Туркия Россия ва Украина ўртасидаги ярашув муддати ва кўламини кенгайтиришга умид қилмоқда. Вақтинчалик сулҳ узоқ муддатли тинчликка йўл очиши мумкин. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Италияга ташрифи чоғида журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтган.

Туркия раҳбари Анқара уруш бошиданоқ Россия ва Украина ўртасида адолатли ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишини ёқлаб келганини эслатди.
“Биз ҳеч қачон узоқ муддатли тинчликдан умидимизни узмадик. Ҳатто энг шиддатли жанглар пайтида ҳам Анқара томонларни бир стол атрофига тўплаб, тинч мулоқотни қайта бошлашни таклиф этди”, деди Эрдўғон.
Шу билан бирга, у бундай даврларда вазият энг заиф ва “фитналар ҳамда аралашувларга очиқ” бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Жараённинг “заҳарланишига” йўл қўймаслик муҳим. Россия ҳам, Украина ҳам тинчликка самимий ёндашиши керак. Уруш ниҳоят тугаши лозим, бу нафақат мамлакатларнинг ўзлари, балки глобал хавфсизлик тузилмаси учун ҳам жуда муҳим, деди сиёсатчи.
Эрдўғоннинг таъкидлашича, урушдан Россия ва Украинанинг ўзи энг кўп зарар кўрган.
“Адолатли сулҳ тузишда мағлуб томонлар бўлмайди. Узоқ муддатли тинчлик истиқболининг муваффақияти учун томонлар ишонч муҳитини шакллантириш бўйича ўзаро қадамлар ташлаши керак, деб ўйлайман. Туркия бу масалада қўлидан келганча ҳисса қўшишда давом этади”, деган президент.
Шунингдек, сиёсатчи Кипрдаги вазиятга изоҳ бериб, Анқара Шимолий Кипрни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаган.
“Кипр муаммоси фақат оролда икки суверен давлатни тан олиш орқали ҳал этилиши мумкин. Анқара Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқчи. Ўйлайманки, туркий дунё СКТРдаги биродарларимиз ёнида туришда давом этади”, деди Ражаб Тойиб Эрдўғон.
Учрашув давомида Туркия раҳбари Суриядаги вазиятга ҳам тўхталиб, қўшни давлат учун асосий таҳдид террорчилик ташкилотлари бўлиб қолаётганини айтган. Шу билан бирга, у Сурияни федератив тузилмага айлантириш ғоясини “хомхаёлдан бошқа нарса эмас” деб баҳолаган.
Изоҳ (0)