Самарқандда 24 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ва туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув аввалида Туркманистон етакчиси давлат раҳбарига Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.


Кўп қиррали ҳамкорлик барча йўналишларда, шу жумладан сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожланиб бораётгани қайд этилди. Барча даражаларда самарали мулоқот олиб борилмоқда.
Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Пойтахтларда савдо уйлари ташкил этилиб, юк ташиш ҳажми ошмоқда. Яқин йилларда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли кооперация ривожланмоқда. Биргаликда Шовот—Тошовуз чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда.
2025 йилда Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ҳамда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шерикликка доир масалалар, шу жумладан “Марказий Осиё плюс” форматидаги бўлажак саммитлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашди.


Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида 2025 йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон президенти туркман халқининг миллий етакчисига унинг қаламига мансуб “Тафаккур гавҳари” китобининг ўзбек тилидаги нашрининг нусхасини топширди.
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов учрашувидан лавҳалар




-GPLbC43e.avif)
Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга ташриф билан 23 апрель куни келганди. Тантанали равишда икки мамлакат байроқлари билан безатилган Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон президенти кутиб олди.
Шу куни улар Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатди. Қабрга гуллар қўйилди. Қуръон тиловат қилинди. Сўнг улар “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистоннинг бой маданий меросини акс эттирувчи кўргазмалар, ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналари билан танишди. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастур намойиш этилди.
Изоҳ (0)