Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Туркиядаги вайронкор зилзила оқибатларини бартараф этиш ва беш миллиондан ортиқ аҳолига ёрдам кўрсатиш учун уч ой ичида бир миллиард доллар йиғиш кераклиги ҳақида мурожаат билан чиқди. Мурожаат ташкилот сайтида эълон қилинди.
Унда аниқлик киритилишича, йиғилган пуллар ёрдам ташкилотларига уй-жой, озиқ-овқат хавфсизлиги ва таълим бўйича ҳукумат чораларини қўллаб-қувватлаш учун ўз фаолиятини қисқа фурсатда кучайтиришга имкон беради.
“Туркия халқи сўз билан ифодалаб бўлмайдиган юрак оғриғини бошдан кечирди. Мен ўзларининг шок кечинмалари ва вайронагарчиликлар ҳақида айтиб берган оилаларни тингладим. Биз уларни қийин пайтларда қўллаб-қувватлашимиз ва зарур ёрдамни кўрсатишимиз керак”, — деди БМТ бош котибнинг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффиц. У ўтган ҳафта Туркияга ташриф буюрганди.
Туркия ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатдаги 9 миллиондан ортиқ одам табиий офатдан бевосита жабр кўрган. Ҳалок бўлганлар сони 38 минг кишидан ошди ва бу кўрсаткич кундан-кунга ортиб бормоқда.
6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 7,8 ва 7,6 магнитудали зилзилалар тўққиз соатлик интервал билан содир бўлди. Зилзила кучи қўшни давлатлар, жумладан Сурияда ҳам сезилди.
Изоҳ (0)