«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
«Шу муносабат билан президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини ифода этадиган ‘тўртинчи ҳокимиятъга айлантириш борасида қўйилаётган муҳим қадамларнинг натижаларидан бири бўлган ушбу катта муваффақият билан юртимиз журналистикаси, оммавий ахборот воситалари ва медиа соҳаси вакилларини табриклайман», — деб ёзади у.
Ушбу рейтингда дастлабки учликни Норвегия, Дания ва Швеция эгаллаган. Россия эса 155-ўринга тушиб кетган. Рейтингдаги охирги 180-ўринда Шимолий Корея, 179-ўринда Эритрея жойлашган.
Марказий Осиё давлатлари ичида энг юқори кўрсаткични Қирғизистон қайд этган — 64,25 балл билан 72-ўрин. Ундан кейинги поғоналарда Қозоғистон — 122-ўрин, Тожикистон — 152-ўрин, Афғонистон — 156-ўрин, Туркманистон — 177-ўринда жойлашган.
«Чегара билмас мухбирлар» йиллик ҳисоботи 2002 йилдан буён чоп этиб келинади. Ушбу ҳисоботда 180 мамлакатдаги матбуотнинг ҳолатига баҳо берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилги рейтингда Ўзбекистон 169-ўринни, 2018 йилда эса тўрт поғона юқорилаб 165-ўринни эгаллаган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда мазкур рейтингда 2019 йили — 160-ўринни, 2020 йил эса 156-ўринни банд этганди.
Изоҳ (0)