БМТнинг Нью Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрелни Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларидан 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлик қилган.
Резолюция Ўзбекистон президентининг зилзила қурбонларига ҳурмат кўрсатиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик зарурлигини эслатиш мақсадида хотира ва бирдамлик кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусига асосланган.
2023 йил 16 март куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон етакчиси томонидан фавқулодда вазиятлар бўйича ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилганди.
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни илк бор 2026 йил 29 апрель куни нишонланади. Бу сана 1966 йилда Тошкент шаҳрида содир бўлган вайронкор зилзиланинг 60 йиллиги муносабати билан белгиланди.
Резолюция БМТга аъзо давлатлар, БМТ тизимидаги муассасалар ва бошқа халқаро ташкилотларни Халқаро кунни нишонлашга, хусусан, аҳолини хабардорлигини ошириш, фавқулодда вазиятларга чидамлилик ва тайёргарликни кучайтиришга қаратилган ахборот-тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали кўмаклашишга чақиради.
Изоҳ (0)