Ҳаж ва умра зиёратларига юбориш билан алдаб маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ўтказилган тезкор тадбирларда фирибгарлик йўли билан талаб қилинган пулларни олаётган гумонланувчилар ушланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Андижон вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 1986 йилда туғилган шахс қўлга олинди. У тур фирма орқали 2025 йилги ҳаж зиёратига фуқароларни юбориш бўйича, ҳар бир зиёратчи учун 5 минг доллардан нарх белгилаган.
Унга мурожаат қилган мижознинг 3 нафар қариндошларини ҳажга юбориш учун жами 15 минг доллар қилиб беришини айтиб, келишилган пуллардан жами 6 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган аёл аризачи ва унинг 2 нафар танишларини ҳаж ва умра зиёратига олиб бориш эвазига ҳар бир фуқаро учун 4850 доллардан талаб қилган.
У Сергели туманида кимёвий ишлов берилган 14 550 долларни олган вақтида ушланган.
Ички ишлар вазири номига ариза билан мурожаат қилган фуқаро Яккасарой туманида фаолият юритувчи тур фирма директори умра зиёратига юборган фуқароларнинг Мадинадаги меҳмонхонага тўлаши учун 850 долларни унга тўлатишга эришиб, шу кунга қадар пулларни қайтармаганлигини маълум қилган.
Бундан ташқари, худди шу МЧЖ директори умрага бориш учун 70 нафар фуқароларнинг умумий қиймати 42 минг 625 долларига тенг бўлган авиачипталарни олиб кетиб, пулларини шу кунга қадар бермасдан келган.
Ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари (фирибгарлик жуда кўп миқдорда; ўта хавфли рецидивист томонидан) билан жиноят иши қўзғатилиб, айни вақтда мазкур МЧЖдан зарар кўрган фуқароларнинг сони 101 нафар эканлиги аниқланган.
Жамият директори қамоққа олиниб айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Апрель ойининг ўрталарида Тошкентда тўрт кишини ҳажга жўнатиш учун 23,6 минг доллар олган шахс ушланганди. Шунингдек, пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда сохта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйилганди.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябргача “Ҳаж ва умра ягона портали” ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқилади. Бу орқали фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсад қилинган.
Изоҳ (0)