслиги, барибир юзага чиқишини айтиб ўтди.
“Катта ойим раҳматлик ҳар доим дуо қилганларида ўт балосидан, сув балосидан, қуруқ туҳматдан Аллоҳнинг ўзи асрасин, дердилар. Ўтган 5 ой ичида ўзимдан ўтгани фақат ўзимга, оиламга, энг яқинларимга аён. Ҳақиқат эгилганда эгилиб, букилгандаям икки букилиб барибир синмади, у барибир юзага чиқди. Юзага чиқади ҳам.
Аллоҳга минг шукур. Бандасидан қочганлар Яратгандан қочолмайди. Ҳали олдинда қиладиган ишлар, яна кўп синовли кунлар бор. Илоҳим буларнинг ҳаммасидан ёруғ юз билан ўтиш насиб қилсин!
Аллоҳ ҳаммамизнинг омадимизни берсин!”, деб ёзди Комил Алламжонов.
Комил Алламжонов 2017 йил декабрида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати раҳбари бўлган, 2018 йил ноябрида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига раҳбар бўлган (2019 йил февралидан бу ташкилот Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сифатида қайта ташкил этилганди).
У 2020 йил январь ойида Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси сифатида иш бошлаган, 2022 йил июлида президент администрацияси раҳбарига ўринбосар бўлганди.
2023 йил августидан 2024 йилнинг 30 сентябрь кунига қадар Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари бўлган.
Унинг раҳбарлиги пайтида юртимизда сўз эркинлигини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича президент белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда катта натижаларга эришилганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Комил Алламжонов ўз чиқишлари чоғида матбуот эркин бўлиши кераклиги, сўз эркинлиги барчанинг ҳуқуқи эканини кўп бор таъкидлаган.
"Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи. Матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим. Демак, ортга йўл йўқ – бу аниқ. Фақат олдинга. Олдинга – ҳуқуқ, меъёр ва қонун доирасида, олдинга.
Бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофаа, хавфсизлик масала даражасидаги институтдир", – деб айтган Комил Алламжонов журналистлар билан йиғилсишда.
Изоҳ (0)