Канада Мудофаа вазирлиги ҳарбий ва фуқаролик ходимларига ёввойи ғозларни боқиш ёки уларга тегинишни тақиқлади. Бу ҳақда Ottawa Citizen хабар берди.

Ҳарбийларга ғозларни кўрганда қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича махсус йўриқнома юборилган. Шундай йўриқномалардан бири Канада Миллий мудофаа вазирлигининг Оттавадаги Карлинг авеню штабида тарқатилган.
Таъкидланишича, Карлинг кампуси Оттаванинг яшил ҳудудлари билан ўралган бўлиб, у ерда ғозлар анъанавий равишда уя қуради. Март ойидан май ойигача уларнинг хатти-ҳаракатлари, айниқса, ин яқинида жуда тажовузкор бўлади. Баъзан улар гултувакларда, ҳатто биноларнинг томларида ҳам уя қуриши мумкин.
Агар ғоз тажовузкорлик кўрсаца, ходимларга хотиржамликни сақлаш, ваҳимага тушмаслик, қушдан кўз узмасдан аста-секин чекиниш ва иложи борича қўлларни кўтариб, каттароқ кўриниш тавсия этилади. Агар ғоз овоз чиқара бошласа ёки ҳужум қилса, унга орқа ўгирмасдан, аста-секин узоқлашишда давом этиш керак, дейилади Канада Мудофаа вазирлиги йўриқномасида.
Штаб ҳудудидаги ғозларнинг аниқ сони номаълум. Уларнинг сони кузатилмайди. Гарчи тажовузкор ғозлар билан тўқнашувларнинг аксарияти жиддий оқибатларсиз якунланса-да, баъзан жароҳатлар ҳам учрайди. Кўпинча одамлар қочишга уриниб, қоқилиб йиқилиб тушади.
Йўриқномада, шунингдек, Канада ғозлари қўриқланадиган тур экани ва уларни уя қуриш пайтида бошқа жойга кўчириш тақиқланиши қайд этилган.
Изоҳ (0)